Спорт | 17:40 / 14.11.2017
13597
7 дақиқада ўқилади

Сараланмаган чемпионлар

Деярли ҳар турнир олдидан фаворитлар ҳақида турли фикрлар янграйди, таҳлил қилинади. Мана шундай доимий фаворитлар сирасига кирадиган бир қатор жамоаларнинг ҳаммани ҳайрон қолдириб, саралашдаёқ қоқилганини кўп кузатганмиз. Бундай воқеалар бутун дунёнинг назарига тушиб, катта воқеликни ўзида акс эттирса-да, аслида тескариси, биз янада каттароқ воқеликдан қуруқ қолганимизни ҳам ифодалайди – бу жамоаларнинг мундиалдаги иштирокидан...

Келинг, тарихга сафар қилиб, мана шундай омадсиз жамоалар ҳақида эслаб ўтамиз. Яқинроқ тарих олинганининг ҳам сабаби бор, чунки ундан олдинроқ финал босқичидаги терма жамоалар сони анча кам бўларди. Иккинчидан, эски даврлардаги етакчи терма жамоалар бутунлай бошқача бўлган. Ўтган аср ўрталарида етакчи бўлган Венгрия, Югославия, Чехословакия, Собиқ Иттифоқ, Польша каби терма жамоалар ҳозир у қадар кучли эмас, ёки бўлиниб кетган. Шунинг учун айнан топ терма жамоалар барқарор бўлиб келган давр ҳақида фикр юритдик. 

ЖЧ-90 ФРАНЦИЯ

80-йилларда дунёнинг энг яхши терма жамоаларидан бири бўлган французларнинг Италия мундиалидан четда қолишлари кўпчиликни ҳайрон қолдирмаган бўлиши мумкин, чунки Франция Евро-88 саралашида ҳам муваффақиятсизликка учраганди. Европа чемпионининг кейинги Евро финал босқичига бора олмаслиги тарихда илк бор кузатилганди ўшанда. 

Аммо раҳбарият бу муваффақиятсизликка ўз вақтида реакция бермади, натижада Анри Мишель бошчилигидаги терма жамоа ЖЧ-90 саралаш ўйинларини ҳам ёмон бошлади. Ана шундагина жамоага янги бош мураббий Мишель Платини олиб келинган бўлса-да, собиқ футбол юлдузи Францияни қутқариб қола олмади. 

ЖЧ-94. АНГЛИЯ

Италиядаги мундиалда ярим финалгача борган ва бўлажак чемпионлардан фақат пенальтилар сериясидагина мағлубиятга учраган инглизлардан АҚШда кўп нарса кутишгани табиий. 

Аммо Грэм Тайлор бошқарган Англия терма жамоаси Норвегия, Нидерландия, Польша ва Туркия каби терма жамоалар ҳам жойлашган гуруҳда 3-ўринни эгаллади холос. Польша ва Туркиянинг у пайтларда у қадар кучли бўлмаганини эътиборга олсак, асосий кураш голландлар ва инглизлар ўртасида кечиши тахмин қилинганди. Аммо кутилмаганда Норвегия терма жамоаси жуда кучли ўйинлар кўрсатди ва Англиядан ҳам, Нидерландиядан ҳам мағлубиятга учрамай, гуруҳни ягона пешқадам сифатида якунлади. 

Англия эса, ҳал қилувчи баҳсда Куман ва Бергкампнинг голлари туфайли Нидерландияга 0:2 ҳисобида ютқазганди.

Икки йилдан кейин ўз майдонларида Европа чемпионатини қабул қиладиган инглизлар учун бу жуда оғир зарба бўлган эди.   

ЖЧ-94 ФРАНЦИЯ

Евро-92 даги омадсизликдан кейин Мишель Платини ўз ўрнини ёрдамчиси Жерар Ульега бўшатиб беради. Янги мураббийга терма жамоани АҚШда 1994 йилда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилади. 

Бир қараганда, французлар йўлланмага жуда яқин келгандилар – сўнгги икки тур олдидан Исроил ва Болгария терма жамоалари билан ўз майдонида ўйнаб, бу ўйинлардан атиги 1 очко олсалар кифоя эди. Аммо аввалига Исроилдан 2:3, кейин эса, йўлланма учун асосий рақибга айланган Болгариядан 1:2 ҳисобидаги мағлубиятлар Франциянинг бутун орзуларини чиппакка чиқаради.

Болгарлар ғалаба голини сўнгги дақиқаларда киритгандилар, яъни Франция мундиалдан бир неча сония масофада қолганди холос. 

ЖЧ-2002. НИДЕРЛАНДИЯ

Эсингизда бўлса, ўша саралаш ўйинларида Нидерландия терма жамоасини алоҳида кузатганмиз. Сабаби, плей-офф ўйинларига чиқа олган Осиё вакили у ерда айнан Европа аъзосига қарши ўйнаши белгилаб қўйилган, сўнгги турларда эса, Нидерландия, Португалия ва Ирландия терма жамоалари иштирок этган гуруҳ вакили осиёликларга рақиб бўлиши маълум бўлиб улгурганди. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳам плей-офф учун курашаётгани боис, голландларнинг Тошкентга келишидан умид ҳам қилганмиз. 

Аммо Ўзбекистон ҳам, Нидерландия ҳам плей-оффга чиқа олмади. Сўнгги турларда Луи ван Гаал жамоаси Ирландияга мағлубиятга учради ва уларни 2-ўринга ўтказиб юборди. 

Ўша давр учун сўнгги Евро ва ЖЧ ярим финалчилари ЖЧ-2002 финал босқичига йўлланмани қўлга кирита олмадилар. Луи ван Гаал ўз вазифасидан озод қилинди.   

ЖЧ-2018 НИДЕРЛАНДИЯ

Сўнгги икки жаҳон чемпионатида Нидерландия жуда муваффақиятли қатнашган ва финал ҳамда ярим финалгача етиб боришга эришган. Аммо бу муваффақиятсизликни у қадар шов-шувга айлантириш ҳам ноўрин, чунки, мундиаллар орасида бўлиб ўтаётган Европа Чемпионатлари голландлардаги пасайишни сездириб турарди. 

Евро-2016 саралаши ундан икки йил олдин Бразилияда қайд этилган натижалар кўпроқ мураббийнинг ютуғи эканини исботлаган бўлса, ЖЧ-2018 саралаши Нидерландия ростанам ўртамиёналардан бирига айланиб қолганини исботлади, гўё. Роббен, Ван Перси, Снайдер каби юлдузларнинг ёши ўтган, янги футболчилар эса, нари борса, Англия Премьер Лигасидаги ўртамиёна клубларни “гуллатаётган эдилар” холос. Аввалига Блинд, кейин вазиятни ўнглаш учун чақирилган Дик Адвокаат ишончни оқлай олмади. 

ЖЧ-2018. ИТАЛИЯ

Бу ҳақида бугун жуда кўп ёзиляпти, ҳали кўп ёзилади ҳам. Италиялик футболчиларнинг бугунги аҳволи ҳақида ҳар қанча айтилмасин, бу жамоа сўнгги 60 йилда мундиалсиз қолмаган, демак, ҳар қанақасига ҳам катта воқеа содир бўлганини тан олиш лозим. 

Вентура ҳам яшириб ўтирмаганидек, италияликлар саралаш гуруҳи бошиданоқ, уларни плей-офф кутиб турганини ҳис қилиб турган экан. Чунки гуруҳда анча кучлироқ Испания терма жамоаси бор эди. Уларни худди аввалги евродагидек алдаб, тактика билан ютиш мумкиндир, аммо узоқ масофали турнирларда бу янада қийин. Бунинг устига терма жамоа бошида Антонио Конте эмас, Вентура турган эди. 

Бутун Италия гуруҳдаги испанлардан учралган мағлубият учун эмас, Швеция дарвозасига 180 минут давомида бирорта ҳам гол урилмагани учун ҳисоб сўрамоқда. Буниси ростан ҳам мураббийнинг, айниқса, таркиб танлашдаги хатолари билан боғлиқ бўлиб чиқди. Оқибатда, биз илгари ҳеч қачон кўрмаган ходисани – Италиясиз жаҳон чемпионатини кўриш “шарафига” ҳам муяссар бўламиз. 

Мавзуга оид