Иқтисодиёт | 15:20 / 15.11.2017
33346
3 дақиқада ўқилади

МБ раиси ўринбосари хорижий валюта жисмоний шахсларга нега нақдсиз кўринишда сотилаётганига изоҳ берди

Фото: Халқаро пресс-клуб

Ўзбекистон бўйлаб эркин валюта конвертация амалиёти жорий қилиниши билан жисмоний шахсларга хорижий валютани пластик карточка орқали нақдсиз кўринишда сотиш йўлга қўйилганди. Хўш, бу амалиётдан кўзланган мақсад нима? Оддий аҳоли қачон нақд кўринишдаги хорижий валютани банклардан сотиб олиши мумкин?

Ўзбекистон Республикаси Марказий банк раиси ўринбосари Ботир Зоҳидовнинг фикрича, авваламбор, валюта либерализациянинг асосий мақсади нима деган саволга тўхталиб ўтишим лозим. Kun.uz мухбирининг шу ҳақдаги саволига у қуйидагича жавоб қайтарди: «Ушбу амалиётнинг асосий мақсади - норасмий бозорда валюта айирбошлаш ҳажми анча ошиб кетганини ҳисобга олиб, буни тан олиб, ушбу бозорда фаолият юритаётган шахс ва ресурсларни расмий бозорга кўчириш. Соддароқ қилиб айтганда, бозорнинг барча иштирокчилари учун тенг шароит ва имконият яратиш, дегани.

Президент ташаббуси билан қабул қилинган валюта либераллашувига оид қарорда ҳам республика ҳудудидаги барча тўловлар ўзбек сўмида амалга оширилиши белгиланганди. Агар мамлакатдан ташқарида фойдаланиш учун хорижий валюта зарур бўлса, мижозларнинг пластик карточкасига нақдсиз кўринишда валюта тушириб берилади. Бу пластик карточкалар хорижда чекловсиз ишлаши белгиланган.

Мантиқан ўйлаб қаралса, Ўзбекистон бўйича барча тўловлар сўм валютасида бўлса, хорижга чиқишда ё зарурият чоғида пластик карточкага валюта тушириб берилса, мамлакат ичида нақд кўринишдаги валютани сотиб олишга қандай зарурият ва қонуний асос бор?

Агар гап жамғармалар ҳақида кетса, уни ҳам нақдсиз кўринишда амалга оширишнинг имконият бор», дейди раис ўринбосари Ботир Зоҳидов.

Марказий банк раиси ўринбосари билдирилган фикр билан «Ўзбекистонда хорижий валюта нақд кўринишда сотиб олиш имконияти» бўлмайди, деган гапдан йироқда эканини айтди.

«Ислоҳотларимизнинг самарали, халққа нафи тегадиган бўлишида барча омилларни таҳлил қилиб, кейинги босқичга чиқишимиз зарур», дейди у.

Марказий банк вакили «нақдсиз валютанинг сотилиши ислоҳотлар бошланишида чайқовчилик босимини, хорижий валютага бўлган талабнинг кескин ошишига қарши қўлланаётган вақтинча чора» эканини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Мавзуга оид