Жаҳон | 08:20 / 15.11.2017
10361
2 дақиқада ўқилади

Зимбабве пойтахтида портлашлар содир бўлди

Фото: Twitter

Зимбабве пойтахти Харареда вазият кескинлашмоқда. Шаҳарда камида учта портлаш содир бўлди, деб хабар бермоқда Associated Press ахборот агентлиги.

Ахборот агентлигининг таъкидлашича, кўчаларда ҳарбий машиналар ва ўткинчи одамларга ҳужум қилаётган қуролланган аскарлар кузатилган. 

Портлашлар сабаби ҳозирча номаълум. Маълум қилинишича, ҳарбийлар миллий телекомпания ZBC бош қароргоҳини босиб олишган.

Аввалроқ Хараре яқинида зирҳли техника ҳаракатланаётгани кузатилгани маълум қилинганди. 

Ўтган ҳафтада мамлакатнинг кўп йиллик раҳбари, 93 ёшли Роберт Мугабе вице-президент Эммерсон Мнангагвани давлат тўнтарувига тайёргарлик кўришда айблаб, истеъфога чиқарганди. Мнангагва армия томонидан қўллаб-қувватланган ва Мугабенинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган асосий даъвогар сифатида қабул қилинган. 

Шундан кейин мамлакат қуролли кучлари бош қўмондони Константино Чивенга Зимбабведа сиёсий беқарорлик авж олишини тўхтатиш мақсадида вазиятга “аралашиш”га ваъда берган.

Зимбабвенинг ҳукмрон партияси Чивенгани сотқинликда айблаб чиққан. Партиянинг фикрича, Чивенганинг охирги баёнотлари яққол “тинчликни издан чиқариш ва исён кўтаришга” қаратилган. 

Мавзуга оид