Ўзбекистон | 14:30 / 16.11.2017
41434
2 дақиқада ўқилади

Нурсултон Назарбоев: Ўзбекистонда катта ўзгаришлар рўй бермоқда

Фото: President.uz/Архив

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг маълум қилишича, Марказий Осиё давлатлари минтақа муваффақиятли ривожланиши учун бирга бўлишлари лозим, деб хабар бермоқда Tengrinews.kz.

"Барчамиз мустақил давлат бўлганимизда, мен Марказий Осиё иқтисодий иттифоқини ташкил этиш таклифи билан чиқдим. У ташкил этилди, қандайдир муддат фаолият кўрсатди, кейин, мустақилликни қўлга киритиб, ҳар бир давлат ўзининг лойиҳасини охиригача етказишни хоҳлади ҳамда ҳамма ўзининг фикри билан иш юритди. Биттаси сиёсат даражасида қолиб кетди, бошқаси янада чуқурлашди, учинчисида протекционизм кўриниш берди, тўртинчисида эса либерал иқтисодиёт бор эди. Ўшанда турли фикрлар бизга имкон бермаганди", - дея айтиб ўтди Нурсултон Назарбоев.

"Ўйлашимча, чорак асрлик вақт ўтгандан сўнг ҳамма шуни англаб етдики, биз, бир тарих, дин, маданиятга эга бўлган давлатлар бирга бўлишимиз, бир-биримизга ёрдам беришимиз ва минтақа хавфсизлигини биргаликда таъминлашимиз лозим. Шу нуқтаи назардан мен Ўзбекистон иқтисодиётида рўй бераётган катта ўзгаришларни кузатиб бормоқдаман. Бу ишнинг атиги бир йили ичида давлатларимиз ўртасида чегаралар очилди. Савдо 30 фоизга ошди, қўшма корхоналар ташкил этилмоқда, кишилар бир-бирининг уйига бормоқда, маданий алоқалар йўлга қўйилмоқда. Мен бундай ишни хурсанд бўлиб кузатмоқдаман ҳамда уни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқдаман. Биз қаерда имкон бўлса, ҳамма жойда ёрдам бермоқдамиз. Тожикистон, Туркманистонда ҳам шу рўй бермоқда", - деган Назарбоев.

Унинг таъкидлашича, Марказий Осиё “бирга бўлишга маҳкум”.

"Қирғизистонда яқинда сайловлар бўлиб ўтди. Мен келажакка катта умид билан қарамоқдаман. Кимгадир қарши эмасман, мен давлатларимиз фаровонлиги, халқларимиз осойишталиги тарафдориман. Мен бунга жуда умид қилмоқдаман", - дея таъкидлаб ўтган Назарбоев.

Мавзуга оид