Фан-техника | 08:31 / 17.11.2017
10222
2 дақиқада ўқилади

OnePlus iPhone X’га рақобатчи бўлган смартфонни тақдим этди

Хитойнинг OnePlus компанияси 5Т смартфонини тақдим этди. У 2017 йилнинг ёзида чиққан OnePlus 5’нинг яхшиланган версиясидир. Аввалги моделдан энг катта фарқ шундан иборатки, дизайн “рамкасиз”, пастки панелда бармоқлар изи учун сканер йўқ, қурилма томонидан юзни таниш тизими пайдо бўлди.

Face Unlock технологияси юзни сканердан ўтказиш учун инфрақизил сенсорларсиз фақат фронтал камерани ишлатади. OnePlus қурилмани “очиш” тезлигига асосий эътиборни қаратган: ишлаб чиқарувчиларнинг сўзларига кўра, тизим 0,2 сония ичида ишлайди. Шу билан бирга, бармоқ датчиги қолган бўлиб, шунчаки орқа панелга ўтказилди.

Фото Engadget

OnePlus 5 билан таққослаганда, янги модель экрани диагонали 5,5 дан 6 дюймга қадар ошди, бироқ корпус ҳажми рамкаларнинг кичрайтирилиши туфайли аввалгидек қолган. Смартфоннинг орқа камераси деярли ўзгармади: фақат тунда яхшиланган съёмка учун иккинчи камера диафрагмаси ўзгартирилди. Фронтал камера ўлчами 16 Мп.га қадар ошди.

Телефоннинг 6 ГБ оператив хотира ва 64 ГБ ички хотирага эга версияси 499 доллар туради. 8 ГБ оператив хотира ҳамда 128 ГБ ички хотиралиси эса – 559 доллар. АҚШда қурилма 21 ноябрдан сотувга чиқади. 

Фото Engadget

 

Мавзуга оид