Спорт | 18:50 / 18.11.2017
17289
6 дақиқада ўқилади

Интервью. Галиулин нега уни терма жамоага чақирмаслиги ва бошқалар ҳақида

Фото: Советский спорт

Россиянинг «Тосно» клуби яримҳимоячиси Вагиз Галиулин Россиянинг «Советский Спорт» нашрига интервью берди.

Ўзбекистон терма жамоасига номзод бўлган футболчи суҳбат давомида Ўзбекистон терма жамоасининг муваффақиятсизлиги, терма жамоага нега чақирилмагани ва бошқалар ҳақида гапириб берди.

«Ўзбекистон ЖЧ-2018га чиқишига ишонгандим»
– Терма жамоалар ўртоқлик учрашувлари учун танаффус бўлди. Сиз 2012 йилдан буён Ўзбекистон терма жамоасига чақирилмайсиз. Яна таклиф қилишлари мумкин деган умидингиз борми?
– Ўзбекистонлик журналистлар ҳамон бу борада менга савол бериб келишади. Мен ҳар доим терма жамоадан таклиф кутганман. Терма жамоада мен учун нохуш ҳолатлар бўлганди ва шу сабабдан мени шунча вақтдан буён чақирмай қўйишганди. Ҳозир ўша одамлар йўқ ва мен чақирувни кутмоқдаман. Кўрамиз қандай бўларкин? Агар терма жамоага мос ҳаракат қилсам – ўйлайманки, мени таклиф қилишади.

– Нохуш ҳолатлар деганда нимани назарда тутдингиз?
–  Бу ҳақида гапира олмайман. Ўша ҳолатни оммага маълум қилишим тўғри эмас, деб ўйлайман.

– Ҳозир сизни таклиф қилишларига ҳеч қандай тўсиқ йўқми?
– Ҳа, аммо терма жамоа жаҳон чемпионатига чиқа олмагани учун у ерда барчаси ўзгарди. Янги одамлар келишди, уларнинг олдига янги вазифалар қўйилади. Ҳозир вақтинчалик мураббий тайинлашган, кейин янгисини тайинлашади. Ҳозирча терма жамоа олдига қандай вазифа қўйилгани аниқ эмас. Натижаларни кузатамиз ва кутамиз.

– Терма жамоангизни кузатиб бориш сиз учун қизиқми?
– Албатта. Мен барча ўйинларни кўриб бораман, у ерда дўстларим тўп суришади. Жаҳон чемпионатига чиқиш учун шундай имкониятни бой берганимиз жуда аламли бўлди. Битта гол етишмади.

– Қайсидир вақтда терма жамоангизнинг Россиядаги мундиалга йўл олишига ишонганмидингиз?
– Ҳа, 90 фоизга ишончим комил эди. Хитойга кутилмаганда 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйишди ва бу турнир жадвалидаги ҳолатни бутунлай ўзгартириб юборди. Уйда Жанубий Кореяни ҳеч бўлмаса 1:0 ҳисобида ютиш керак эди. Биламан, Ўзбекистон хитойликлардан анча кучли, аммо улар кўп вазиятлардан фойдалана олишмади ва якунда гол ўтказиб юборилди. Жанубий кореяликлар бизга нисбатан кучлироқ, аммо уларни ютишимиз шарт бўлиб қолганди, ўйинда дуранг қайд этилди ва биз мундиалдан қуруқ қолдик.

«Аҳмедов футболни ёпиш кераклигини ҳиссиётга берилиб кетганида айтганди»
– Ўзбекистон ЖЧ-2006 ва ЖЧ-2014 сарлашларида минтақавий плей-оффда ютқазиб, йўлланмадан қуруқ қолган. Биринчисида меҳмонда киритилган гол, иккинчисида пенальтилар сериясида. ЖЧ йўлланмасини қўлга киритиш учун фақат омад етишмай қолганми?
– Қўшиламан. Бу мана неча йилдирки давом этиб келмоқда! Ҳамма гапириб келадики, Ўзбекистон ЖЧга чиқиши керак, энди бунга тўсиқ бўладиган сабаб йўқ деб, аммо якунда нимадир содир бўлади. Ҳаттоки бир сафар мен йигитларга ва терма жамоа маъмурларига ЖЧга чиқққанимиз билан табриклаш мумкинлигини айтгандим ҳам. Аммо улар жавоб беришганди: «Йўқ, Вагиз, яхши биласан, терма жамоа билан якунда ҳамма нарса содир бўлиши мумкин». Шундай бўлди ҳам. Нима учун шундай билмадим, бу жумбоқ бўлиб қолмоқда. Ҳозир бутун ўзбек футболи ўзгармоқда. Ўйлашимча, бу яхши томонга бўлмоқда. Миллий чемпионатда жамоалар сони қисқартирилди ва энди у қизиқ ўтиши керак. Кўрамиз, келгусида қандай бўларкин.

– Одил Аҳмедовнинг Кореяга қарши ўйинга қадар: «Ёки ютамиз, ёки Ўзбекистонда футболни бутунлай ёпиш керак», деган гапларини эшитганмисиз?
– Ҳа. Аммо ўйлашимча, Одил бу гапларни ҳиссиётга берилган вақтда айтиб юборганди. Кейин у Ўзбекистон телевидениесига катта интервью берди ва бу сўзлари учун узр сўради ҳам. Ўзбекистон ростан ҳам яхши ўйнаганди. Хитойни ютганида, Корея билан дуранг ўйнаш ёки ҳаттоки кичикроқ ҳисобда ютқазиш ҳам мундиалга бориш учун кифоя қиларди.

– Терма жамоани ёрқин келажак кутмоқдами? Улар Қатарда бўлиб ўтадиган ЖЧга чиқа оладими?
– 2022 йилгача вазият қандай бўлади, билмадим. Ҳозирги терма жамоа футболчилари яхши, пик формада эди: 1985-1987 йилларда туғилган йигитлар жамланганди. Уларнинг барчаси тажрибали ва идеал ёшда - 28, 30. Ҳозир бутун бир авлод алмашмоқда. Янги мураббий ва федерация терма жамоа олдига қандай вазифа қўяди, ҳозир бир нарса дейиш қийин. Балки ёшларга йўл очиб, ЖЧ-2026 мақсад қилинар? Ҳозирча буларнинг барчаси номаълум бўлиб турибди.

– Терма жамоа мураббийлари сизни кузатиб боришига ишонасизми?
– Ҳозирча Ўзбекистонда янги мураббийни кутишмоқда, афтидан у хорижлик бўлади. Мени кузатишадими, ёки йўқ барчаси ўша мураббийга боғлиқ бўлади. Ҳозир эса бу саволга жавобим йўқ.

Мавзуга оид