Ўзбекистон | 16:40 / 20.11.2017
21277
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон глобал террор рейтингида энг қуйи поғоналардан бирида қайд этилди

Бош офиси Сидней шаҳрида жойлашган «Иқтисодиёт ва тинчлик институти» мутахассислари анъанавий Global Terrorism Index​ ҳисоботининг бешинчи таҳририни маълум қилди. Ҳисоботда бутун дунё бўйлаб, 2000 йилдан то 2016 йилгача юз берган террор воқеалари таҳлил қилинган.

Global Terrorism Database ахбороти асосида тайёрланган ҳисоботда айтилишича, Ўзбекистон терроризм хавфи юқори бўлган давлатлар рўйхатида 125-поғонада туради. Рўйхат етакчилари қаторида мос равишда Ироқ, Афғонистон, Нигерия қайд этилган бўлса, унинг энг қуйида Замбия, Вьетнам ва Туркманистон жойлашган.

Шунингдек, террор хавфи юқори бўлган давлатлар қаторида Туркия 9-ўрин, Украина 17-ўрин, Саудия Арабистони 26-ўрин, АҚШ 32-ўрин, Қозоғистон 67-ўрин, Тожикистон 72-ўрин, Қирғизистон 79-ўринда қайд этилган.

Ҳисоботда маълум қилинишича, терроризм омили иқтисодий ва ижтимоий ҳаётига таъсир этмайдиган 38та мамлакат ичида Ўзбекистон ҳам мавжуд. 2016 йили эълон қилинган ҳужжатда Ўзбекистон 117-ўринда қайд этилганди, бир йил ўтиб, кўрсаткич 8 поғонага яхшиланган.

Эслатиб ўтамиз, рўйхат етакчилари қаторида террор ҳаракатлари кўп кузатиладиган мамлакатлар келтирилган. Энг қуйида эса ички сиёсатда барқарор тинчликка эришган давлатлар санаб ўтилган.

Мавзуга оид