Иқтисодиёт | 20:25 / 22.11.2017
9086
2 дақиқада ўқилади

Электромобилларнинг жаҳон савдоси 63 фоизга ўсди

Фото:elekt-ro.com

Жорий йилнинг 3-чорагида электромобиллар ва электр тармоққа уланувчи гибрид автомобилларнинг жаҳон бўйлаб савдоси рекорд қийматларга етди. Бунга кўп жиҳатдан Хитойда бундай машиналарга талаб катталиги эвазига эришилган. Bloomberg’нинг ёзишича, ушбу машиналар савдоси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 63 фоизга ўсган. Бундай машиналардан эса кўрилаётган даврда 278 мингта сотилган.

3-чоракда электромобиллар 2-чоракка нисбатан кўпроқ сотилган. Савдо ҳажми 23 фоизга ўсган. Барча сотилган машиналарнинг ярми Хитой ҳиссасига тўғри келган. Сентябрда Хитойда 78 мингта гибрид ва электромобил сотилган. Хитойликлар 2018 йилда 1 миллионта электромобиль ишлаб чиқаришга ваъда беришмоқда.

Прогнозларга кўра, жорий йилда сотилган электромобиллар миқдори ниҳоят 1 миллионтага етиши мумкин. Кўплаб давлатларда EV-машиналар эгалари турли имтиёзлар оладилар, ишлаб чиқарувчилар эса арзонроқ моделларни таклиф қилмоқдалар. Бундай вазият электромобилларга шубҳа билан қарайдиганларнинг уларнинг тарафдорлари томонга ўтишга ундайди.  

Ҳозирда барча етакчи автомобилсозлик компаниялари мавжуд моделларининг электрлаштирилиши ва тўлиқ электр моделлар чиқарилишини эълон қилганлар. Шунга кўра, Opel 2024 йилга келиб фақатгина электрокарлар ва гибридлар ишлаб чиқаради. VW эса электромобилларни ривожлантиришга 40 млрд. доллар сармоя ажратади. Jaguar эса 2020 йилгача тўлиқ электр моторларга ўтади. 2019 йилдан Volvo ҳам фақатгина гибрид ва тўлиқ электр автомобиллар ишлаб чиқаради. Бунинг ҳисобига бозор турфалашади ва бу савдолар ўсишига туртки бўлади. 

Эҳтимол, электромобилларга ўтишдаги асосий омил охир-оқибат қонунлар бўлади. Ҳозирданоқ шу аёнки, келгусида ривожланган давлатларда ички ёнув двигателига эга машиналарни харид қилишнинг иложи бўлмайди. Мисол учун, Голландияда 2030 йилгача ички ёнув двигателлар тақиқланиши режалаштирмоқда. Худди шундай режаларни Германия ҳам билдирган. 

Мавзуга оид