Сайфулло Соиповга 22 та ҳолат бўйича айблов қўйилди
31 октябрда Нью-Йоркнинг Манхеттен туманида юк машинасида одамларни босиб кетган, келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Сайфулло Соиповга террорчилик ва қотиллик содир этиш айбловлари қўйилди. Бу ҳақда АҚШ адлия вазирлиги маълум қилди.
Соиповга умумий ҳисобда 8 та қотиллик (ҳужум қурбонлари сони бўйича), 12 та қотиллик содир этишга уриниш (жабрланганлар сони бўйича), ИШИД террорчилик гуруҳига кўмак бериш ва кўмак беришга уриниш, зўравонлик ва транспорт воситасига шикаст етказиш бандлари бўйича айблов қўйилди. 22 та банддан иборат айблов хулосасини ҳакамлар ҳайъати чиқарган. Энди Соипов ўз қилмишлари учун суд олдида жавоб беради. Айбловнинг 2 моддаси бўйича Соиповга умрбод қамоқ жазоси ёки ўлим жазоси берилиши мумкин.
Адлия вазирлиги хабарида таъкидланишича, Соипов терактни содир этишга уни телефон орқали кўрган ИШИД видеоси “илҳомлантирган”ини тан олган. Унинг айтишича, у жиноятни содир этишни бир йил аввал ўйлаб қўйган, ҳужумдан 2 ой аввал эса “кўпроқ бегуноҳ одамлар жабрланиши мақсадида” уни юк машинаси ёрдамида амалга оширишга қарор қилган. У терактдан бир ҳафтача олдин юк машинасини ижарага олиб, уни бошқаришни машқ қила бошлаган.
“Соипов юк машинасининг олдидан ва орқасидан ИШИД байроқларини ўрнатмоқчи бўлган, бироқ ўзига эътибор жалб қилмаслик учун бу фикридан қайтган. Соипов яралангандан кейин ётган шифохонадаги палатасида ИШИД байроғини осиб қўйишни сўраган ва “қилган ишидан ўзини яхши ҳис қилаётганини” айтган”, дейилган хабарда.
Соипов юк машинасида Манхэттеннинг жануби-ғарбида жойлашган велосипедчилар ҳаракатланиши учун мўлжалланган йўлкага чиқиб, йўлида учраган велосипедчиларни босиб, бир неча кўча юриб ўтган, сўнгра мактаб автобусига урилиб тўхтаган. Шундан кейин Соипов пейнтбол ўйини учун мўлжалланган тўппонча билан машинадан тушиб қоча бошлаган. Шу вақтда у полициячилар томондан ўққа тутилиб, яраланган ва шифохонага етказилган.
Ҳужум оқибатида 8 киши ҳалок бўлган, 12 киши жароҳат олган.
Мавзуга оид
00:47 / 21.09.2023
Шавкат Мирзиёевнинг Ню-Йоркка ташрифи якунланди
10:57 / 08.09.2023
Нью-Йорк мэри ноқонуний муҳожирлар оқими шаҳарни вайрон қилиши мумкинлигини айтди
10:56 / 10.06.2023
Нью-Йоркда тутунли ҳаво яна бир неча кунга сақланиб қолади
22:30 / 08.06.2023