Жаҳон | 12:19 / 24.11.2017
80860
5 дақиқада ўқилади

Қашшоқ Зимбабвенинг «олтин» ёшлари ҳаёти: Мугабенинг болалари пулларни қандай совуришган?

Конгодан сўнг Ер куррасидаги энг қашшоқ мамлакат бўлмиш Зимбабвенинг олтин ёшлари ҳаётига хуш келибсиз. Бу ерда аҳолининг аксарият қисми қашшоқликда кун кечираётганида, бойларнинг болалари ўз нафсини жиловлаш тўғрисида ўйлаб ҳам кўришмаган. Хусусий самолётлар, яхталар, кумуш «роллс-ройс»лар, боғлам-боғлам долларлар, олтин тўппончалар — Зимбабвенинг ёш элитаси дабдабали ҳаёт тарзини яхшигина ўзлаштирган. Маҳаллий олтин ёшлар тахтдан ағдарилган Мугабенинг қариндошлари эканлигига нима дейсиз? Олтин ёшларнинг заррин кунларига ҳам нуқта қўйилармикан энди? — деб савол беради Daily Mail.

Улар Зимбабве аҳолисининг учдан икки қисми сингари нон учун навбатга турмайди. Улар дунёдаги энг қимматбаҳо автомобилларда сайр қилишади ва шишаси бир неча минг доллар турувчи ичимликларни ичишади. Қашшоқлик бўйича жаҳонда иккинчи мамлакат элитасининг фарзандлари учун Париж ёки Дубайда шопинг қилиш (у ерга албатта тиллага бурканган шахсий самолётларда училади) одатий ҳол. Ва энг асосийси — улар бойликларини ижтимоий тармоқларда кўз-кўз қилишни канда қилишмайди.

«Энг тоза» нарсаларга муккасидан кетгани учун Грейс Гуччи деб ном олган биринчи хонимнинг фарзандлари ҳам онадан қолишмайди: Мугабенинг ўғиллари — 24 ёшли кичик Роберт Мугабе ва 20 ёшли Чатунга Мугабе (ўнгда).

Сентябрда Кичик Роберт иккита Rolls-Royce харид қилган ва яқиндагина Дубайда у бирга суратга тушган қора «Бэтмобил» билан мақтанган эди.

Бундан ташқари, диктаторнинг тўнғичи Инстаграмда интерьери тўлиқ тилла билан қопланган хусусий самолётда саёҳат қилаётганини бир неча бор кўз-кўз қилган.

Бойвачча ўсмир ташқи кўриниши учун ҳам асло иқтисод қилмайди. Яқинда у тимсоҳ терисидан тикилган Жузеппе Дзанотти дизайнерлигидаги кроссовка билан мақтанган эди. Тилла суви юритилган пойабзал 14 минг АҚШ доллари туради.

Кичик Роберт яна аёллар лаб бўёғи билан отувчи олтин тўппонча ҳам харид қилган.

Унинг акаси Чатунга қитъанинг энг ярамас одами сифатида Африка оммавий ахборот воситалари нигоҳига тез-тез тушиб туради. Икки ҳафта олдин у бриллиант билан безатилган 60 минг долларлик Rolex соатини юваётгани видеосини қўйган эди.

Чатунга шундай деб ёзган: «Отанг мамлакатни бошқарса, билагингда 60 минг долларлик занжир бўлади, биласанми шуни?»

Лекин Зимбабве собиқ президентининг ўғиллари 93 фоиз аҳолиси қашшоқликда кун кечираётган мамлакатда бебилиска пул сочаётган ягона инсонлар эмас. Магнат ва сиёсатчи Филип Чиянганинг 28 ёшли қизлари Ванесса ва Мишелни олайлик. Уларнинг отаси Мугабенинг жияни ва бойлиги 280 млн. долларга тенг.

Мишель 100 минг доллар турадиган 2013 йилда ишлаб чиқарилган Land Rover Victoria Beckham’да юради. 65 минг доллар пул сарфланган Сейшель оролларидаги асал ойини эса «арзон сайр» деб атаган.

Бадавлат бизнесменнинг қизлари қимматбаҳо мўйналар, шер терисидан тикилган сумкалар харид қилишади.

33 ёшли Гениус Кадунгуре «роллс-ройс»ига ўтириб олган. Бу можароли бизнесмен ўз карьерасини «Анголия ҳаво йўллари»даги танишлари орқали газ қазиб олишга рухсат олиш билан бошлаган».

Зимбабведа диндорлар ҳам яхши яшашади. Улар бутун қитъани «авлиёлар» суратида кезишади ва диний концертлар уюштиришади. Улар йиғадиган оломонга Мадонна ҳавас қилса арзийди.

Ана шундайлардан бири Уэберт Ангел. У The Billion Group концерни ижрочи директори ва ўзини «Профессионал ҳаракат худоси» деб атайди.

Воиз маишатни яхши кўради. Шундай кечаларнинг бирида у 17 минг доллар сарфлаган, ўзининг туғилган кунини 32 минг долларга нишонлаган.

Яқинда Уберт Ангел сариқ Lamborghini билан тушган суратини эълон қилиб, уни шундай сўзлари билан безаган: «Пул — ақлли нарса, у аҳмоқларни ёқтирмайди».

Уберт Ангел ўз бойлигини ақллилиги билан тушунтиради ва ижтимоий тармоқлардаги обуначиларига қашшоқлик аҳмоқларнинг қисмати эканлигини таъкидлайди.

Бу эса Викнелл Чивайо (сэр Уикнелл) — Зимбабведаги ёш кайфусафочилар ичида энг бадавлати. У Ҳараредаги бир неча объектларга эгалик қилади, буюртма асосида тайёрланган энг янги автомобилларда юради, хорижда, айниқса АҚШда кўп юради ва дизайнерлик кийимлари ва автомобиллар харид қилади.

«Эркин маишатхўр» ўз бойликларини намойиш қилишни хуш кўради — масалан, Rolex соатлари коллекциясини.

Энди қария Мугабе автомат қўндоқлари остида «ўз аризаси билан истеъфога чиққач» зимбабвелик вақтичоғларнинг кейинги тақдири номаълум бўлиб турибди. Нима бўлганда ҳам, улар ватандошлари каби аҳволга тушишмаса керак. Энг бўлмаганида, бир-иккита соатини сотишса ҳам куни ўтади.

Мавзуга оид