Ўзбекистон | 17:59 / 24.11.2017
23774
6 дақиқада ўқилади

Тарихий давлат ташрифига нисбатан Корея матбуотининг муносабати қандай?

Фото: Президент матбуот маркази

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “тарихий бурилиш ясовчи” давлат ташрифи мана бир неча кундирки Корея Республикасидаги йирик телевизион, босма ва электрон медиа оммавий ахборот воситалари диққат  марказида бўлиб турибди.

Корейс ОАВ давлат ташрифини кенг ёритмоқда. Миллий телеканалларнинг жонли эфирларида давлат ташрифи дастури доирасида ўтказилган тадбирлар намойиш қилинмоқда. Муҳим таҳлилий телерепортажлар ва кенгайтирилган мақолалар тайёрланмоқда.

Корейс журналистлари ўз мақолаларида икки давлат етакчилари ўртасида ўрнатилган ишонч ва ўзаро ҳурматнинг беқиёс даражада эканлигига урғу бермоқда. Натижада давлат ташрифи давомида ўзаро ҳамкорликнинг салмоқли соҳалари бўйича муҳим шартнома ва келишувлар имзоланди.

Кореялик таҳлилчиларнинг фикрига кўра, мазкур давлат ташрифи Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги муносабатларни янги сифат босқичига кўтаради.

Корейс мутахассислари ўз таҳлилий материалларида Корея Президенти Ўзбекистон билан муносабатларга стратегик аҳамият қаратаётганини таъкидлашиб, “Корея Ўзбекистонни Евроосиё мамлакатларига нисбатан янги ташқи сиёсатининг марказига "қўйганлиги” эътироф этишмоқда.

Мутахассислар яна шуни ҳам эътироф этишадики, Ўзбекистон минтақадаги муҳим ҳамкор сифатида, корейс сармоядорлари учун эътиборга молик манзил саналади. Бундан давлат ташрифи доирасида имзоланган савдо-иқтисодий ҳужжатларнинг салмоқли пакети ҳам далолат бериб турибди.

Қуйида Кореядаги йирик медиа манбаларда Президентимизнинг давлат ташрифига бағишланган турли материаллардан баъзи иқтибосларни келтириб ўтилади.

“Мун Чжэ Ин Ўзбекистон унинг янги “Евроосиё” сиёсати марказидан жой олганини таъкидлади" сарлавҳаси остидаги мақоладан:

(Yonhap News етакчи интернет-манбаси, 23.11.2017й.)

“Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин Ўзбекистон билан икки томонлама алоқаларнинг келажакдаги ривожини таъминловчи чора-тадбирларнинг кучайтирилишига ваъда берди ва республика “унинг  Евроосиё мамлакатлари билан муносабатларига боғлиқ янги ташқи сиёсатининг марказида жойлашганини” таъкидлаб ўтди.

Фото: Президент матбуот маркази

“Янги ташқи сиёсат доирасида мамлакат Евроосиё мамлакатлари билан ҳамкорлик ва турли соҳаларда, хусусан, иқтисодий, транспорт ва энергетика соҳаларида қўшма лойиҳалар таъминланиши бўйича иқтисодий ҳамкорлик Қўмитасини тузишни режалаштирмоқда. Ўзбекистон Марказий Осиёдаги етакчи давлат сифатида бу режаларнинг марказида туради”.

“Марказий Осиёдаги барча давлатлар орасидан Кореяга ташриф буюриши учун Ўзбекистон Президентини таклиф этдим ва мен икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни қўллаб-қувватлашда давом этаман”, - дея эълон қилди у.

“Корея-Ўзбекистон: барча йўналишлар бўйича алоқаларнинг кенгайиши” мақоласидан:

(“Корея Таймс” энг йирик кундалик газета, 24.11.2017й.)

“Икки мамлакат Президентлари Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шерикликнинг ҳар томонлама мустаҳкамланиши тўғрисидаги Қўшма баёнотни имзоладилар. Мазкур ҳужжатга кўра, ҳар икки давлат шерикликнинг ривожланиши учун чоралар кўради. Иқтисодиёт ва савдо-сотиқ соҳаларида, шунингдек, маданият соҳасида ҳам ҳамкорликни кенгайтириш йўлларини қидиради”.

"Ўзбекистон – Корея сармоявий ҳамкорлигининг юксак томонлари" мақоласидан: 

(Korea Times газетасининг 2017 йил 24 ноябрдаги энг йирик сони)

Бугунги кунда Корея Республикаси Ўзбекистоннинг энг йирик сармоявий шерикларидан биридир. "Йирик энергетика ресурслари, зарур хом ашё, юқори малакали ва рақобатбардош кадрлари билан Ўзбекистон минтақада катта нуфузга эга”.

"Корея саноатининг Ўзбекистонга жадал кириб бориши нафақат 60 миллионлик Марказий Осиё, балки 300 миллионлик аҳолига эга МДҲ мамлакатлари бозорига чиқиш демакдир. Хитой ва Ҳиндистоннинг йирик истеъмол бозори ҳам бу мамлакатга жуда яқин.” 

"Корея ва Ўзбекистон раҳбарлари ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олдилар" мақоласидан: 

(Korea Herald нашри мақоласидан 24.11.2017).

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин ўз лавозимига киришган 2017 йилнинг май ойидан буён Корея Республикасига тўрт кунлик ташриф билан келган иккинчи хорижий давлат раҳбаридир. Биринчиси шу ойнинг бошида икки кунлик ташриф билан келган АҚШ президенти Дональд Трамп бўлган эди.

Фото: Президент матбуот маркази

"Сеулда олий даражадаги музокаралар чоғида икки мамлакат ўртасида стратегик ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олинди”.

"Корея – Ўзбекистон саммити" мақоласидан:  

(Hankuk Ilbo етакчи интернет нашри мақоласидан: 2017 йил, 23 ноябрь).

"23 ноябрь куни Президент Мун Чжэ Ин Корея Республикасига давлат ташрифи билан келган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашди. Учрашув давомида Мун Чжэ Ин Сеул Тошкент билан стратегик алоқаларни мустаҳкамлаш ва содиқ дўст бўлиш ниятида эканини айтди. 

Chong Wa Dae Residence меҳмонхонасида бўлиб ўтган расмий қабул чоғида Мун Чжэ Ин Ўзбекистон Корея Республикасининг Марказий Осиёдаги муҳим стратегик ҳамкори ва Евроосиё қитъасининг юрагига айланганини таъкидлади. 

Корея Президенти, шунингдек, "бундан 80 йил муқаддам Ўзбекистон Узоқ Шарқдан Ўрта Осиёга кўчирилган корейсларни мамнуният билан ўз бағрига олганлигини ва бугун ҳам Ўзбекистонда йирик корейс диаспораси истиқомат қилаётганини эътироф этди. Шу муносабат билан “Биз Ўзбекистонни қардош давлат сифатида қабул қиламиз” – деди Корея президенти. 

Мавзуга оид