Спорт | 21:24 / 25.11.2017
28985
2 дақиқада ўқилади

Фоторепортаж: “Навбаҳор” кичик сенсациялар қайд этган ўйинда мухлислик шавқи

Фото: KUN.UZ

Футбол ҳақидаги мақолаларда ўйин тафсилотлари ёритилади. Мазкур материал эса ноанъанавийроқ. Биз футболнинг ўйинчилари билан биргаликда, тенг маънодаги асоси бўлган мухлисларга тўхталдик. Ахир, ишқибозларсиз футбол, футбол бўлибдими? 

Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси сўнги турда “Насаф” жамоасини қабул қилиб иккита кичик сенсация қайд этди.

Биринчиси, 2017 йилги Олий лига мавсумида "Лочинлар" ўз майдонида мағлубият нималигини билмаган ягона жамоа бўлди. Илҳом Мўминжонов шогирдлари ўз майдонида ўтказган 15та ўйиннинг 10тасида рақибларини мағлубиятга учратиб, яна 5та ўйинда дуранг натижа қайд этди. Иккинчиси, “Навбаҳор” сўнги йиллар давомида яна бир бор кучли бешликка кирди.

Жамоа у қадар кучли таркибга эга бўлмасада, уни доим дадилликка ундовчи зўр ва бақувват ҳомийси, дўсти-қадрдони бор. Бу унинг ишқибозларидир. Бугунги ўйинни ҳам стадиондан 9 мингга яқин мухлис кузатиб борди. Футбол эса томошабинлар билан қизиқ. Агар тўп ўйинида ишқибозлар бўлмаса, у худди гўшангада ёлғиз ўтирган келинчакка ёки бир пойи йўқ пойафзалга ўхшайди.

Ўйин сўнгида “Навбаҳор” футболчилари ишқибозларни, мухлислар эса футболчиларни олқишлади. Чемпионатда кумуш медални қўлга киритган “Насаф” футболчилари ҳам қарсаклар садоси остида майдонни тарк этди. Шундай бўлиши ҳам керак. “Икки ёрти, бир бутун” дейдилар.

Қуйидаги, фотомақола ҳам айнан клубнинг футбол ишқибозларига бағишланади.

KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов.
Муаллиф олган суратлар

Мавзуга оид