Ўзбекистон | 21:00 / 28.11.2017
118376
2 дақиқада ўқилади

Андижон вилоятида газ кони топилди

Фото: KUN.UZ

«Андижоннефт» мутахассислари томонидан Булоқбоши туманидаги Учтепа қишлоғида олиб борилаётган нефть излаш ишлари давомида табиий газ кони борлиги маълум бўлган. Захиралар 1080 метр чуқурликда аниқланган. Бу ҳақда «Kun.uz»га «Ўзтрансгаз» АК етакчи мутахассислари маълум қилди.

Айни пайтда «зангори олов» неъматини жиловлаш ишлари бошланиб, кон очилган ҳудудга барча керакли қурилмалар ўрнатилди ва турли жараёнлардаги синов ишлари олиб борилмоқда. Кондан 100 атмосфера босимида соатига 2300-2400 кубометр газ оқими чиқмоқда. Ер қаъридан чиқаётган табиий газ маълум техник жараёнлардан ўтганидан сўнг истеъмолга яроқли бўлади. Конда газни филтрлаб тозаловчи ускуналар ўрнатилган.

Маълум қилинишича, атрофдаги маҳаллаларга янги манбадан чиқаётган табиий газ етказиб берилмоқда.

«Ўзтрансгаз» АК Андижон ҳудудий бўлими томонидан тез фурсатларда 1,5 километр масофага газ қувурлари ўрнатилиб, Булоқбоши туманининг - Буюк Турон, Юксалиш, Дўлана, Мирзакалон Исмоилий, Тошечик маҳаллаларига газ етказиб берилмоқда», деган вилоят газ таъминоти ҳудудий филиали бошлиғи Шавкатбек Қодиров.

Газ конининг ер остида қанча захирага эга экани ҳудудда қазилаётган яна иккита қудуқ ишлари якунига етгач маълум бўлади. Ҳозирда чиқаётган табиий газ босими эса коннинг катта миқдордаги захирага эканлигидан дарак бериб турибди. Мутахассисларнинг билдиришича, «зангори олов» бошқа ҳудудларга барча тизимлар маълум техник синовлардан ўтказилганидан сўнг берила бошлайди.

Маълумотларга кўра, водий вилоятларида шу пайтгача газ кони топилмаганди. Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларига табиий газ Қамчиқ довонидан қувур орқали етказилади. Булоқбоши туманида топилган кон биринчиси бўлди.

 

KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов, Андижон

Муаллиф олган суратлар

Мавзуга оид