Ўзбекистон | 15:18 / 02.12.2017
21492
3 дақиқада ўқилади

Мирзиёев Жанубий Корея тиббиёт институти филиалини ташкил этиш бўйича топшириқ берди

Президентнинг "Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори хусусий тиббиёт муассасаларига кенг имкониятлар очди. 

Пойтахтнинг Олмазор туманида жойлашган «Aкfamedline» тиббиёт маркази шундай масканлардан бири, деб ёзади ЎзА. 

Мазкур тиббиёт маркази лойиҳаси жорий йилнинг 21 апрель куни тақдим қилинган бўлиб, давлат раҳбари уни замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, бу ерда юқори малакали мутахассисларнинг ишлашини ташкил қилиш бўйича топшириқлар берган эди. Ўтган вақт мобайнида қуриб фойдаланишга топширилган тиббиёт марказининг умумий майдони 2 гектар бўлиб, 5 блокдан иборат. 12 қаватли замонавий бино 160 ўринли стационарга эга. 

Хусусий тиббиётни ривожлантиришга фақат пойтахтда эмас, мамлакатимизнинг энг олис ҳудудларида ҳам катта эътибор қаратишимиз зарур, деди Шавкат Мирзиёев. Бу ерда хусусий тиббиёт мутахассислари ўқувини йўлга қўйишимиз керак. Мазкур тиббиёт маркази хусусий секторни ривожлантириш бўйича асосий база бўлади. Корея Республикаси тажрибаси асосида кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш керак. 

Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси собиқ профилакторийси ўрнида ташкил этилган мазкур тиббиёт маркази энг сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Кўп тармоқли марказда юқори малакали мутахассислар фаолият юритмоқда. 

400 дан ортиқ иш ўрни яратилиб, чет давлатлардаги етакчи тиббиёт марказларида фаолият юритаётган ўзбекистонлик мутахассислар ҳам жалб қилинган. Марказда ультратовуш диагностикаси, терапия, гинекология, гастроэнтерология, диетология, физиотерапия, оториноларингология, урология, педиатрия, кардиология, офтальмология, неврология, эндоскопия, ортопедия, хирургия, нейрохирургия каби йўналишларда хизмат кўрсатилмоқда. 

Хусусий тиббиёт марказлари қанча кўп бўлса соҳада рақобат бўлади, рақобат бор жойда хизмат сифат юқори бўлиб, нарх арзонлашади. Бу эса энг муҳим жиҳатдир, деди президент. Одамлар тиббиёт масканига унинг чиройли бинога қараб эмас, мутахассисларнинг юқори малакаси бўйича баҳо беради. Бу марказда малака оширган мутахассислар вилоятларга бориб аҳоли саломатлиги мустаҳкамлаш йўлида самарали меҳнат қилиши зарур. 

Давлат раҳбари мамлакатда Жанубий Корея тиббиёт институти филиалини ташкил этиш бўйича топшириқ берди. 

Мавзуга оид