Жаҳон | 18:40 / 04.12.2017
42969
3 дақиқада ўқилади

Яманнинг собиқ президенти ўлдирилди

Фото: Ammar Awad/File Photo / Reuters

Эроннинг Tasnim агентлиги Яманнинг собиқ президенти Али Абдулла Солиҳ ўлдирилгани ҳақида хабар тарқатди. Reuters агентлиги маълумотига кўра, ҳусийчилар собиқ президентнинг Санодаги уйини портлатишган.

Al Arabiya телеканалида жаноб Солиҳнинг уйидаги портлашдан кейин унинг ҳолати ҳақида қарама-қарши хабарлар тарқалди. Al Mayadeen телеканали эса собиқ президент пойтахтдан чиқиб кетишга уринганида ҳалок бўлганини маълум қилди.

Кейинроқ Sky News Arabia Али Абдулланинг партиясидаги манбага асосланган ҳолда унинг ўлими ҳақидаги хабарлар ҳақиқатдан йироқ экани ҳақида хабар қилди. Ўз навбатида партиянинг бошқа вакили Al Arabiya мухбирига собиқ президент ҳалок бўлганини тасдиқлади. Бу хабарлар фонида интернетда Али Абдулла Солиҳга ўхшаш кишининг жасади олиб кетилаётгани тасвирлари пайдо бўлди.

Ноябрь ойи охирида Яманда ҳусийчилар ва Али Абдулла Солиҳ тарафдорлари ўртасида зиддият юзага келганди. Аввалига иттифоқчиликда ҳозирги президент Мансур Ҳодий ҳукуматига қарши курашган томонлар энди Сано учун талаша бошлади. Якунда пойтахтдаги кварталларнинг катта қисми собиқ президент тарафдорлари қўлига ўтганди.

Яманда фуқаролик уруши 2014 йилда бошланганди — ўшанда Мансур Ҳодий тасарруфидаги кучлар ҳамда шиаларнинг «Ансор Аллоҳ» номли гуруҳи, ҳусийчилар ва собиқ президент Али Абдулла Солиҳнинг тарафдорлари ўртасида қуролли тўқнашувлар бошланди. Натижада, қонуний президент пойтахтни ташлаб, жанубдаги порт шаҳар Аданга қочишга мажбур бўлди.

2015 йилда Яман ҳукуматини Саудия Арабистони бошчилигидаги араб коалицияси қўллаб-қувватлаб чиқди ва Яманга коалиция кучлари киритилди. Коалиция Форс кўрфази ҳудудидаги араб давлатлари - Саудия Арабистони, Баҳрайн, Қатар, Кувайт, БАА, шунингдек, Иордания, Миср ва Марокашни ўз ичига олган.

Ўтган ҳафтада Мансур Ҳодий армияни ҳусийчилар ва Солиҳ тарафдорлари ўртасида кураш бошланган Санога йўналтирди. Танклар иштирокидаги тўқнашувлар вақтида яна юзлаб кишилар ҳалок бўлди.

2 декабрда Солиҳ партияси ҳусийчиларга қарши курашга чорлади. Бундан ташқари, Солиҳ Ямандан қамал олингандан кейин қўшни давлатлар билан мулоқот олиб боришга тайёрлигини билдирди.

Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция Солиҳнинг бу ҳаракатларини қўллаб-қувватлади. Бу орада «Ансор Аллоҳ» етакчиси Абдулмалик ал-Ҳусий Солиҳни қўллаб-қувватловчи кучларнинг ҳаракатларини «ақлсиз ва шубҳали», Солиҳнинг ўзини эса «сотқин» деб эълон қилди.

Мавзуга оид