Ўзбекистон | 23:38 / 05.12.2017
23479
10 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Афғонистон муносабатларида янги саҳифа – Ашраф Ғани ташрифи тафсилотлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани 4 декабрь куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди, деб ёзади ЎзА ташрифга бағишланган материалида.

Афғонистон Президенти 5 декабрь куни Мустақиллик майдонига ташриф буюриб, ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Олий мартабали меҳмон Ҳазрати Имом мажмуасига ташриф буюрди. Мўйи Муборак мадрасасида сақланаётган Усмон мусҳафи ва бошқа тарихий-маърифий ёдгорликларни катта қизиқиш билан кўздан кечирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ташрифнинг асосий тадбирлари Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтди.

Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Ашраф Ғанининг тор доирадаги учрашуви бўлди.

Сизни Ўзбекистонда қутлашдан мамнунман, деди Президентимиз. Биз кейинги бир йилда беш маротаба учрашиб, бугунги тарихий ташрифга замин яратдик. Ўзбекистон Афғонистонни яқин қўшни ва дўст мамлакат деб билади. Афғонистонда тинчлик ва осойишталик ўрнатилиши, савдо, иқтисодиёт, транспорт, маданият ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлигимиз ривожланиши учун барча саъй-ҳаракатларни сафарбар этмоқда.

Афғонистон Президенти Ўзбекистонга ташрифидан, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликка кенг йўл очилганидан мамнун эканини билдирди.

Бундан бир йил аввал Ўзбекистон халқи Сизга ишонч билдириб, Президент этиб сайлаган эди, деди Афғонистон раҳбари. Ўтган бир йилдаги ўзгаришлар бу ишонч тўғри бўлганини намоён этди. Ўзбекистон 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ қўшни мамлакатлар билан ҳамкорликни ривожлантирмоқда, барча масалаларни ҳал этмоқда. Ўзбекистоннинг ташаббуслари ва амалий саъй-ҳаракатлари минтақавий тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон билан ҳамкорлигимизнинг янги даври бошланганидан мамнунмиз. Умид қиламизки, бу муносабатларимиз ойма-ой, кунма-кун янада мустаҳкамланиб бораверади.

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида дипломатик алоқалар 1992 йил 13 октябрда ўрнатилган. Икки томонлама ҳамкорлик 2016 йилга келиб, изчил ривожлана бошлади. 2017 йил январда Тошкентда икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг биринчи давраси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили тайинлангани мамлакатимизнинг икки томонлама муносабатларга ажратаётган эътибори намунаси бўлди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбарлари 2017 йил 7 июнда Остона шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ мажлиси ҳамда 10 сентябрда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича саммити доирасида учрашувлар ўтказди.

29 ноябрь куни Тошкент ва Кобул ўртасида биринчи марта тўғридан-тўғри ҳаво қатнови йўлга қўйилди. Бу воқеа нафақат чуқур рамзий маънога, айни пайтда катта амалий аҳамиятга эгадир. Энди икки мамлакат расмий вакиллари, ишбилармон доиралари, энг асосийси, оддий фуқаролар алоқалари учун қулай имконият яратилди.

Мулоқотда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг долзарб мавзулари кўриб чиқилди. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар, хусусан, терроризм, экстремизм ва наркотрафикка қарши курашиш, Марказий Осиёда хавфсизликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ва осойишталик ўрнатилишига қаратилган барча амалий ташаббусларни изчил қўллаб-қувватлаб келмоқда. Давлатимиз Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатишнинг энг тўғри йўли – бу сиёсий музокаралар олиб боришдир, деган қатъий позицияда.

Ҳамкор давлатлар ва ташкилотларнинг молиявий, иқтисодий ва инсонпарварлик ёрдамига таянган ҳолда ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фаол иштирокида умуммиллий ярашувга эришиш муҳимдир.

Биз Афғонистон ҳукуматининг мамлакатда барқарорлик ва тинчлик ўрнатиш, музокаралар орқали умуммиллий ярашувга эришиш, ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини тўла қўллаб-қувватлаймиз, деди Шавкат Мирзиёев. Қўшни Афғонистондаги тинчлик Марказий Осиёнинг барқарор ва изчил ривожланиш истиқболларини тўлиқ рўёбга чиқариш учун имкон яратади. Ўзбекистон Афғонистоннинг минтақавий иқтисодий-ижтимоий жараёнларга қўшилиши учун ҳар томонлама кўмаклашади. Иқтисодиётни тиклаш, транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантириш, миллий кадрларни тайёрлаш жараёнларида фаол иштирок этади.

Бу жаҳон ҳамжамиятининг Афғонистонда тинч тараққиётни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларига уйғун ва ҳамоҳангдир.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистоннинг нуфузли халқаро ва минтақавий анжуманларда, хусусан, БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида Афғонистон бўйича билдирган баёнотларини юксак қадрлаймиз, деди Ашраф Ғани. Яқинда Самарқанд шаҳрида юқори даражада ўтказилган халқаро конференцияда ҳам Афғонистонда тинчлик ўрнатиш минтақа ва жаҳон миқёсида муҳим масала экани алоҳида таъкидланди. Минтақамизда марказий ўринга эга Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз иқтисодий-ижтимоий барқарорликда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани музокараларни кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар.

Унда расмий делегациялар аъзолари, вазирлик ва йирик компаниялар раҳбарлари иштирок этди. Музокараларда савдо-иқтисодиёт, транспорт, транзит, энергетика, кимё, агросаноат, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Мамлакатимизда экспорт масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Афғонистон эса Ўзбекистон учун яқин ва катта бозор. Ўзбекистоннинг ривожланган саноати, транспорт ва энергетика соҳасидаги салоҳияти, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Афғонистон учун манфаатли.

Бу борадаги имкониятларни ишга солиш мақсадида Савдо, транспорт ва энергетика соҳасидаги ҳамкорлик бўйича қўшма комиссия ташкил этилган. Ўзбекистон Афғонистонда темир йўл, энергетика, қурилиш лойиҳаларини амалга оширган. 2016 йилда савдо айланмаси қарийб 520 миллион долларга етган.

Савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш учун амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жумладан, темир йўл, транзит ва бошқа тўловларнинг тариф нархлари туширилиб, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш учун янада қулай шароитлар яратилмоқда.

Ўзбекистон Афғонистон бозорига машинасозлик, электротехника, кимё ва тўқимачилик маҳсулотлари, замонавий енгил ва юк машиналари, автобуслар, қишлоқ хўжалиги техникаси, минерал ўғитлар, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб беришга тайёр.

Музокарада маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Афғонистонликлар учун ўзбек тилини ўргатиш, темир йўл ҳамда бошқа соҳалар мутахассисларини тайёрлаш мақсадида Сурхондарё вилоятида махсус таълим маркази ташкил этилган. Термиз шаҳридаги ихтисослашган шифохонада Афғонистон фуқароларига тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар яратилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Умумий маданий-маънавий меросимиз рамзи бўлган Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа алломаларимиз қадамжоларини биргаликда қайта тиклаш, таъмирлаш ва ободонлаштириш бўйича ҳам келишиб олинди.

2018 йил Афғонистонда Абу Райҳон Беруний илмий меросини ўрганиш бўйича халқаро конференция, Тошкентда олима аёлларга бағишланган халқаро симпозиум ўтказилиши маълум қилинди.

Ўзбекистон Афғонистон учун зарур мутахассисларни мамлакатимиз олий ўқув юртларида ўқитишга тайёрлигини билдирди.

Афғонистон Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Тошкентда Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш борасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаши таъкидланди. Мазкур марказлар ёшларни диний бағрикенглик ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларни турли зарарли оқимлар ва террорчилик ғоялари таъсиридан ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Афғонистон Президентларининг Қўшма баёноти имзоланди.

Мамлакатларимиз ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган 16 ҳужжат имзоланди. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик, чегара постларидан ўтказиш, фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам, юкларни транзит ташиш, божхона, қишлоқ хўжалиги, энергетика, соғлиқни сақлаш, олий таълим соҳаларига оид ҳужжатлар шулар жумласидандир.

Хавфсизлик соҳасида ҳамкорликка оид қўшма комиссия тузиш, Термиз шаҳрида Афғонистоннинг консулхонасини очиш тўғрисидаги келишувларнинг муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.

Транспорт ва энергетика инфратузилмаларини барпо этиш соҳасидаги ҳамкорлик аввало икки мамлакат, қолаверса, минтақа давлатлари учун стратегик аҳамият касб этади. Хусусан, Сурхон – Пули Хумри электр узатиш линиясини қуриш лойиҳаси Ўзбекистон мутахассислари томонидан амалга оширилади. Мозори Шариф – Шибирғон – Маймана – Ҳирот темир йўли биргаликда барпо этилади.

Ташриф доирасида Ўзбекистондан буғдой, қора металл, минерал ўғитлар, қурилиш моллари, дуккакли ва бошқа маҳсулотлар экспорти бўйича умумий қиймати 500 миллион доллардан зиёд бўлган тижорат шартномалари имзолангани алоҳида қайд этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президентлар оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда бўлиб ўтган музокаралар ва имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси билан Афғонистон Ислом Республикаси ўртасидаги ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.

Учрашувда Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани ўзбек тилида лутф қилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев буни олқишлаб, бу халқларимиз тарихи, тили, маданияти яқинлигининг далолати эканини таъкидлади.

Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводига ташриф буюрди.

Афғонистон делегацияси мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган енгил ва юк машиналари, қишлоқ хўжалиги техникалари, маиший ускуналар ва бошқа саноат маҳсулотлари билан танишди.

Тадбирда самимий дўстлик муносабатларининг ифодаси сифатида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 25 дона «Isuzu» русумли автобус ва «New Holland» маркали 3 та трактор Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан биродар Афғонистонга ҳадя этилгани эълон қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг мамлакатимизга расмий ташрифи давом этмоқда.

Мавзуга оид