Жаҳон | 15:46 / 09.12.2017
22441
2 дақиқада ўқилади

Да Винчининг 450 млн долларлик суратини ким харид қилгани маълум бўлди

Фото: Global Look Press

Ренессанс даврининг машҳур рассоми Леонардо да Винчи мўйқаламига мансуб картина ўтган ой Кристис ким ошди савдо уйида сотилгани ҳақида хабар қилинган эди. Эндиликда, 450 млн доллар қийматдаги картинани ким сотиб олгани ҳам маълум бўлди. Уни Саудия Арабистонида коррупцияга қарши кураш ташаббуси билан чиққан валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон харид қилган, деб хабар қилмоқда RT телеканали Американинг The Wall Street Journal нашрига асосланган ҳолда. 

Нашрнинг махсус хизматлардаги манбасига таяниб ёзишича, картина 450 млн доллардан ортиқроққа сотилиши билан рекорд ўрнатиши баробарида уни ким харид қилгани борасида сирли миш-мишларга сабаб бўлган эди. Харидор телефон орқали иштирок этган ва унинг шахсига аниқлик киритилмаганди. Суратнинг аввалги эгаси, россиялик миллиардер Дмитрий Риболовлев да Винчи картинасини 2013 йили 127,5 млн доллар эвазига хусусий савдода харид қилган эди. 

“Валиаҳд шаҳзоданинг мамлакатида коррупцияга қарши кенг қамровли кураш олиб бораётган бир вақтда картина хариди учун шунча миқдордаги пулни сарфлаши ҳайратланарлидир”, деган Марказий разведка бошқармаси собиқ ходими Bruce Riedel. 

Хабарларга кўра, аслида картинани Муҳаммад бин Салмоннинг узоқ қариндоши ҳисобланувчи шаҳзода Бадр бин Абдуллоҳ бин Муҳаммад харид қилган, лекин у валиаҳд шаҳзоданинг ишончли вакили ҳисобланади. 

Мавзуга оид