Жамият | 18:20 / 12.12.2017
6376
3 дақиқада ўқилади

Андижонда ёнғин хавфсизлиги бўйича тезкор штаб иш бошлади

Фото: Андижон вилояти ЁХБ

Жорий йилнинг ноябрь ойида Андижон вилоятида содир бўлган ёнғинлар ҳам ҳушёрликни ҳар қачонгидан ошириш заруриятини тақозо этмоқда. Таҳлилларга кўра, ўтган ойда жами 63 та ёнғин содир бўлди. Шундан 21 таси электр симининг қисқа туташуви, 15 таси очиқ оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш, 10 таси мўриконларнинг носозлиги, 9 таси иситиш печининг назоратсиз қолдирилиши, 4 таси ёш болаларнинг гугурт ўйнаши, 4 таси чақнаш ва бошқа сабаблар туфайли келиб чиққан. Бу ҳақда Андижон вилояти ЁХБ катта муҳандиси Улуғбек Қосимов KUN.UZ’га хабар бермоқда.  

Қиш мавсумида газ, электр иситиш печлари ва бошқа воситалардан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслик ёки уни таъминлашга бепарво бўлиш ёнғин ҳамда кутилмаган кўнгилсизликларни келтириб чиқариши мумкин. Бунинг оқибатида фуқароларимиз катта миқдорда моддий, маънавий зарар кўришлари, ўзларининг ва яқинларининг соғликларига путур етишига сабабчи бўлишлари мумкин.

Ёнғин ўчириш экипажи томонидан ўт кетган объект ва хонадонлардаги жами 6 минг метр квадратдан ортиқ майдонлар ёнғин балосидан сақлаб қолинди.

Ноябрь ойида кунлар нисбатан илиқ бўлганлиги кузатилган бўлса, декабрь ойининг бошланиши билан ҳаво ҳарорати кескин пасайди. Бу эса, фуқароларнинг иситиш воситаларига бўлган эҳтиёжини янада ошишига олиб келади. Бундай ҳолларда ҳушёрликни янада ошириш, турли хил носоз иситиш воситаларини ишлатишдан тийилган маъқул.

Фото: Андижон вилояти ЁХБ

Айни кунларда вилоят ИИБ, Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси қошида вилоят ҳокимининг 2017 йил 6 декабрь кунги қарорига асосан куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш бўйича Тезкор штаб иш фаолиятини бошлади. Мақсад куз-қиш мавсумида электр, газ, иссиқлик энергияси, сув таъминоти бўйича авария ҳолатларининг олдини олиш ва бартараф этишдан иборат.

Штабда Андижон вилояти ИИБ ЁХБ, “Андижон газ” ҳудудий газ таъминоти филиали, “Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акционерлик жамияти, “Сувоқава” корхонасининг вакиллари туну-кун навбатчилик қилишмоқда.

Элмурод Эрматов
Тайёрлаган Элмурод Эрматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид