Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
МХХ 4,37 миллиард сўмлик валютага эга контрабандачиларни ушлади
Ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган катта ўзгаришлар ҳар бир фуқарога тадбиркорлик билан шуғулланиб, ўзини бизнесда синаб кўриши учун шароитлар яратмоқда. Шу орқали эса оила фаровонлиги ҳам ошади.
Бироқ шундай ҳолатлар ҳам учраб турибдики, баъзилар тақдим этилган имкониятлардан оқилона фойдаланиш ўрнига қонунларни бузмоқда. Хусусан, бу валюта амалиётлари соҳасига тегишли. Халқаро ўтказмалар тартиби енгиллаштирилганига қарамай, улар ҳозирда зумдалик конвертация билан амалга оширилмоқда, нақд валютани хорижга ноқонуний олиб чиқиб кетишга уриниш ҳолатлари ҳам учраб турибди.
Куни кеча МХХнинг Наманган вилояти бўйича Бошқармаси ходимлари вилоят ИИБ вакиллари билан ҳамкорликда хорижий валютанинг йирик партиясини ноқонуний олиб чиқиб кетишга бўлган уриниш ҳолатига чек қўйишди. Учқўрғон туманида давлат рақами белгиси 50Z399HA бўлган “Дамас” автомашинаси текширувдан ўтказиш мақсадида тўхтатилди. Рулда шу тумандаги “Қалъача” маҳалласида истиқомат қилувчи 53 ёшли Ҳамрохўжа Умрзоқов, унинг ёнида эса “Соҳил” маҳалласида яшовчи 20 ёшли Ислом Қамбаров бўлган. Қамбаровнинг қўлида бўлган катта полиэтилен пакет кўздан кечирилганда, ўралган ва скотч билан боғланган 470 минг АҚШ доллари ҳамда 4,1 миллиондан ортиқ Россия рубли топилди ҳамда процессуал тартибда олиб қўйилди. Уларни қўшни давлат ҳудудига ноқонуний равишда олиб ўтиш режалаштирилган бўлган. Миллий валюта эквивалентида ушбу миқдор тахминан 4 миллиард 372 миллион сўмга тенгдир.
Терговга қадар тадбирлар давомида аниқланишича, муқаддам давлат чегарасидан ноқонуний равишда кесиб ўтгани учун судланган Ислом Қамбаров Ҳамрохўжа Умрзоқовнинг қариндоши экан.
МХХнинг Наманган вилояти Бошқармаси томонидан ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Жиноят кодексининг 182-моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилди.
Мавзуга оид
22:51 / 27.05.2025
Наманган вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди
01:49 / 27.05.2025
Наманганда дарахтга урилган Nexia-3 ёниб кетди. Ҳайдовчи ҳалок бўлди
23:54 / 26.05.2025
Наманганда «Сўнгги қўнғироқ» вақтида қизларнинг сочи ёниб кетди
17:17 / 22.05.2025