Жаҳон | 18:00 / 15.12.2017
63306
17 дақиқада ўқилади

Сурия уруши. Россия бу ерда нималарга эришди ва ИШИДдан кейин вазият қандай тус олади?

6 декабрь куни Россия Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов Сурияда ИШИД гуруҳи бутунлай яксон этилгани ва жангарилар қўлидаги ҳудудлар озод этилганини эълон қилди. Россия президенти Владимир Путин 11 декабрь куни Суриянинг Хмеймим шаҳрида жойлашган базага борди. У Суриядаги Россия ҳарбий контингентининг асосий қисмини ортга қайтаришга буйруқ берди. 

Фото: РИА "Новости"

Россия 2015 йилдан буён Сурияда нималар қилди?

Ноябрь ойидаёқ Россияда йил охирига қадар Суриядаги ҳарбий амалиётлар якунланиши ҳақида гапира бошлашганди. 20 ноябрь куни Россиянинг Сочи шаҳрида Путин ва Башар Асад ўртасида музокаралар бўлиб ўтди ва унда ҳарбий кампания якунлангани эълон қилинганидан кейин ташланадиган қадамлар муҳокама этилди.

«Жуда яқин вақт ичида асосий вазифалар якунланади. Аммо терроризм устидан тўлиқ ғалаба ҳақида айтиш учун ҳали узоқ», деганди ўшанда Путин.

Фото: The Times

Кейинги куни, 21 ноябрь куни эса Путин Сочида Эрон ва Туркия раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Буни ўзига хос тарзда «Ғолиблар учрашуви», деб ҳам аташ мумкин эди. Бу учрашувда ҳам сиёсатчилар Сурия истиқболини муҳокама қилишган. Ўшанда Сурия ҳукумати кучлари мамлакатнинг «98 фоизлик ҳудудида назорат ўрнатгани» ҳақида айтилганди.

Улар бир овоздан Суриядаги масалаларга бошқа давлатлар қонуний президент Башар Асаднинг рухсатисиз аралашмаслиги кераклиги ҳақида маълум қилишди.

«Қаршилик кўрсатишда давом этаётган террорчилик ўчоқлари мавжуд. Аммо бизнинг ҳарбий-космик кучларимиз уларни ҳам йўқ қилади», деганди Путин.

Путиннинг Сурияга ташрифи ва контингентни қисқартиришга буйруқ берганидан кейин авиагуруҳлар ва ҳарбийларнинг катта қисми Россияга қайта бошлади.

Россия ҳарбийлари кетишмоқда, аммо улар қолишади ҳам. 

Халқаро экспертларнинг баҳолашича, бу қарор Владимир Путин Россия президентлиги учун навбатдаги сайловолди кампанияси бошлаши билан боғлашмоқда. У 6 декабрь куни навбатдаги сайловда ҳам қатнашмоқчилиги ҳақида маълум қилганди.

Август ойида «Левада-центр» томонидан ўтказилган сўровномада, респондентларнинг 49 фоизи Россия Суриядаги ҳарбий кампанияни якунлашини исташи маълум бўлганди.

2015 йилнинг 30 сентябрида Россия Сурия ерида қонуний президент Башар Асад илтимосига биноан ҳарбий амалиётларга киришганди. Ўшанда бутунлай бошқача картина эди, мамлакат фуқаролик уруши ботқоғига ботган, Сурия армияси ИШИДнинг ҳужумларига дош бера олмас ва жангарилар мамлакатнинг катта қисмини босиб олганди. Турли томонларда хорижийлар, Форс кўрфази давлатлари ва АҚШ манфаати учун курашадиган кучлар уруш олиб борарди.

Россия можарога аралашгач, кучлар мувозанати кескин ўзгарди. Биринчи навбатда, Сурияни Ўрта Ер билан боғловчи Ҳалаб устидан назоратни қайтаришга эришилди. Шу билан бир вақтда АҚШ қўлловидаги курдлар Раққадан Сурия шимоли-шарқига чекинтирилди. ИШИД жангарилари фақат Идлибда қолди.

Суриядаги кампания давомида Россия авиацияси 30 мингдан ортиқ ҳарбий парвозларни амалга оширди ва 92 мингдан ортиқ авиазарбалар берди. Денгиздан туриб тўққиз марта ракета зарбалари амалга оширилди - 70 дан ортиқ қанотли ракеталар учирилди.

Фото: ТАСС

Сурия қирғоқларига «Адмирал Кузнецов» ҳам келтирилди (Россиянинг энг йирик ҳарбий кемаси). Крейсер Шимолий флотнинг кемалар гуруҳини ҳимоялаб турди. Унинг Қора денгизни ошиб ўтиши учун харажатлар 170 миллион долларга баҳоланди.

Расмий маълумотларга кўра, икки йил ичида Сурияда 38 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди. Аммо Рейтер агентлиги маълумотига кўра, бу рақам икки баробар кўпроқ - 78 киши.

2016 йил мартида Владимир Путин Россия Суриядаги ҳарбий кампания учун 33 миллиард рубль сарфланганини маълум қилганди. Бу Суриядаги ҳар бир кун учун 180 миллион рубль кетишини англатади.

«Яблоко» маълумотига кўра эса, Сурия кампанияси Россия учун 140 миллиард рублга тушган (2,4 миллиард доллар атрофида). Аммо Россия Мудофаа вазирлиги бу рақамни инкор қилади. Россия икки йиллик кампания учун қанча харажат қилгани ҳақида расман маълумот йўқ.

Россия Сурияда икки йилдан ошиқ вақт давомида жанг қилди. Таҳлилчилар Россиянинг Сурияга киришдан мақсадини жаҳон саҳнида ўз обрўйини кўтаришга қаратилган қадам сифатида баҳолашмоқда. Уларнинг фикрича, Россия Сурияда ўзини тинчликпарвар куч сифатида кўрсатиш орқали АҚШнинг жаҳондаги мавқеини тортиб олди.

Фото: Getty Images

Кампанияда Россия ўз мақсадларига эришди - ИШИДга аёвсиз зарбалар берилди ва Асаднинг мухолифати мағлуб этилди ҳамда Россиянинг Ўрта Ер денгизидаги мавқеи бемисл даражада кенгайди. Бу кампания Россияни Яқин Шарққа қайтарди, барча сиёсатчилар, шу вақтгача Путин билан келишмайдиганлари ҳам энди Сурия масаласида унинг сўзларига қулоқ тутишга мажбур бўла бошлашди.

Путиннинг асосий мақсади ҳам шу эди - Ғарб давлатлари унинг аралашувисиз минтақадаги муаммоларни ҳал этиш имконсиз эканини тушуниб етишди.

Россия қандай уруш олиб борди?

Фото: Fast News

Халқаро ҳамжамият бот-бот Россиянинг Сурияга киришини қоралаб чиққан бўлсада, улар Россиянинг дипломатик ва ҳарбий салоҳияти эвазига натижаларга эришилганини ҳам тан олишади.

Россия Асадга яшаб қолишда ёрдам берди ва шу билан бирга минтақада ўз таъсирини ёйди. 

Россия АҚШни минтақадаги энг асосий ўйинчи мақомидан сиқиб чиқарди. Россия Эрон ва Туркияни ҳам ўз ичига оладиган рамзий альянсда дирижёрлик қилди ҳамда Сурия келажагини белгилаб берди. Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати ва Суриядаги шиалар ҳам Асад бошчилигидаги алавийларни қўллади. Ҳатто Саудия Арабистони Кремль сари йўл очишга мажбур бўлди - қирол Москвага бориб келди.

Россия АҚШ ва унинг иттифоқчиларининг кейинги даврдаги ҳарбий кампанияларда йўл қўйган хатоларидан сабоқ чиқарган ҳолда ҳаракатланди. Россия АҚШ ва унинг иттифоқчилари Яқин Шарққа демократия ўрнатиш учун қўллаган «араб баҳори» тўлқинини диққат билан кузатди.

Россия бу воқеаларни пессимистик ва прагматик нуқтаи назар билан кузатди ҳамда олган сабоқларини Сурияда қўллади.

Россия суриялик исёнчиларни янги демократик тартиб устунлари сифатида кўрмади. Москва Суриядаги воқеалар оқибатлари Россия чегараларидан ўтиб, мамлакат ичкарисига қадар етиб келиши мумкин, деган важ билан Яқин Шарққа кирди.

Манба: BBC

Россия бу ўринда вазиятни прагматик нуқтаи назар билан баҳолагани аҳамиятли. Москва ўзининг собиқ иттифоқчиси Башар Асадни қўллаб-қувватлашга қарор қилди. Россия ўзининг стратегик мақсадини аниқ англар ва Сурияга қанча аскар жўнатилса, муваффақиятга эришилишини аниқ биларди.

Манба: BBC

«Фақат бир қисм исёнчилар қолди ва улар таслим бўлмасдан чегарадан ташқаридан олинаётган ёрдам эвазига қаршилик кўрсатишда давом этмоқда. Аммо улар асосан Туркияга қарши курашмоқда. Улар Асадга фақат йўқ қилингунича ёки Туркия билан уларнинг тақдири ҳал қилиб олингунича хавф солиб туради», дейди Оклаҳома университети профессори, Сурия масаласи бўйича эксперт Жошуа Лэндис.

Россия кўпчиликнинг фикрича ўз халқини қирган ва қатор ҳарбий жиноятлар содир этган диктаторни қўллади. Россия Сурияни зарин ва бошқа кимёвий қуроллар ишлатишда айблаган жаҳон ҳамжамиятидан ҳимоя қилиб чиқди.

Россиялик ҳарбийлар Сурияда истаган ишини қилди ва исталган томонга бомба ташлаб, ракеталар учирди.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари ҳам Сурия ва Ироқдаги амалиётларда тинч аҳоли вакиллари ўлимига сабаб бўлган ҳужумларни амалга оширган, аммо улар асосан юқори аниқликка эга қуролларни ишлатишган. Қолаверса, Ғарб мамлакатлари, хусусан, АҚШ ўз фуқароларининг норозиликларидан чўчиб ҳам Яқин Шарқда тинч аҳоли орасида ўлим бўлишига келтирувчи ҳаракатлардан имкон қадар қочишган. 

Россия раҳбарияти чўчийдиган биргина нарса - россиялик ҳарбийларнинг Суриядаги амалиётлар вақтида ҳалок бўлишидан сақланиш эди.

Сурия мухолифатида нима гап? Улар учун барчаси тугадими?

Фото: Sputnik

Сурия мухолифати бир-бирига душман ва тез-тез қуролли тўқнашувларга киришадиган гуруҳлардан иборат. Саудия Арабистони бу кучларнинг энг ашаддийсига ҳомийлик қилди. Нисбатан камроқ даражада радикал бўлган гуруҳлар «Москва гуруҳлари» ва «Қоҳира гуруҳлари» деб аталган.

Мухолифатнинг музокаралар бўйича Олий қўмитаси қатъий позицияни танлади - Башар Асад кетиши керак!

Ўтган ойда Олий қўмитанинг бир неча таъсирли раҳбарлари, жумладан, ташкилот бошлиғи Риёз Ҳижоб лавозимини тарк этганини эълон қилди. Улар бу қарорга халқаро ҳамжамият томонидан уюштирилаётган босимни сабаб сифатида келтиришди. Халқаро ҳамжамият мухолифат Асадга қарши бормаслиги ва у ўз ўрнида қолишига рози бўлишини истаганди.

Қочқинликда юрганлар энди ҳарбий фаоллик кўрсатиши имконсиз иш. Суриянинг қўшнилари энди аввал бўлгани каби уларга ҳомийлик қилиб, ўз еридан база ажратишни исташмайди.

Сурия мухолифатининг миллионлаб тарафдорлари қочқинларга айланишган. Улар Путин ва Россияга умид қилишади, шунингдек, Ғарб Асад режимини ағдариб, уларнинг уйларига қайтиши учун йўл очишини кутишади. Аммо бунинг эҳтимоли энди жуда кам.

Сурия халқини эса ҳар қандай қарор қониқтиради - муҳими қон тўкилиши тўхтасин ва мамлакат иқтисоди ҳамда инфратузилмалар тиклансин. Фуқаролик уруши уларни ҳолдан тойдирган, улар шунчаки тинчлик бўлиши ва уйларига қайтишни исташади.

Асосий ўйинчилар нима исташади?

Фото: Financial Times

Вашингтон Сурияни ўз ҳолига қўйган. Аниқроғи, Россияга қолдирган. Аммо Американинг бир шарти бор: «Эрон бу ҳудуддан кетиши, барча ҳарбийларини олиб кетиши керак».

Трамп президент бўлишидан олдинроқ Россиянинг Суриядаги ишларига аралашмаслиги ва Асад ўз лавозимида қолишига рози бўлишини айтганди. Обама маъмурияти вақтида ҳам Россияга ҳеч ким тўсиқ бўлмаётганди.

Россияда дипломатик жиҳатдан кузирлар кўп эди. Москва аввалига кўплаб йўналишларда Барак Обама маъмуриятини енгиб чиқди. Обама даврида Вашингтоннинг барча ҳаракатлари мухолифатни қуроллантиришга қаратилганди ва бу ҳаракатлар барбод бўлди. 

Трамп маъмурияти эса шу вақтга қадар Сурия бўйича муносабатлар учун яхлит дастур ишлаб чиқмади, АҚШ истайдиган аниқ нарса - Эроннинг минтақадаги нуфузи ортишига йўл қўймасликдир. АҚШ стратегиясининг энг самарали элементи курд ҳарбий бўлинмаларини қурол билан таъминлаб туриш бўлмоқда.

Вашингтон курдларни қўллашда давом этса, Сурия ҳукуматига жиддий муаммолар туғилади. Ўз навбатида, АҚШ Яқин Шарқда ўз ричагига эга бўлади. Бу мамлакатда урушдан кейинги тикланиш жараёнида қийинчиликлар туғдиради.

Агар АҚШ Дамашқни пулсиз қолдирса, Россия ва Эроннинг минтақадаги ғалабасига соя ташлайди. Шу билан бирга, курдларни қўллашда давом этар экан, АҚШ Туркия, Сурия ва Ироқнинг норозилигига сабаб бўлади.

Дональд Трамп курдлар ҳақида нимани ўйлаётгани ҳозирча тушунарсиз. Айрим хабарларга кўра, у Анқарани ИШИД тор-мор этилгани туфайли курдларга қурол етказиб беришини тўхтатишига ишонтирган. 

Бундай ваъда Туркияни хотиржам қилиши мумкин, аммо курдлар бу янгиликни хиёнат сифатида қабул қилишади. Вашингтон қурол етказиб беришни тўхтатса, улар Сурия учун осон ўлжага айланишади ва Дамашқ курдларнинг позицияларига ҳужум бошлаши мумкин бўлади.

Юқорида айтилганидек, Туркия ва Эрон Россиянинг иттифоқчилари. Аввалига Туркия Асаднинг кетишини талаб қилаётганди, якунда кучлар мувозанати ўзгариши ортидан ўз стратегик манфаатлари ҳақида қайғуришга қарор қилди. Анқара учун, биринчи навбатда, ҳудудда курдлар мухторияти ташкил этилишига йўл қўймаслик туради. Бу зарурат туфайли Анқара Россия билан ҳам, Теҳрон билан ҳам ҳамкорлик қилишга рози.

Минтақанинг бошқа ўйинчилари ҳам шундай бўлишига рози. Саудия Арабистони АҚШнинг йўлидан қолмайди, шу вақтгача Башар Асаднинг кетишини қатъий талаб қилган саудлар энди жим. 

Яна бир қизиқарли томон бор - Исроил. Бу давлат ҳам Россиядан бир нарсани талаб қилади - Эроннинг Суриядаги таъсир доираси чекланиши керак.

Сурия демократик кучлари Раққадан чекинтирилгач, курдлар Суриянинг шимоли-шарқидагина назоратни ўз қўлида сақлаб қолмоқда. Шу билан бирга уларнинг қўлида нефть захиралари мавжуд ва бу музокараларда муҳим ўрин тутиши мумкин. Улар ҳамон мухторият умидини узишгани йўқ. Аммо Туркия бунга қаттиқ қаршилик қилмоқда ва Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳам курдлар Сочи музокараларида қатнашмаслигини талаб қилди.

«Ўйинчилар Россиянинг қарорларига рози бўладиларми ёки йўқ, лекин Россия вазиятни истаганча ўзгартириши мумкинлигини тан олишади ва у билан ҳисоблашишади», дея вазиятни баҳолайди Би-Би-Си сиёсий шарҳловчиси Эдгар Жаллод.

Россияни ҳали олдинда баъзи дипломатик муаммолар кутиб турган бўлиши мумкин. Қисқа муддат учун Москва, Теҳрон ва Анқара бир мақсад йўлида иттифоқчилик қилиши мумкин. Аммо ўрта муддатли манфаатлар уларни айириши ҳам мумкин.

Ҳозирда Исроил Россияга Эроннинг Суриядаги мавқеи чекланишини талаб қилиб, дипломатик йўллар билан босим ўтказмоқда. Аммо Исроилда ҳарбий қудрат ҳам бор ва улар ўзларига таҳдид сезишса, Суриядаги воқеалар ривожига таъсир кўрсатиши мумкин.

Россия ҳамиша Сурияда бўладими?

Россиянинг Сурия келажаги борасидаги режалари аниқ эмас. Москва баъзи мухолиф гуруҳлар билан ҳам алоқада бўлиб туради, руслар уларни ўт очишни тўхтатишга кўндириш учун ҳаракат қилади. Аммо бу қисқа муддатли келишувлар ва амал қилиш муддати номаълум.

Қайтариб олинган ҳудудларни сақлаб қолишга Асаднинг қурби етадими? "Ҳизбуллоҳ" ва бошқа шиа гуруҳлари Сурияда қоладими? Агар улар Сурияда қолишса, кимнинг манфаати учун ҳаракат қилади - Суриянингми ёки Эроннинг?

Фото: Getty Images

Россиянинг Суриядаги натижасини ғалаба деб атасакда, бу ҳали якуний ғалаба эмаслигини қўшимча қилиш керак. Москванинг Сурия келажаги билан боғлиқ бошқа режалари ҳам бўлиши мумкин.

Агар Башар Асад ҳукумат тепасидан кетказилса, Россиянинг позицияси қандай бўлади? 

Путин Суриядаги уруш орқали қатор ютуқларга эришди. Россия ўзини ишончли иттифоқчи сифатида намойиш этди. Россиялик ҳарбийлар мамлакат ташқарисида ҳам қийин амалиётларни бажаришга қодир эканликларини кўрсатишди. Сурия Россия қурол-яроғларини синаш ва намойиш этиш учун полигон вазифасини бажариб берди.

Россия дастлаб 1970 йилда Яқин Шарқдаги муҳим ўйинчилардан бирига айланди. Кейинроқ СССР қулаши ортидан руслар бу минтақадан кетишди. Аммо кейинги йилларда АҚШ сиёсатидаги ўзгаришлар фонида Россия яна ўз мавқеини тиклади.

Россия жаҳон аренасига қайтди. Сурия халқининг азобларида биргина Россия эмас, барча хорижий давлатлар айбдор экани ҳисобга олинса, Путиннинг натижаларини ютуқ деб баҳолаш мумкин.

Суриянинг тақдири қачон ва қандай ҳал этилади?

Фото: Reuters

АҚШ Сурия масаласи бўйича қарорлар қабул қилишдан буткул четлатилган ва бу ишни Россияга қолдирган. 

Россия, Эрон ва Туркия учлиги музокараларида Сурия тақдири ҳал этилади. Шу ойда бўлиб ўтадиган Миллий мулоқот конгрессида барча манфаатдор томонларнинг келгуси ҳаракатлари белгилаб олинади. Сочида ўтказиладиган бу форумнинг асосий мавзуси Суриянинг 2011 йилдаги ҳолатга қайтаришдир. Унга кўра, барча хориж кучлари мамлакатни тарк этиши ва Сурияда фақат Россия ҳарбий базаси қолиши керак.

Ғарбни ортда қолдирган Россиянинг мақсади аниқ: Кремль статус-квони ва Яқин Шарқдаги энг асосий иттифоқчисини сақлаб қолишни истайди.

Ғарбнинг Суриядаги мақсади мураккаброқ. Ғарб бу мамлакатни яхлит демократик давлат сифатида кўришни истайди.

Ҳозирда Ғарб олдида қийин танлов турибди: бир томондан Суриянинг яхлитлигини сақлаб қолиш керак, ҳатто бу Башар Асад ҳукумат тепасида маълум муддат қолишини талаб этса ҳам.

Бошқа томондан, жаҳон ҳамжамияти Сочи консенсусомини сўзсиз қабул қила олмайди.

Уларнинг истагига кўра, тинч музокаралардан кейинги демократик сайловлар орқали ҳукумат ўзгариши керак. Бу сайлов натижалари эса Россия томонидан ҳам қабул қилиниши керак бўлади.

Азиз Қаршиев

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид