Жамият | 15:26 / 16.12.2017
28650
3 дақиқада ўқилади

Жиззах довонидаги ЙТҲда 15 инсон вафот этгани ҳақида тарқалган хабарлар ўз тасдиғини топмади

Яқинда ижтимоий тармоқлар, хусусан, Telegram мессенжерида 2017 йилнинг 5 декабрь санасида Жиззах довонида йўл-транспорт ҳодисаси рўй бериб, унда гўёки 15 нафар йўловчи вафот этганлиги тўғрисида видеолавҳа тарқатилди. Sangzor.uz ушбу ҳодиса гувоҳлари томонидан тасвирга олинган видеолавҳага аниқлик киритиш мақсадида Жиззах вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот гуруҳи томонидан берилган маълумотга асосланиб масалага ойдинлик киритди. 

Тақдим этилган маълумотга кўра, мазкур йўл-транспорт ҳодисаси аслида 2017 йил 10 ноябрь куни содир бўлган. Ҳодиса кеч соат 18:30да Ш.Рашидов тумани ҳудудидан ўтган "Тошкент-Термиз” М-39 йўлининг 999 км.да юз берган.
 
Сирдарё вилояти, Ховос шаҳар, "Соҳибкор” маҳалласида истиқомат қилувчи, шу шаҳарда жойлашган "ФИР-НУР-ОСИЁ-ТРАНС” МЧЖ ҳайдовчиси, 1978 йилда туғилган Иномжон Юсупов бошқарувидаги "МАN” русумли, 20 N 357 BA давлат белгили юк автомашинасининг  тормоз тизими ишламай қолганлиги туфайли рул бошқарувини йўқотиб, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган, Бухоро вилояти, Бухоро тумани, Галаосиё маҳалласи, Мустақиллик кўчаси, 54-уйда истиқомат қилувчи, ҳеч қаерда ишламайдиган, 1992 йилда туғилган Суннат Умаров бошқарувидаги "Cobalt” русумли, 80 М 515 JA д/б ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Амударё тумани, "Қиличбой” ҚФЙда истиқомат қилувчи, 1972 йилда туғилган Ўткир Маткаримов бошқарувидаги "Нексия” русумли, 95 Z 937 DA д/б автоуловлари билан тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.

Натижада "Cobalt” русумли автоуловида бўлган йўловчилар, Бухоро вилояти, Пешку тумани, "Куёвхўжа” маҳалласида истиқомат қилган, 1960 йилда туғилган Убайдулла Жўраев тан жароҳати олиб воқеа жойида вафот этган. Ҳайдовчи С.Умаровнинг отаси 1965 йилда туғилган Мухтор Умаров ҳамда "Нексия” русумли, автоуловида бўлган Қорақалпоғистон Республикаси, Элликқалъа тумани, "Ўйқалъа” маҳалласида истиқомат қилувчи, 1988 йилда туғилган Исломжон Сафарбоевлар тан жароҳати олишиб, РШТЁИМнинг Жиззах филиали жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси, 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид