Light | 00:38 / 19.12.2017
41192
7 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг бадавлат кишининг турмуш ўртоғи - Маккензи Безос тарихи

Фото: Getty Images

Жефф Безос турмуш ўртоғига янги компания ҳақидаги ғоялари ҳақида айтганида аёл эрини сўзсиз қўллаб-қувватлади. Маккензи эри билан бирга Сиэтлга кўчиб ўтди ва янги ташкил этилган Amazon'да ҳисобчи бўлиб ишлай бошлади.

Ёзувчи бўлишни режалаштирган Принстон битирувчиси учун бу бошқа бир томонга чекиниш эди - бироқ у эрини қўллаб-қувватлашни жуда истаганди. CBS'га берган интервьюсида Маккензи шундай деди: "Мен учун турмуш ўртоғимга, севган инсонимга қараш — энг яхши ва қизиқ саргузашт". Аёл Amazon ташкил этилгандан кейин ҳам ёзишдан тўхтамаган ва икки романини тақдим этган: 2005 йилда "Лютер Олбрайт текшируви" ва 2013 йилда "Қопқон". BusinessInsider таниқли ёзувчи Маккензи Безоснинг ҳаёт ва ижод йўлига доир маълумотлари билан бўлишди.

Маккензи Сан-Францискода улғайган. У Vogue'га берган интервьюсида уятчан қиз бўлгани ва кўп вақтини хонада "мураккаб ҳикоялар" тузиб ўтказгани ҳақида сўзлаб берган.

У ўзининг илк асарини олти ёшида ёзган. Аёлнинг Amazon'га жойланган ёзувчилик таржимаи ҳолида берилган маълумотларга ишонадиган бўлсак, бу асар сув тошқини вақтида йўқотилган.

Фото: Eduardo Munez/Reuters

Маккензи ўрта мактабдан кейин Хочис коллежига ўқишга кирган, сўнгра Принстонга — адабиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори Тони Моррисон раҳбарлиги остида бадиий адабиётни ўрганиш учун ўтган.

Фото: Peter Kramer/AP

Тони Моррисон Vogue'га берган интервьюсида Маккензи унинг Принстондаги фаолияти давомидаги энг яхши ўқувчиларидан бири бўлганини айтган.

Фото: Justin Sullivan/Getty

Маккензи коллежда идиш-товоқлар ювувчиси, официант, кийим-кечак сотувчиси, гастрономда кассир, ресторанда хостесс, кутубхонада маъмур, маълумот тўпловчи, ўқитувчи, энага ва Тони Моррисоннинг илмий ассистенти бўлиб ишлашга улгурган.

Фото: Lucas Jackson/Reuters

Ўқишдан кейин у ишга — DE Shaw инвестиция компаниясига илмий ходим лавозимига жойлашган. Унинг бўлғуси турмуш ўртоғи ва Принстондаги дўсти Жефф бу вақтда фирма вице-президентларидан бири бўлиб, уни биринчи бўлиб суҳбатдан ўтказган. Кейинроқ аёл уни тушликка таклиф қилган.

Фото: Kevork Djansezian/Getty Images

Уч ойдан кейин улар унаштирилган, яна уч ойдан кейин - турмуш қуришган, 1994 йилда эса ишдан бўшаб, Сиэтлга Amazon'ни ишга тушириш учун йўл олишган. Маккензи Amazon'нинг илк ходимларидан бири ва ёш компаниянинг ҳисобчиси бўлган.

Фото: Flickr/Tom Britt

Жеффнинг Vogue'га айтишича, у баъзан меҳнат таътили вақтида тунлари уйғониб кетиб, турмуш ўртоғи ваннада ўзининг биринчи романи устида ишлаётганини кўрарди. Охир-оқибат "Лютер Олбрайт текшируви" ёзилган ва 10 йилдан кейин чоп этилган.

Маккензи у учун оила адабиётдан муҳимроқ эканини айтган: "Учинчи фарзандимиз дунёга келганидан кейин ҳам ёзиш, ҳам яхши она бўлиш қийинлиги, ишларнинг ҳаддан зиёд кўплигини тушуниб етганман".

Фото: Joshua Roberts/Reuters

2005 йилда Маккензининг илк романи Америка китоб совринини қўлга киритди. У иккинчи - "Қопқон" романини яратаётиб, асар тугалланмасидан эрига кўрсатмасликка қарор қилди - бу уни ишлашга бўлган иштиёқини янада оширарди.

Маккензининг Vogue'га маълум қилишича, бу мураккаб қарор бўлган, чунки эри унинг учун энг яхши ўқувчи бўлган.

Фото: Catherine Benson/Reuters

Ҳеч нимага чалғимаслик учун Маккензи ўзининг кичик квартирасида ишлаган — ўша ерда ишлаб, кейин болаларни мактабдан олишга борарди.

Фото: Elaine Thompson/AP Images

"Вазият шундай эди: ишимни қанча эрта тугатсам, шунча тез у билан бўлишишим ва ўзим ўйлаб топаётган барча персонажлар ҳақида сўзлашишим мумкин эди. Сўнгги уч ойда улар мен учун шу қадар муҳим аҳамиятга эга эдики, болаларни автомобилда олиб келаётиб, қаҳрамонларимдан бири ҳақида ўйлаб, бирданига йиғлаб юборишим ҳам ҳеч гап эмасди", - дейди у.

Фото: Kevork Djansezian/Getty Images

2013 йилда "Қопқон" чоп этилиши билан Маккензи Amazon билан нашриёт битимини имзолашдан бош тортган.

Фото: Evan Agostini/AP Images

Маккензи ҳар куни ёзишга ҳаракат қилади. Seattle Metropolitan нашрига берган интервьюсида у шундай дейди: "Мен тасаввуримдаги одамларни доим қўллаб-қувватлашим, ҳаётимда уларга жой ажратишимга тўғри келади. Энг яхшиси, уйқудан эрта туриб, бирортаси билан гаплашмасимдан аввал ишлашга улгурганимда, шу боис менинг ишлаш учун икки маҳал вақтим бор: болалар уйғонгунга қадар ва улар мактабга кетганидан кейин".

Фото: Tomohiro Ohsumi/Stringer/Getty Images

Weidenfeld and Nicolson нашрида чоп этилган интервьюсида эса Маккензи шундай дейди: "Қопқон"ни ўқиш вақтида китобхонлар нималарни ҳис қилиши кераклиги борасида аниқ тасаввурларим йўқ - мен уларнинг шунчаки завқ олишини ва бу ҳикоя улар учун етарлича реал ҳамда кучли бўлиб чиқишини ва эҳтимол, уларнинг қарашларига таъсир ўтказишини хоҳлардим".

Фото: Danny Moloshok/Reuters

"Китобларда менга энг ёқадигани - ёзувчи тасаввури билан китобхон шахсий тажрибасининг ўзаро таъсири. Мен 10 йил аввал мутолаа қилган китобимни олиб, унга мутлақо бошқача кўз билан қарашим мумкин, зеро бу вақт ичида ўзим ўзгарганман ва энди илгари эътибор қилмаган нарсаларимга эътибор қаратаман", - дейди ёзувчи.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид