Жамият | 17:09 / 22.12.2017
132672
4 дақиқада ўқилади

“Камолот” уйлари бир йилда ўз “сири”ни фош қилди

Фото: KUN.UZ

Сурхондарё вилоятининг Денов тумани, “Ўртақишлоқ” МФЙда 2016 йилда “Камолот” уйлари қуриб, ўз эгаларига топширилган. Бу уйга яхши ниятлар билан кўчиб келган давлатимиз ижтимоий ҳаётида муносиб ўринга эга оилаларнинг қувончи узоққа чўзилмади. “Камолот” уйлари камолига етказиб қурилмагани фош бўлди.

Ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи фуқароларнинг KUN.UZ сайтига берган маълумотига кўра, вазият анча жиддий. Уларнинг айтишича, уйлардаги иситиш тизими мутлақо ишламайди. Хоналар музлаб ётибди.

“Ёш болам бўлганлиги сабабли, ота-онамнинг уйига қайтиб кетдим. Аммо уйи йўқ ёки кўпчилик бўлиб яшайдиганлар нима қилади, ҳайронман”, - дейди маҳалла фуқароларидан бири. 

Вазият билан яқиндан танишарканмиз, хоналарда қўйилган иситиш батареялари стандарт талабларига мутлақо тўғри келмаслигига амин бўлдик. Чунки ҳозир чўян батареялардан фойдаланиш тақиқланган бўлиб, уларнинг ўрнига пластик батареялардан фойдаланилмоқда. 

“Бу масала юзасидан туман ҳокимияти ва бошқа мутасадди вакилларга мурожаат этдик, аммо ижобий ҳеч қандай ечим бўлмади. Фақатгина уй котелига ёқиш учун 500 килограмм кўмир беришди холос. Замонавий уйларни кўмир билан иситиш жуда кулгили. Газ қувури келган, аммо улаб беришмаяпти. Бу - шу уйни қурган “Мармар” хусусий корхонаси ваколатига кирармиш. Улар билан гаплашсак эса, бизнинг шартномада уйларни газлаштириш шартлари кўрсатилмаган эди, дейишмоқда. Хуллас, ҳар икки томон ҳам масъулиятни ўзидан соқит қилишга уринмоқда”, дейди яна бир фуқаро.

Таом пишириш, чой-пой деган нарсалар учун эса ҳар ким ўз уйига суюлтирилган газ баллони олиб келиб жойлаштирсин, деб айтишибди фуқароларга. Тасаввур қилинг, фойдаланиш учун топширилганига эндигина бир йил тўлган уйда газ баллонидан фойдаланилса, бу на хавфсизлик талабларига ва на бошқа қолипларга тўғри келмайди.

Бундан ташқари, ушбу уйда яшовчиларнинг айтишича, сув босими жуда паст. Агар тўрт-беш хонадон бир вақтнинг ўзидан сувдан фойдаланса, у учинчи ва тўртинчи қаватдаги хонадонларга етиб бормайди. Шу ўринда айтиб ўтишимиз лозимки, ана шу уйда оз эмас, кўп эмас нақ 60 хонадон истиқомат қилади.

Эътиборимизни тортган яна бир ҳолат – бу уй олдидаги, номигагина қуриб битказилган болалар ўйнаш майдончаси бўлди. Бетон ва темир-терсаклар билан тўлиб-тошиб ётган майдончада ўйнаш бола учун жуда хавфли бўлиб, бу ер ҳам ҳеч қайси стандартга тўғри келмайди. Қаровсиз ҳолатда ётган майдончани таъмирлаш билан ҳам ҳеч ким қизиқмагани жуда ҳайратланарли. 

- Ойига 1 миллион 230 минг сўм тўлайман”, - деди шу уйда истиқомат қилаётган фуқаролардан бири. – Лекин хоналар яшаш учун яроқли эмас. Жумраклардан мунтазам сув оқиб ётади, иситиш тизими ноль. Қишда қандай кун ўтказамиз, бошимиз қотган...

Ҳа, вазият анча жиддий. Ташқи кўринишидан бинойидек туюлган уйнинг ичи дарз кетган. Кўриниб турибдики, уйни қуришда кўзбўямачилик қилинган, “қўлдан ўтар” этиб қурилган уй, мана, бугунга келиб ўз “сирларини” фош қилмоқда. Бу муаммо билан вилоят ва туман ҳокимияти астойдил қизиқиб кўрса, яхши бўларди. Чунки 60 хонадонда яшаётган қанчадан қанча қоракўз бу муаммолар ечими ижобий томонга ўзгаришини кутиб яшашмоқда. Мавзуга яна қайтамиз...

Сарвар Анвар ўғли
KUN.UZ мухбири

Мавзуга оид