Спорт | 17:40 / 22.12.2017
20359
12 дақиқада ўқилади

Ғоибназаров бокс ва ҳаётдаги қийинчиликлар, финалга жароҳат билан чиққани ва бошқалар ҳақида

Фото: KUN.UZ

Фазлиддин Ғоибназаров ҳақида гап кетганда, биринчи навбатда, кўз олдингизга Рио олимпиадаси шоҳсупасида йиғлаб мадҳия куйлаётган қаҳрамон келади. Қисқа муддатда миллат қаҳрамони даражасига чиқа олган спортчиларимиздан бири саналган «Файзи» яқинда KUN.UZ меҳмони бўлди. Ҳозирда профессионал боксда фаолиятини олиб бораётган Ғоибназаров билан спорт, фаолияти ва бошқа кўп нарсалар ҳақида суҳбатлашдик.

— Боксгача босиб ўтган йўлдан бошлайлик. Умуман, спорт билан шуғулланаётган ёшларнинг кўпчилиги катта спортга кириб келгунича турли қийинчиликларга чидай олмасдан спортни ташлаб юборади ва кўплаб истеъдодларни биз ярим йўлда бой берамиз. Бу ҳамма спорт турларида кузатиладиган ҳолат. Фазлиддин Ғойибназаров ҳам бугунги даражага етиб келгунига қадар катта қийинчиликларга дуч келгани табиий. Шу ҳақида тўхталиб ўтсангиз. Балки бизни кўриб турган ёш авлодга бу ўрнак бўлар.

— Боксга кириб келишимга Достон исмли синфдошим сабабчи бўлган. 2001 йилда у билан биринчи марта бокс тўгарагига боргандик. Ўзи мени эркин курашга бўлган қизиқишим жуда юқори эди. Аммо эркин кураш билан шуғулланиш учун тўгарак тушликдан кейин эди. Бу пайтда мен мактабга боришим керак бўларди ва ҳеч қанақасига тўгаракка вақт ажрата олмасдим. Шунда Достон синфдошим эрталаб бўладиган бокс тўгарагига бирга қатнашишни таклиф қилди. Унинг таклифига рози бўлиб бордим. Бу даврда жуда кўплаб болалар билан бирга шуғулландик. Уларнинг кўпчилиги сиз айтганингиздек ярим йилда спортни ташлаб кетди. Кимлардир охиригача давом эттириб, яхши натижаларга эришди. Кимдир ютқазганидан кейин, кимдир ғирромлик билан ҳакамлар рақибга ён босганидан сўнг спортдан кўнгли совиб кетди. Лекин менда бунақа ҳолат бўлмаган. Худо хоҳласа, бундан кейин ҳам бўлмайди. Ютқазсам, ичимдан алам ўтарди. Агар яхшироқ тайёргарлик қилсам, ютардимку, деб ўйлардим. Умуман, мағлубиятдан ўзим учун тўғри хулоса чиқарардим.

— Терма жамоага кириб келишингиз ҳақида гапириб беринг?

— Биринчи марта ўсмирлар, кейин ёшлар ўртасидаги терма жамоалар билан шуғулланиб юрганимизда, бизни катталар терма жамоаси билан бирга шуғулланишга чақиришди. 2008 йилда ҳали ўсмирлар терма жамоаси аъзоси бўлганимдаёқ катталар терма жамоаси билан шуғулланганман. Расман биринчи марта асосий терма жамоа сафига 2009 йил катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида ғалаба қозонганимдан сўнг қабул қилинганман.

—Ўтган йилги олимпиадага борган спортчилар ичида энг тажрибалилардан бири эдингиз. Лондон олимпиадасида ҳам иштирок этгандингиз ва бу сизнинг иккинчи олимпиадангиз эди. Умуман, мана шу иккита олимпиада оралиғида нималар ўзгарди. 21 ёшли Ғоибназаров билан 25 ёшли Ғоибназаров ўртасида қандай ўзгариш бўлганди?

— 4 йил жуда катта муддат. Бу муддатда ҳаётимда жуда катта ўзгаришлар рўй берди. Бу ўртада ҳаттоки боксни ташлаб қўйишимга ҳам тўғри келди. Боксдан бироз узоқлашиб, кейин яна қайтиб терма жамоа таркибидаги жойимни қайтариб олдим. Тўрт йил давомида нафақат спортда, ҳаётимда ҳам катта янгиликлар бўлди. Бу орқали тажриба орттирдим.

Албатта, бу воқеаларни айтиб бериш учун жуда кўп вақт талаб қилади. Лекин мен ўзимга керакли хулосаларни қилиб олдим. Ҳеч қачон шошиб қарор чиқармаслик керак экан. Ҳали ёшман, катта қийинчиликлар, ҳаётнинг паст-у баланди ҳали олдимда, деб ўйлайман. Шу маънода бу даврни жуда катта қийинчиликлар даври деб ҳам бўлмас. Ёш бўлишимга қарамасдан, терма жамоанинг тажрибали аъзоси эдим. Олимпиада, жаҳон ва Осиё чемпионатларида иштирок этган терма жамоа аъзоси эдим. Аммо 2014 йилда кутилмаганда ўнг қўлим чиқиб кетиши натижасида жиддий жароҳат олдим. Ҳеч нарса қила олмай қоларкансиз. Боксдан йироқлашиб кетишга тўғри келарди. Мустақил машғулотлар қилардим, лекин буни етарли, деб бўлмасди. Шунда ҳаётнинг ҳамма синовларига тайёр туриш кераклигини тушунганман. Баъзи одамларга ишонгандим. Аммо улар керак пайтда йўқолиб қолишганди. Бутун фикри хаёлим боксда бўларди ва бирданига ҳаммаси йўқолди. Шундан кейин ўзимча ўйлаб, ҳар бир одам оиласига, ота-онасига суяниб, қийинчиликларни енгиб ўтиши лозим экан.

Лондондаги мусобақага келадиган бўлсак, у ерда тажрибали боксчиларимиз Аббос Атоев, Элшод Расуловлар Олимпиаданинг босими юқори бўлишини, фақат тактик ва жисмоний тайёргарлик билан натижага эришиб бўлмаслигини айтишганди. Руҳий тайёргарлик билан олимпиадага бориш муҳимлигини тушунтиришган. Аммо биз ёш, кучга тўлган вақтимиз эди. Жисмонан бақувват бўлиб, яхши спорт формасида бўлсак, исталган рақибни ютамиз, деб ишониб борганмиз. Ўзимизга ишонч юқори эди. Аммо у ерга боргандан кейин эса бутунлай бошқача вазият эканини тушундик. Бу мен учун катта тажриба бўлди. 2016 йилги Олимпиадага эса тайёргарлик мутлақо бошқача бўлди. Жамоавий ҳамжиҳатлик кучли эди. Энг асосийси ҳеч қандай руҳий босим бўлгани йўқ.

— Рио Олимпиадаси финалини ёдга олайлик. Эшитишимизга қараганда ўшанда бармоғингиз ёки қўлингиз синган бўлган экан. Шунга қарамасдан рингга кўтарилган экансиз. Бу қанчалик рост? Умуман, ўшандаги ҳолатни бир хотирлаб кўрайлик.

—Ҳозир буни айтиб берсам кўпчиликка эртак туюлиши мумкин, аммо ўша вақтда терма жамоа аъзоларининг бирортаси соппа-соғ эмасди. Бектемирни бели оғрирди. Шаҳрамни бошқа ёғи. Асосан, қўлда жароҳатлар бўларди. Масалан, мен ҳам чап қўлимни Олимпиада олдидан операция қилдиргандим. Баҳодир Жалоловда ҳам шунақа бўлганди. Ҳаттоки қўлим мушт бўлмасди. Ҳозиргача яхши мушт қила олмайман. Ўнг қўлим эса тўлиқ очилмасди. Айнан шу сабаб 2014 йилда боксни ташаб узоқ вақт рингга чиқмагандим. Шунга қарамасдан, мухлисларимизнинг қўллаб-қувватлашлари ва дуолари сабаб яхши натижага эриша олдик.

— Ҳаваскор бокс билан профессионал бокс ўртасидаги фарқ қандай? Бу фақат машғулотларда кўринадими? Умуман, ҳаваскорликдан профига ўтишдаги энг катта қийинчилик нима экан?

— Ҳали профессионал боксга ўтганимга кўп бўлмади. Лекин бир нарсани билдимки, ҳаваскор боксда тўпланган тажриба қўл келаркан. Машғулотларда ҳам деярли фарқ йўқ. Фақат бу ерда ҳайрон қолдиргани ҳамма ўзи учун шуғулланади. Профессионал спортчи ўзи ҳаракат қилади. Мен мураббийим Аброр Турсунпўлатовни ҳам олиб боргандим. Ҳозиргача бирга ишлаб келмоқдамиз. Вақти келса, профессионал бокс мураббийларидан тавсия олиб турибмиз. Профессионал бокс бу уч ёки беш раунд эмас. 8-10-12 раунд. Бунга тайёр бўлиш керак. Аста-секин мослашиб бормоқдамиз.

—Тор Rank варианти қандай пайдо бўлди? Нега айнан шу промоутерлик компанияси билан иш олиб бораяпсиз. Олимпиададан кейин бошқа таклифлар ҳам бўлганмиди?

— Албатта, таклифлар бўлганди. Аммо Тор Rank ном жиҳатдан ҳам, сафидаги машҳур боксчилари бўлгани учун ҳам мураббий ва яқинларимиз билан келишиб, шу ерда шуғулланишга қарор қилдик.

— Бутунлай янгича муҳит, янгича ҳаёт, бегона юртда қандай қийинчиликларга дуч келдингиз?

— Албатта, қийинчиликлар ҳам бўлди. Бу қийинчиликлардан ўтдик, деб ўйлайман. Аммо бир нарсани унутмаслигим керак-ки, мен у ерга дам олгани ёки ўйин кулги қилиб, шахсий ишим билан борганим йўқ. У ерга олдимга аниқ мақсад қўйган ҳолда боргандим. Ватаним шаъни, оилам учун келганман. Фарзандларим ҳозир энг ширин вақти. Уларни соғинаман, аммо мени нима мақсадда келганим тинчлантирарди.

— Сўнгги вақтларда ўзбекистонлик кўплаб ҳаваскор боксчиларнинг профессионал фаолиятини бошлаётгани ҳақида эшитмоқдамиз. Муроджон Аҳмадалиев, Шаҳрам Ғиёсов ва яна бир қатор боксчилар. Уларнинг ҳам Америкага йўл олганидан хабаримиз бор. Бу боксчилар ҳам Тор Rank промоутерлиги остида рингга чиқадими?

— Ҳозир уларнинг иккаласи ҳам АҚШга жўнаб кетишган. Лекин улар ҳали ҳеч қайси бири шартнома имзолагани йўқ. Музокаралар давом этмоқда. Профессионал шартнома имзолангач, ижтимоий тармоқлар орқали хабар беришса керак. Уларда ҳам таклифлар кўп. Шунинг учун ҳар бир таклифни кўриб чиқишмоқда.

— Умуман, яна қайси боксчиларимизни профессионал боксга ўтиш вақти келди деб ҳисоблайсиз? Умуман, нега сўнгги вақтларда бизда боксчилар ҳаваскор рингда кераклича натижаларга эришган бўлсада, профессионал боксга ўтишга шошилмай қўйишган. Масалан, Ҳасанбой Дўсматов олимпия чемпиони бўлгач, кўпчилик уни профига ўтади, деб кутганди. Аммо у ҳамон ҳаваскор боксда юрибди.

— Йўқ, буни одамнинг ўзи ҳал қилиши керак. Масалан, менга қолса, ўзим келгуси олимпиадада ҳам иштирок этган бўлардим. Бунга кучим етади, деб ўйлайман. Ҳасанбой билан ҳам бошқа терма жамоа йигитлари билан ҳам гаплашиб тураман. Кимдир профига ўтяпти, кимдир қолмоқчи. Ҳасанбой Дўсматов билан ҳам гаплашганимизда у келгуси олимпиадада иштирок этмоқчи эканини айтди. Буни жуда яхши қарор, деб ҳисоблайман. Ҳали у ёш, кейинги олимпиадада ҳам олтин медаль олиб кела олиши мумкин, деб ўйлайман. Масалан, Бектемир Мелиқўзиевга ҳам жуда яхши таклиф чиққанди. Америкадаги промоутерлардан. Улар бизга гаплашиб беришимизни сўради. Шунда Бектемирга бор гапни айтдим. Аммо у ҳали Токио олимпиадасида иштирок этиш нияти борлигини айтди. Умуман, бошқа спортчиларда ҳам имконият бор. Уларнинг ўзини шахсий мураббийлари бор. Кўпинча, айнан шулар билан маслаҳатлашган ҳолда иш кўришади. 

— Тўртинчи жангингизни 9 декабрь куни ўтказишингиз лозим эди. Уч марта бекор бўлди. Кейин америкалик Ортиз билан жанг ўтказилиши айтилганди. Аммо у ҳам ўтказилмади. Қандайдир муаммо пайдо бўлдими?

— Машғулотлар яхши кечаётганди. Жангга икки ҳафта қолганда ўнг қўлимдан жароҳат олдим. 2014 йилда қўлим чиқиб кетганди. Ўша жароҳат яна қайталаб қўлим оғриб қолди. Менга қолса, бир қўлимда бўлса ҳам жанг қилмоқчи эдим. Албатта, ҳозир бир қўлим билан деганимда ҳам, жанг бўлса барибир оғираётган қўлимни ҳам ишлатган бўлардим. Аммо менежерлар яхшиси тўлиқ соғайиб олишимни, уларга менинг соғлиғим кераклигини айтишди. Шу сабаб билан жанг бизнинг томон талаби билан бекор бўлди.

2018 йилнинг январидан яна машғулотларга қайтаман. Март ойининг ўрталарида жангга тушмоқчиман. Ҳозирча жанг қилиш учун иккита аниқ вариант чиқиб турибди. Жанг ё Дубайда бўлади ёки Нью-Йоркда. Рақибга келадиган бўлсак, ўша Стивен Ортиз вариантида тўхтаб турибмиз. Агар у олдинроқ жанг ўтказиб қўйса, балки бошқа рақиб бўлиши ҳам мумкин.

Интервьюнинг тўлиқ кўринишини Youtube‘даги саҳифамиз орқали томоша қилишингиз мумкин.

Азамат Муродов суҳбатлашди

Мавзуга оид