Жаҳон | 09:15 / 22.12.2017
9219
1 дақиқада ўқилади

Рауль Кастро Куба раҳбари лавозимидан кетишини тасдиқлади

Фото: EPA

Куба давлат кенгаши ва вазирлар кенгаши раиси Рауль Кастро ўз лавозимини 2018 йил апрелда тарк этишини тасдиқлади. Бундан аввал ОАВда унинг 2018 йил 19 апрелда ўз лавозимидан кетиши ҳақида хабар қилинганди.

Кастро бу ҳақда мамлакат парламенти – Халқ ҳукумати миллий ассамблеяси йиғилишида айтиб ўтди.

“19 апрелда Халқ ҳукумати миллий ассамблеясининг янги таркиби шакллантирилади, менинг давлат ва ҳукумат раҳбари лавозимидаги охирги ва иккинчи муддатим якунланади”, деб айтган 86 ёшли Кастро.

Рауль Кастро давлат кенгаши раиси лавозимини 2008 йилдан бери эгаллаб келади. У бу лавозимни акаси, Куба инқилоби етакчиси Фидель Кастро истеъфосидан кейин эгаллаган.

Кастронинг лавозимини эгаллаши мумкин бўлган номзодлар орасида унинг ўринбосари, 57 ёшли Мигел Диас-Канеля номи келтирилмоқда.

Шу билан бирга Рауль Кастро 2021 йилгача Кубадаги ягона сиёсий партия ҳисобланувчи Коммунистик партия раҳбари бўлиб қолади. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид