Жамият | 22:11 / 23.12.2017
28031
4 дақиқада ўқилади

Қалб қўридан чиққан гаплар: Маҳалла аҳли ўз фарзандларини ўйлаб, KUN.UZ’га мактуб йўллади

Фото: KUN.UZ

KUN.UZ таҳририятига навбатдаги мурожаат келиб тушди. Аслида, электрон почтамиз орқали ҳар куни кўплаб мактублар оламиз. Уларнинг аксариятида турли хил муаммолар кўтариб чиқилган бўлади. Аммо қуйидаги мурожаат бир киши эмас, балки бутун маҳалла номидан ёзилгани эътиборимизни ўзига тортди.

“Ассалому алайкум. Биз Андижон вилояти, Хўжаобод туман, “Сарқамиш” МФЙнинг Раиш бўйи кўчасида яшовчи фуқаролар KUN.UZ сайтига ёзиб, мурожаат қилишимизга қуйидагилар сабаб бўлди.  

Мустақиллигимизнинг ўтган йиллари мобайнида вилоятимизда, шу жумладан, бизнинг Хўжаобод туманида ҳам ҳавас қилгудай жуда кўп бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Бу ишларни ва ўзгаришларни кўриб, биз шу заминда яшаб келаётганимиздан фахрланамиз ва юртбошимиздек халқ фаровонлиги йўлида кечаю-кундуз қайғуриб, хизмат қилиб келаётган инсондан чексиз миннатдормиз.

Шунингдек, юртимизда ёшларга яратилаётган шароитлар ҳам хоҳ илм соҳасида ёки спортда бўлсин, инсоннинг ҳавасини келтиради.

Шу ғамхўрликка жавобан ёшларимиз ҳам лаббай деб жавоб бериб, дунё миқёсида ўз истеъдодларини кўрсатиб, нуфузли ўринларни эгаллаб, мамлакатимиз шаънини юксакларга кўтармоқдалар.

Бундан қалбларимиз қувончларга тўлади ва, албатта, бизнинг ўғил-қизларимиз, набираларимиз ҳам яхши билим олишларини, бунинг учун эса бизнинг фарзандлар хам шаҳар ёшлари каби инновацион техникалардан ва бошқа билим қуролларидан фойдаланишларини жуда ҳам истаймиз.

Лекин бизнинг фарзандлар ҳам шундай шароитда билим олишлари ва спорт билан шуғулланишлари учун айрим чекловлар мавжуд.

Буни ачиниш билан KUN.UZ сайтига ёзиб маълум қилишимиздан сабаб, маҳалламизга табиий газ қувурлари келтирилган бўлса-да, лекин бизнинг кўчага газ етиб келмаган. Натижада, ўттиздан ортиқ хонадон аҳолиси табиий газга эҳтиёж сезиб яшаб келмоқдалар.

Бугунги изғирин совуқ кунларда фарзандларимиз иссиқ хоналарда дарсларини тайёрлаб, ўз устиларида ишлаш ўрнига, ташқаридан ўтин ва бошқа ёнилғи топиб келиш, ўтин ёриш, печкага ўт қўйиш, уйни иситиш билан вақтларини ўтказмоқдалар. Ваҳоланки, бизнинг кўчадан 30 метр нарида газ қувури ўтган бўлиб, бизнинг хонадонларни ҳам шу газ қувурига улаш билан барча муаммоларимизни ҳал қилиш мумкин.

Шунингдек, бизнинг ҳудудга электр энергияси таъминоти ҳам жуда чекланган. Бу масалада маҳалла фуқаролар йиғинига ҳамда туман ҳокимлигига мурожаат қилган бўлсак-да, ҳеч қандай ёрдам кўрсатилгани йўқ.

Ҳозирги қиш шароитида эрталаб болаларимизни ўқишга кузатиш, кечки пайт уларни кутиб олиш, уларга кечки овқат тайёрлаш, ўқувчи ўғил ва қизларимиз қандай шароитда уй вазифаларини тайёрлашини кўз олдингизга бир келтиринг!

Сизларга буларни маълум қилиш билан бирга, шу мақолани кўриб, кошки бизнинг кўчани ҳам табиий газ билан таъминлаб беришларини умид қиламиз”.

Ҳа, умид инсонга катта куч берадиган туйғу. Инсон боласи ҳар доим яхши кунларга ишониб яшайди. Нимадандир умид қилади. Ҳозир Ўзбекистонда жуда катта суръатларда кучли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ўйлаймизки, мазкур туман ҳокими ва мутасадди вакиллари ушбу ислоҳотларга беэътибор бўлмаган ҳолда, бу одамлар умидини рўёбга чиқаришади. Муаммолар ўз ўрнида ижобий ва амалий ечимини топади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид