Жамият | 11:45 / 23.12.2017
24071
9 дақиқада ўқилади

Тешиб чиққан “суюнчи пули”

Машойихлар яхшилик билан ёмонликнинг ораси бир қадам дейишади. Ҳилола Чориева (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ана шу қадамни нотўғри ташлаб, тўғри йўлдан адашди. Моддий манфаатдорлик эвазига эгри йўлдан юришни маъқул кўрди, оқибатда эса...

Апрель ойи охирлари. “Нексия” машинасини ижарага олиб, Термиз шаҳрида киракашлик билан шуғулланадиган Акмал кечки соат ўн бирларгача тиним билмади. Мижозлар камайиб, энди яшаш манзили – Термиз туманига кетишга чоғланиб турган бир пайтда уяли телефони жиринглаб қолди. Экранда ҳамқишлоғи Абдурасулнинг телефон рақами кўриниб турарди, деб ёзади “Постда” газетаси.

- Ҳа, Абдурасул, нима гап?

- Ассалому алайкум, Акмал ака! Ҳали шаҳардамисиз?

- Ҳа, энди кетмоқчи бўлиб тургандим.

- Жойингиз бўлса мени олиб кетинг, “Юбилейний”нинг олдида кутиб тураман.

- Хўп, беш дақиқада ўша ерда бўламан.

Бироздан кейин икки ҳамқишлоқ Термиз тумани сари кетиб боришарди. Абдурасул чарчагани боис орқа ўриндиққа ўтирганча ухлаб кетарди. Унчалик ҳам кўп юрмаганди ҳамки, орқаларидан катта тезликда келаётган бир машинанинг чироқлари кўринди. “Матиз” автомашинаси шитоб билан яқинлашиб, “Нексия”ни қувиб ўтишга чоғланди. Айни шу пайт қарши томондан юк машинаси яқинлашиб кела бошлади. “Матиз” ҳайдовчиси ноилож руль чамбарагини ўнгга бурди. Тўқнашув-ку, содир бўлмади, лекин “Матиз” автомашинаси “Нексия”га жуда яқинлашиб, унинг ён томонини қириб ўтишга улгурди. Мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаси рўй беришининг олдини олган Акмал машина сигналини кетма-кет босиб “Матиз” ҳайдовчисини тўхташга ундади. Лекин қилғилиқни қилиб қўйган ҳайдовчи машинани тўхтатишни, кечирим сўрашни хаёлига ҳам келтирмасди. Янада тезликни ошириб, жуфтакни ростлашни маъқул кўрди. Бундан жаҳли чиққан Акмал уни анча жойгача таъқиб қилиб борди ва олдини тўсиб тўхташга мажбур қилди. “Матиз”да ҳайдовчидан ташқари бир аёл ҳам ўтирарди.

- Ҳа, ука, тинчликми? – “Матиз”дан тушиб келган йигит Акмалга ўдағайлай бошлади.

- Тинчликми, деб сиздан сўрашим керак. Машинамнинг ёнини чизиб кетдингиз. Яна ҳеч нарса бўлмагандек сўрашингизни қаранг, - деди Акмал жаҳли чиқиб.

- Нимага менга туҳмат қиляпсан?

- Шунақами? – Ҳайдовчи билан муросага келишига ишонмаган Акмал шартта бориб “Матиз”нинг калитини суғуриб олди. – Унда ҳозир шу ерга ЙПХ инспекторларини чақирамиз. Улар айб кимда эканлигини бир зумда аниқлаб беришади.

- Қўй, ука. Ярим кечаси уларни қаердан топасан? Шу овлоқ жойга келаман деб кўзи учиб турмагандир...

- Ҳозир кўрамиз-да... – Акмал шундай деганча уяли телефонини қўлига олди.

- Тўхта, мен ўзим чақираман, - “Матиз” ҳайдовчиси телефонида кимгадир қўнғироқ қилиб унга турган жойини айтди. Тезда етиб келишини илтимос қилди.

Кўп ўтмай улар олдига яна бир “Нексия” машинаси келиб тўхтади. Ундан бир йигит тушиб келди. Бу “Матиз” ҳайдовчиси чақирган киши эди. “Матиз” ҳайдовчиси унга бўлган воқеани қисқача тушунтирди.

- Бўлар иш бўлибди, энди ўзаро келишиб бир тўхтамга келинглар. Сиз нима хоҳлайсиз, ака? – деди у Акмал томон юзланиб.

- Нима бўларди, устахонага борсам қирилган жойни тўғрилаш учун 300-400 минг сўм сўрайди. Шу харажатини беринглар, кетавераман.

- Нима, ўйлаб гапиряпсанми? – “Матиз” ҳайдовчиси тутақиб кетди.

Бири бу деди, бошқа у, хуллас, бироз тортишув бўлди. Тортишувга икки машинадаги йўловчилар ҳам келиб қўшилди. Охири “Матиз” ҳайдовчиси чақирган йигит Акмалга “рози бўлинг, ҳаётда бўлиб туради-ку бунақа ҳолат”, дея бир тахлам минг сўмлик пул тутқазди. Ноилож қолган Акмал пулни олди...

Ҳамма ғавғо эртасига бошланди. Эрталабдан яна шаҳарга келиб, киракашлик қилиб юрган Акмал тушга яқин турмуш ўртоғининг пластик карточкаси орқали харид қилмоқчи бўлди. Шу мақсадда машинасининг қуёш қайтаргичига қистириб қўядиган жойни очиб, уни олмоқчи бўлди. Не кўз билан кўрсинки, пластик карточка билан бирга турган ҳарбий гувоҳномаси, автомашина талони, машинанинг техник паспорти ҳам йўқ эди. Яна у-бу нарса йўқолмадимикин, деган ўйда у ёқ, бу ёқни кўздан кечирди. Буни қарангки, машинадаги автомагнитоланинг пульти ҳам жойида йўқ эди.

Акмалнинг хаёлига дафъатан биронта ўғри ўмариб кетмадими, деган ўй келди. Лекин ўйлаб қараса, эрталаб уйдан чиққанидан буён машинасидан узоққа кетгани йўқ. Ким олган экан-а? Акмал минг бир хаёлга бориб, боши қотди. Охири ўйлай-ўйлай калаванинг учини топгандек бўлди. Кеча кечаси шаҳардан қайтаётганида бўлган воқеани эслади. Ўшанда иккаласи тортишиб турганда “Матиз” йўловчиси бўлган аёл машинадан тушиб, унинг машинаси атрофида куймаланиб юргандек бўлувди. “Нексия”га ўтирганини ҳам эслади: “Биз тортишиб турганимиздан фойдаланиб, ҳужжатларни ўмарган. Бундан бошқача бўлиши мумкин эмас”.

Акмал сўраб-суриштириб, кечаги “Матиз” машинаси ҳайдовчисини топди. Унга тахминини айтганди, у бунга ишонмай Акмалга қаттиқ гапирди. Кейин гумонининг тўғри ёки нотўғрилиги аниқлаш учун биргаликда ўша аёл – Ҳилола Чориева ишлайдиган кафега боришди. Акмал унга келишдан мақсадини айтганида Ҳилола жаҳл қилиб бақирди:

- Қилмаган ишимизга туҳматга қолдикми энди? Мен қаердан биламан сенинг ҳужжатларингни?

Акмал уни кузата туриб, бехосдан Ҳилоланинг чўнтагидан учи чиқиб турган ҳужжатини кўриб қолди.

- Опа, нега алдайсиз? Ана, чўнтагингизда турибди-ку, ҳужжатларим.

Ҳилола чўнтагига бир қараб олди-да деди:

- Ҳа, фақат сенми бировларни чув туширадиган?! Сен шохида юрган бўлсанг, мен баргида юраман. Ҳужжатларинг менда. Керак бўлса, 300 минг “суюнчи пули” бер, олиб кетавер. Керак бўлмаса, ҳаммасини ёқиб юбораман.

- Унақа қилманг, ахир, сизга ёмонлик қилмадим-ку.

- Гап шу, ҳужжат керак бўлса, 300 минг олиб кел...

Акмал қуруқ қўл билан қайтишга мажбур бўлди. Шу куннинг ўзида яна икки марта Ҳилолага қўнғироқ қилиб, ҳужжатларини қайтаришини сўради. Ҳар гал қўнғироқ қилганида аёл “суюнчи пули”нинг миқдорини ошириб бораверди.

- Энди бир миллион сўм олиб келсанг, ҳужжатларингни қайтараман. Истаган жойингга ёз, хоҳласанг шантаж қиляпти де. Менга фарқи йўқ.

- Опа, машинани ижарага олганман, ишламасам бўлмайди. Қайтариб беринг, илтимос.

Акмал қанча ялиниб-ёлвормасин, Ҳилола айтганидан қолмади. Ҳатто “бу ишинг яхши эмас, ҳужжатларини қайтариб бер” дея маслаҳат берган дугоналари, яқинларининг ҳам гапига кирмади.

Ноилож қолган Акмал пулни беришга мажбур бўлди. Фақат...

Эртасига Акмал тўғри Ҳилола ишлайдиган кафенинг ошхонасига кириб борди.

- Яна нимага келдинг?

- Ҳужжатларим учун.

- Пулни олиб келдингми?

- Ҳа.

- Қанча?

- Бир миллион сўм, - Акмал шундай деганча стол устига елим халтага солинган пулларни қўйди.

- Ана, бўлар экан-ку, - деди Ҳилола хурсанд бўлиб. Кейин халтани очиб ундан 700 минг сўмни олди. – Майли, менга шу ёғи етади.

Шу ернинг ўзида барча ҳужжатлар, Акмалнинг турмуш ўртоғига тегишли пластик карточка, автомагнитоланинг пультини қайтариб берди. Ҳилола бу билан кифояланмади. Қаердандир қоғоз ва ручка топиб, уни Акмалга тутқазди.

Энди ҳужжатларингни қайтариб олганинг, менга даъвоинг йўқлиги ҳақида тилхат ёзиб бер. Яна у-буларим йўқолибди, деб туҳмат қилиб юрмагин.

Акмал унинг айтганини ёзиб, имзо қўйиб берди. Кейин кўчага чиқиб кетди. Орадан беш дақиқалар ўтиб, Ҳилоланинг олдига ички ишлар органлари ходимлари кириб келишди. Уни ашёвий далил билан қўлга олишди.

Тамагирлик Ҳилолага қимматга тушди. Суд томонидан мазкур жиноят иши атрофлича кўриб чиқилди ва у қилмишига яраша жазо олди.

Мавзуга оид