Жаҳон | 09:03 / 25.12.2017
13616
2 дақиқада ўқилади

Испания қироли Каталониянинг янги парламентига мурожаат қилди

Фото: Daniel Ochoa de Olza

Испания қироли Фелипе VI Рождество байрами муносабати билан миллатга мурожаатида Каталониянинг мустақилликни қўллаб-қувватловчи партиялар мутлақ кўпчиликни ташкил қилган янги парламенти турли сиёсий позицияларга ҳурмат билан муносабатда бўлиши ва масъулият билан ҳаракат қилиши керак, деб айтди.

“Бир неча кун аввал Каталония аҳолиси парламентга ўз вакилларини танлаш учун овоз берди. Бу парламент турфа фикрлиликни ҳурмат қилиб, барчанинг манфаати учун масъулиятли фикр юритиб, каталонияликларга тааллуқли муаммоларни ҳал қилиши керак бўлади. Ушбу йўл яна тўқнашувларга олиб келмаслиги лозим, чунки булар зиддият, ишончсизлик, умидсизлик, бутун жамиятнинг маънавий, фуқаровий ва иқтисодий қашшоқлашишини вужудга келтиришини ҳаммамиз биламиз”, деб айтган қирол мурожаатида.

У “ғоялар оилалар ва дўстларни узоқлаштирмаслиги” учун турфа кўринишдаги каталон жамиятининг бирга яшаши, барқарорлик, ўзаро ҳурматни тиклаш йўлида ҳаракат қилишга чақирди. 

Қирол ўз мурожаатида августда Каталонияда юз берган фожиалар – Барселона ва Камбрильсдаги терактларни эслаб ўтди ва “демократик бирдамлик, ҳуқуқий давлат кучи, халқаро ҳамкорлик самарадорлигигина” террорчиликни мағлуб эта олишини айтди.

Қирол ўз мурожаатини анъанавий тарзда кастил, баск, каталон ва галисий тилларида якунлади.

21 декабрда Каталонияда муддатдан аввал парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловда Испания ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватловчи “Фуқаролар” партияси 1-ўрин эгаллаганига қарамай, Каталония мустақиллигини қўллаб-қувватловчи учта партия 135 ўринлик парламентда мутлақ кўпчиликни қўлга киритишга муваффақ бўлди.   

Мавзуга оид