Жаҳон | 09:46 / 25.12.2017
6416
2 дақиқада ўқилади

Перунинг собиқ президенти соғлиғи сабабли афв этилди

Фото: AF/ Ernesto Benavides

Перунинг собиқ президенти, коррупция ва бошқа жиноятлар учун 25 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Альберто Фухимори 24 декабрда мамлакатнинг амалдаги президенти Педро Кучински томондан афв этилди.

Президент маъмуриятининг маълум қилишича, Фухимори даволаб бўлмас ва авж олиб бораётган касаллик туфайли инсонпарварлик нуқтаи назаридан афв этилди.

Фухимори 23 декабрдан бери госпиталлардан бирининг жадал даволаш бўлимида қолмоқда. У бу ерга қон босими кескин тушиб кетгандан кейин қамоқдан олиб келинган. 

Фухимори 1990 йилдан 2000 йилгача Перу президенти бўлган. У бу давр ичида мамлакатни кўплаб йиллар давомида қўрқувда ушлаб турган “Сендеро Луминосо” (Ёруғ йўл) сўл маоистик гуруҳини деярли тўлиқ йўқ қилишга муваффақ бўлган. Гуруҳ етакчиси Абимаэль Гусман умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилинган. 

Бироқ суд хулосасига кўра, Фухимори президентлиги вақтида камида 200 млн долларни ўзлаштириб олган. Шунингдек, унга “сендеристлар” билан кураш вақтида қотилликлар содир этиш, пора олиш, телефон суҳбатларини ноқонуний тинглаш ва журналист, сиёсатчи ва бизнесменларни сотиб олиш айбловлари қўйилган.

Фухимори онкологик касалликдан азият чекиб келади. Аввалроқ унга афв этиш ва уй қамоғига ўтказиш рад этилганди. Фухимори афв этилиши ҳақида ўзи 11 декабрда сўраган. Натижада афв этиш бўйича президент комиссияси Фухиморининг саломатлиги бўйича чиқарилган тиббий хулоса билан танишиб, Кучинскига собиқ президентни афв этишни тавсия қилган.

Мавзуга оид