Фан-техника | 21:05 / 27.12.2017
4678
2 дақиқада ўқилади

2025 йилдан кейин Toyota ва Lexus’нинг барча моделлари электрлаштирилади

Фото: EAST NEWS

Toyota ўз эътиборини гибрид ва водородда ишловчи автомобиллар ишлаб чиқаришга қаратиш учун 3 йил аввал аккумуляторда ишловчи автомобилларни ишлаб чиқаришдан воз кечганди. Энди эса япон компанияси ўз режаларини ўзгартириб, 2025 йилгача Toyota ва Lexus брендлари остида чиқарилувчи барча моделларини электрлаштирмоқчи.

Компания 2020 йилга қадар 10 та электрокар ишлаб чиқаради, қолган моделларни  эса 2025 йилгача чиқаради. Биринчи электрокарлар Хитой бозорига мўлжалланади. Компания режасида Япония, Ҳиндистон, Европа ва АҚШда ҳам автомобиллар сотиш бор. 2030 йилга келиб Toyota йилига 5,5 млн та электромобил сотишни режалаштирган.

USA Today нашрининг фикрича, япон компаниясининг бу баёноти у Tesla’нинг энг катта “бош оғриғи”га айланиши мумкинлигини тахмин қилишга ижозат беради.

Toyota ўз режасини амалга ошириш учун Panasonic билан батареялар ишлаб чиқариш учун бирлашади. Ушбу йўналишга ажратиладиган инвестициялар 13,3 млрд долларни ташкил қилади. 

Компания тўлиқ электрлаштирилган автомобиллар деганда электр автомобиллар, уланувчи гибридлар, ёнилғи элементлари ва уларнинг исталган комбинациясини тушунади. Ваҳоланки, компаниянинг ишланмалар бўлими бошлиғи Митсухиса Като 2015 йилда “электромобиллар юриш захираси жуда кичиклигини, батареялар қувватланиши вақти жуда катталигини” ва “технологияларнинг жорий ривожланиши даражасида кимдир янги турдаги батареялар ишлаб чиқариши ва бунга Нобель мукофотини олиши кераклигини” айтганди.

Бироқ бу гаплар ўшанда айтилган, ҳозир эса Toyota Илон Маскнинг Tesla’си билан рақобатлашмоқчи. Бироқ Toyota раҳбари Такэси Утиямада Tesla’ни тўғридан-тўғри рақобатчи деб ҳисобламайди ва ундан ўрнак олмайди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид