Самарқанддаги касб-ҳунарга ўқитиш маркази битирувчиларига диплом топшириш маросими бўлиб ўтди
Самарқанд шаҳридаги Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги — KOICA кўмаги билан барпо этилган, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфидаги Касб-ҳунарга ўқитиш марказида иккинчи битирувчиларга диплом топшириш маросими ўтказилди.
Тадбирда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги — KOICAнинг Ўзбекистондаги идораси директори Сонг Сеунг-Ил, Жанубий Кореядан ташриф буюрган кўнгилли ўқитувчилар, Корея таълим ва технология университети профессорлари, Бандлик ва меҳнат муносабати вазирлигининг масъул ходимлари, марказ билан ҳамкорлик қилаётган корхона ва ташкилотлардан ташриф буюрган меҳмонлар ва марказни битираётган талабалар қатнашдилар.
Қайд этиб ўтиш жоизки, касб-ҳунарга ўқитиш марказида электроника ва асбобсозлик, пайвандлаш ва чилангарлик, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, ахборот технологиялари йўналишида ҳар йили 240 талаба ўқишга қабул қилиб, 11 ой давомида бепул ўқитилади. Шунингдек, марказ қошида корейс ва инглиз тилларини ўқитувчи пуллик курслар ҳам ташкил этилган.
Марказда турли вилоятдан келган ўқувчилар ўқишмоқда. Хоналар ва ўқув устахоналари шинам ва иссиқ. Талабалар қишнинг совуқ кунларида ҳам дарсда енгилгина кийиниб ўтиришибди. Марказ қошида узоқ вилоят ва туманлардан келган талабалар уйи ҳам очилган. У ерда барча шароитлар ҳозирланган. Ҳаттоки жисмоний имконияти чекланган талабалар учун ҳам махсус ётоқ хоналари ажратилган.
Тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар ўқитиш маркази ўқувчиларининг битирув ишлари кўргазмаси билан танишиб чиқишди.
Меҳмонларда катта таассурот қолдирган кўргазмадан сўнг мажлислар залида битирувчиларга диплом топшириш маросими бўлиб ўтди. Сўзга чиққан KOICAнинг Ўзбекистондаги офиси директори Сонг Сеунг-Ил йиғилганларни янги йил ва диплом билан табриклаб, бу ердаги ўқитиш жараёнидан чуқур қониқиш ҳосил қилганини айтди ва KOICA бундай марказларни Ўзбекистон бўйлаб очишда давом этиши, хусусан, яқинда Шаҳрисабзда яна бир шундай марказ ишга тушишини таъкидлаб ўтди. Жаноб Сонг Самарқанддаги марказни KOICAнинг бутун жаҳондаги марказлари ичида энг намунали марказга айлантириш учун барча имкониятлар ва шароитлар муҳайё эканлигини алоҳида қайд этди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Аслиддин Усмонов, Корея таълим ва технологиялар университети профессори жаноб Чо сўзга чиқиб, битирувчиларнинг келгуси ҳаётларида муваффақиятлар тилашди.
Марказ директори, профессор Исмоил Эргашев слайдлар воситаси марказ тўғрисида ҳисобот берди. Марказ фаолиятини бошлаганидан буён бугунгача эришилган ютуқлар ва келгусидаги режаларга қисқача тўхталиб ўтди.
Марказни шу йил июнь ойида илк бор 211 нафар ўқувчи битирган эди. Бугун ҳужжат топширган 576 кишидан имтиҳон асосида саралаб олинган 240 талабанинг 238 нафари давлат намунасидаги дипломларга эга бўлиб, турли корхоналарга йўл олишмоқда. Уларнинг ичида Самарқанддаги автомобилсозлик корхоналари — MAN Auto Uzbekistan, SamAuto, шунингдек, вилоятдаги яна бошқа ишлаб чиқариш корхоналари бор.
Тадбир сўнгида битирувчи талабалар ўзлари тайёрлаган маданий дастурни тақдим этишди.
Биз марказ директори, техника фанлари доктори, профессор Исмоил Эргашевни суҳбатга тортдик.
— Марказнинг расмий очилиш маросими 2016 йил 16 октябрда бўлиб ўтган эди. Ўтган бир йилда қандай ишлар амалга оширилди? Марказнинг ўрни нималарда акс этди?
— Аввало, шуни таъкидлаш керак-ки, марказ ташкилот ва муассасалар буюртмасига асосан, туман, шаҳар бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан йўлланма асосида юборилган ишсиз ёшларни замонавий касбларга тайёрлаш ва қайта ўқитишни амалга ошириш учун ташкил қилинган. Бизга келгунга қадар ишсиз бўлган 211 нафар ёшлар фуқаро касб эгаси бўлганликлари тўғрисида дипломлар олишди. Бугунги кунда барча битирувчилармиз турли корхоналарда ўз иш ўринларига эга бўлишди. Уларнинг орасида ўз бизнесини йўлга қўйиб, иш бошлаганлари ҳам бор. Ушбу йўналишни янада ривожлантириш мақсадида марказимизда «Бизнес инкубатор» ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, битирувчиларимиздан беш нафари олий ўқув юртларига, шулардан икки нафари Кореянинг нуфузли университетларига ўқишга кирганлиги марказни келажакда янада равнақ топишида муҳим аҳамиятга эга.
Битирувчиларнинг ўз касби бўйича иш ўринларига эга бўлганлиги, уларнинг малака даражаси энг йирик, энг илғор корхоналарни ҳам қониқтира олаётганлиги фаолиятимизнинг самарали ташкил этилганлигини тасдиқлаб турибди.
— Хўш, бу муваффақиятнинг асослари нимада?
— Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Корея халқаро ҳамкорлик Агентлиги (KOICA) томонидан марказга бўлган алоҳида эътибор ва доимий назоратнинг ўрнатилганлигидир.
Иккинчидан, марказ моддий-техник базаси бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб берадиган жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган.
Шунингдек, талабаларга Корея таълим ва технологиялари университетида малака ошириб келган ўзбекистонлик ўқитувчилар ҳамда қореялик ўқитувчилар ҳамжиҳатликда дарс беришмоқда.
Ўзига хос ўқув режалари, дарсликлар ва барча ўқув материаллари амалий ўргатишга йўналтирилган, яъни назария ҳам амалиёт билан уйғунлаштирилган. Марказда «Learning – by doing», яъни «Бажариб ўрганаман» услубининг қўлланилишидадир.
Марказимиз ўтган бир йил давомида 50 дан ортиқ маҳаллий ва қўшма корхона билан ўзаро яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйди. Ҳозирда талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиёти ушбу корхоналарда ўтказилади ва энг яхши битирувчилар корхоналарда ишга олиб қолинмоқда.
Ўзбекистон олий ўқув юртлари ҳамда Кореянинг нуфузли Университетлари билан ўқитиш усулларини такомиллаштириш, ўқитувчилар малакасини ошириш, биргаликда лойиҳалар бажариш соҳасида ҳам марказ ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйди.
Талабаларга касб-ҳунар ўргатиш билан биргаликда, уларни шахс сифатида ривожлантириш — ўз бизнесини йўлга қўйиш, ўз-ўзини реклама қилиш, муомала маданияти, турли тадбирлар ташкил қилиш ва ҳоказоларга ҳам алоҳида эътибор берилади.
Марказимизда тил ўргатиш маркази ташкил этилган бўлиб, талабалар дарсдан кейин инглиз, корейс, япон, рус тилларини ҳам ўрганиш имкониятига эгалар. Ўтган 1 йил давомида Марказдаги тил марказини тугатган талабаларнинг аксарияти имтиҳонларини муваффақиятли топшириб, Корея ҳукуматининг махсус сертификатларга эга бўлдилар.
Бундай асосларни яна кўплаб келтириш мумкин. Аммо муваффақиятларга маҳлиё бўлмасдан, эришилган натижаларга танқидий назар ташлаган ҳолда келажак режаларини белгилаш муҳимдир.
— Ана шу келгусидаги режалар ҳақида гапирсангиз?
— Келгусидаги асосий фаолият йўналишларимиз сифатида қуйидагиларни белгилаб олганмиз:
Марказ моддий-техник базасини қўшимча лойиҳалар амалга ошириш орқали янада мустаҳкамлаш; Корея университетлари билан ҳамкорликда янги касб бўйича ўқитиш учун ўқув-методик ва моддий-техник базани ташкил этиш; автомактаб ташкил этиш орқали битирувчиларга қўшимча касб бериш; саноат корхоналари билан узвий алоқаларни ривожлантириш орқали «Family company», яъни «оилавий корхоналар» сонини янада ошириш; Вилоятимизнинг барча туманларида ўз амалиёт базаларини ташкил этиш ва ҳоказолар.
Юқоридагиларнинг барчаси юқори малакали, кенг дунёқарашга эга бўлган мутахассисларни тайёрлашга қаратилган. Марказ минглаб, ўн минглаб талабаларга касб-ҳунар ўргатиб, ўзига ишонч уйғотиш орқали уларни шахс сифатида янада кучайтиришга хизмат қилади. Хуллас, замонавий касб-ҳунар ўрганаман, деган ёшларимизга шундай хитоб қилиб қоламан: Марказимизга келинг ва бизнинг сафимизга қўшилинг!
Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz журналисти,
Самарқанд.
Мавзуга оид
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024
Самарқандда автобус салонини аёллар ва эркаклар учун ажратган ҳайдовчига чора кўрилди
11:44 / 31.10.2024