Жамият | 17:20 / 28.12.2017
59274
10 дақиқада ўқилади

Ўзини «жабрдийда она» сифатида кўрсатиб, давлатдан уй сўраган аёлнинг кирдикорлари фош бўлди (видео)

Ўзбекистон Республикаси Президентидан ёрдам сўраб мурожаат қилгани «Озодлик» радиосининг интернет саҳифасида эълон қилинган қумқўрғонлик ҳамшира Салима Норқулованинг дарду ҳасратлари яқинда кўпгина муҳокамаларга сабабчи бўлган эди.

«Озодлик»ка видеомурожаат йўллаган Салима Норқулова ўз ҳикоясини сўзлаб бериб, президентдан ёрдам сўраган. Салиманинг иддао қилишича, у икки етим болани боқиб олган. Видеода ўзи таъкидлашича, ҳозир у ёлғиз онадир. Айни пайтда Салима моддий қийинчиликлар туфайли ачинарли ҳолатга тушиб қолганини таъкидлаб ўтган.

«Илтимос сиздан, ёрдам беринг бизга! Бошқа имкониятим йўқ мени. «Ҳозирги кунда биз уйсиз, жойсиз, жудаям қийин аҳволдамиз. Сизнинг марҳаматингиз кенг. Йиғлайвериб, йиғлайвериб, тамом бўлиб қолдим».

43 ёшар Салима Норқулова икки етимни асраб олганини таъкидлаб ўтади:

«Ҳамшира бўлиб ишлаганим билан 400 минг ойликка мен буларни кийинтириб, едиролмайман. Уй-жой ҳам қилиб бера олмайман».

У бировларга ишониб уйсиз қолганини айтади:

«Ўта меҳрибончилигим менинг бошимни еди. Уйсиз-жойсиз қолишга мажбур бўлдим. Ҳозирги кунда Мажбурий ижро бюросига 105 миллион сўм ундириш тартиби белгиланган. Лекин ижрочилар ҳам шу пулни ундириб бермаяпти. Уйимни-жойимни сотиб, Тошкент шаҳрига бориб боламни, қизимни яхши, ўқимишли фарзандлар қилиб етиштираман деган эдим. Мени алдаб, пулимни олиб қўйишди».

«Буларни ташлаб Россияга (ишлашга) кетолмайман. Ота-онам йўқ. Қачон, қаерга, кимга учрашсам «ташланг-да, Россияга бориб ишлаб келинг», дейди. Кимга ташлаб кетаман? Менга бугун давлат ёрдам берсин, деб давлатдан сўрамайман. Ахир уларнинг имконияти етади ҳар бир нарсага. Наҳотки, шу икки фарзанд учун уй-жой қилиб бериш, ёрдам бериш шунчалик оғир бўлса?» — дея йиғлаб-сиқтаб мурожаат юборган «Озодлик»ка Салима Норқулова.

Ҳа, бир қарашда, юракни эзиб юборадиган ҳикоя. Сурхондарёдаги «Ишонч» телерадиокомпанияси мухбири Элёр Гўрўғлиев Қумқўрғонга бориб, Салима Норқулова ва вазиятга дахлдор кишилар билан учрашиб, холис журналистик суриштирув ўтказди.

«Тошкент шаҳридаги ижарага олган квартирамнинг ижара ҳақини 10 ойдан бери беролганим йўқ. Тўғри, уй-жойимни сотиб кетган эдим. Уни илтимос қилгани учун, одамгарчилик юзасидан қарзга қўшнимга берувдим. Пулларимни қайтариб бермади. ФИБ Қумқўрғон туман суди ундириб бериш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариб берди, лекин тўлайдиган одамнинг ўзи йўқ…» — дейди С.Норқулова.

С.Норқулова қўшнисидан қарз эканлиги ҳақида тилхат ёздириб олганини айтиб ўтади. Маълум бўлишича, С.Норқулова аввалроқ Қумқўрғон туман «Нефтчилар» маҳалласида истиқомат қилиб келган Эльвира Аглидуллинага қарзга уйини берган экан, лекин уларнинг ўртасидаги олди-берди шунчаки меҳрибонлик юзасидан тузилган битимга ўхшамади.

Берилган қарз суммаси С.Норқулова таъкидлаганидек, 105 миллион сўм бўлмаган. Судхўрлик, яъни маълум бир фоиз эвазига келишилган пул вақт ўтиши натижасида ана шундай катта маблағ кўринишини олган. Кун сайин судхўр белгилаган фоизнинг гирдобига ғарқ бўлиб борган Эльвира ҳам иложсиз қолган ва хорижга қочиб кетишга мажбур бўлган. Унинг онаси Луция Аглидуллина эса қизининг турмуши бузилиши, уч нафар фарзанди тирик етим бўлиб қолишига фақат ва фақат С.Норқуловани айбдор деб билади:

«Ҳақиқат йўқ бу нарса. Бўлмаган нарса. Шантаж қилиб, қизимни «подстава» қилди. Учта неварам мана олдимда юрибди, кичиги 3 ёшда. Ҳозир қаерларда юрибди қизим? Ўзи қандай бўлган бўлса, қизимни ҳам баттар қилди. Қизим шу фоизни тўлайман деб ҳаттоки уйиниям сотди. «Спарк» машинасини ҳам сотди», — дейди Л.Аглидуллина.

Очиғи, муштипар бўлиб кўринган, «жабрдийда» С.Норқулованинг қилмишлари ва кечмишлари олдида хорижнинг манаман деган детектив фильмлари ҳам ҳеч нарса бўлмай қолган экан. У Эльвирани қарз ботқоғига ботириб ташлагани етмаганидек, оиласининг ҳам пароканда бўлишига сабабчидир. Хусусан, юқори турувчи идораларга Эльвиранинг турмуш ўртоғи Элбек Норхидировнинг устидан хотини номидан бўҳтонга асосланган шикоят аризани ўзи ёзиб, уйидан қайта кўчиб чиқишга мажбур этади. Турмуш ўртоғидан бундай бўҳтонни кутмаган эр ажралишга қарор қилади.

Эльвира Салима Норқуловадан олган қарзининг бир қисмини қайтаради. Аммо буни исботлай олмайди. Кучли босим остида ёздириб олинган тилхат билан судда ғолиб чиққан Салима Норқулова эса қонуний ечим билан ҳам кифояланмабди. У Эльвирага ҳаттоки яқин танишларини ўртага солиб, суиқасд қилиш билан таҳдид қилган. Шундан сўнг қаҳри қаттиқ судхўрдан зада бўлиб қолган Эльвира Аглидуллина хорижга қочиб кетишга мажбур бўлади.

МИБ Қумқўрғон туман бўлимининг телевидениега маълум қилишича, Э.Аглидуллинанинг қарзини ундириш бугунги кунда унинг онаси Л.Аглидуллина пенсиясининг 50 фоизига қаратилган. Яъни, МИБ қонун доирасида ундириш мумкин бўлган даромаддан қарзни ундириб бермоқда.

Асраб олинган фарзандлар борасида С.Норқулованинг ўзи шундай дейди:

— Биринчи ўғлимни 2004 йил август ойида асраб олдик. Қизимни эса 2009 йил январь ойида асраб олганмиз. Яхши яшаб келаётгандик, турмушимизга кутилмаганда дарз кетди. Ажрашишга мажбур бўлдик...

Лекин С.Норқулова фарзанд асраб олиш борасидаги васийлик ва ҳомийлик талабларини қўпол тарзда бузган.

«Васийлик кенгаши сизга фарзандларни расмийлаштириб бераётганда қасамёд қабул қилинади ва бу сирни ҳеч қачон ошкор этмайман, деган тилхат олинади. Нега ўша талабни буздингиз?» деб берилган саволга С.Норқулова қуйидагича жавоб берди:

— Биринчидан, фарзандларимни дарҳол ўз номимга туғруқхонадан расмийлаштириб олганман. Васийлик ва ҳомийлик кенгаши орқали эмас.

С.Норқулова фарзандларини олдиндан таниш бўлган шифокорлар билан тил бириктирган ҳолда жиноий йўл билан, «ўзи дунёга келтирди» деган сохта маълумотномалар орқали ўзига расмийлаштириб олгани ойдинлашди. (Албатта, вилоятдаги прокуратура органлари ушбу ҳолатни чуқурроқ ўрганишлари ва жиноятга қўл урганларга қонуний жазо беришлари лозим бўлади энди).

— Ўғлимни Термиз шаҳридаги туғруқхонадан, расмийлаштириб олиб чиқиб кетганман. Ўзимга туғди деб маълумотнома беришган, кейин (ФҲДЁда) расмийлаштириб олиб чиқиб кетганман. Қумқўрғондагиси ҳам худди шундай бўлган. Ёш қизча туғиб ташлаб кетган чақалоқни врачлар билан гаплашиб, олганман.

С.Норқулованинг собиқ турмуш ўртоғи исми-шарифини сир тутилиши шарти билан яқин-яқингача фарзандларининг асраб олинганидан бехабар бўлгани, хабар топганида эса жуда кеч бўлганлигини, собиқ хотинининг макру-ҳийласи олдида ожиз қолганлигини айтиб ўтган.

Салима Норқулова икки ойдан буён Қумқўрғон туманида қизи билан яшаб келмоқда. Лекин ўғли қаерда, кимнинг қарамоғида эканлиги ҳақида ҳеч қандай изоҳ бермади.

«Ишонч-ТВ» «жабрдийда» ниқоби остидаги аёлнинг «бошпанасиз қолганман» деган важ-карсонига ҳам ойдинлик киритган.

Қумқўрғон тумани «Янгишаҳар» маҳалласи, Ўзбекистон шоҳкўчасидаги 4-уйнинг 1-қаватидаги хонадонда «вақтинча ижарада турибман, ижара пули ҳам тўланмаган», деган С.Норқулова журналистлар у яшаётган хонадонда бўлганида.

Аммо, бу уй туманда истиқомат қилувчи Низомиддин Каримқулов номига юридик жиҳатдан ипотека кредити асосида расмийлаштирилган ва С.Норқуловага 20 млн. сўмга оғзаки келишув асосида сотилган экан.

— Кўп қаватли уйга эҳтиёжим бўлмаганлиги сабабли, мен уйни сотишга қарор қилдим. Ҳозир уй меним номимда бўлса-да, С.Норқуловадан келишилган 20 миллион сўмнинг 18 миллионини олганман. 2 миллиони ҳали турибди. Уй 20 йилга кредитга берилган. Шу муддат ўтгач, мен уни С.Норқуловага расмийлаштириб бераман. 2017 йил апрелда уйни бўшатганман, шундан бери С.Норқулова у ерда яшаб келмоқда, — дейди Н.Каримқулов.

«Бундан ташқари, Қумқўрғон тумани, «Дўстлик» маҳалласи Ҳамза кўчасида жойлашган 38-уй, 3-хонадон ҳам Салима Норқулованинг номига расмийлаштирилган. Унинг бу уйга эгалик ҳуқуқи мавжуд бўлиб, исталган пайти кириб яшашга ҳақли.

Яшаш учун иккита уйи бўла туриб, камера қаршисида йиғлаб-сиқтаб ёрдам сўрашга уни нима мажбур қилган? Буниси бизга қоронғу. Лекин мол-дунё илинжида тузилган маккор ҳийла туфайли шунча кўз ёш тўкиш учун кўзда жўмрак бўлиши керак, назаримизда.

Бахт ўзи нима? Ҳалол меҳнат, покиза ризқ. Бундан ортиғи ҳали бирор бир инсон боласига рўшнолик келтирмаган. Сохта жабрдийдалик, тама илинжидаги ёлғон С.Норқуловага ҳам бирор бир наф бермаслиги тайин», — деб якунлайди журналист ўз хулосасини.

Мавзуга оид