Фан-техника | 23:27 / 29.12.2017
40399
3 дақиқада ўқилади

Bluetooth қандай ишлайди?

Фото: hi-news.ru

Bluetooth — бу 100 метргача бўлган масофада қурилмалар орасида симсиз маълумотларни узатиш технологияси. Bluetooth ишлаб чиқаришга доир ишлар 1994 йилда Ericsson телекоммуникацион жиҳозлар ишлаб чиқарувчиси томонидан бошланган. Охир-оқибат Bluetooth 1998 йилда асос солинган Bluetooth Special Interest Group томонидан ишлаб чиқилди. Унга Ericsson, IBM, Intel, Toshiba ва Nokia компаниялари кирди. Кейинчалик у IEEE 802.15.1 халқаро стандартининг бир қисмига айланди. Bluetooth сўзининг илдизи Данияга бориб тақалади, у "кўк тиш" деган маънони беради. Бир-бирига қарши бўлган Дания қабилаларини ягона қиролликка бирлаштирган викинглар қироли Харальд I'ни шундай чақиришган. Умуман олганда, Bluetooth ҳам алоқа протоколларини бир универсал стандартга бирлаштиради. Hi-News Bluetooth қандай ишлашига доир маълумотлари билан бўлишди. 

Bluetooth'нинг таъсир тамойили радиотўлқинлардан фойдаланишга асосланган. Bluetooth ишга туширилганда 2,4 ГГц атрофидаги чекланган частота диапазонида ишлайдиган радио узатгич фаоллашади. Бу спектор қисми ISM — Industry деб аталади, Science and Medicine — турли маиший ускуналар ва симсиз тармоқларда қўлланилади. Фаоллашувдан сўнг радиоузатгич шу диапазондаги барча сигналларни кузата бошлайди. Иккинчи қурилма ҳам худди шу ишни бажаради. Қурилмалар бир-бирини топганидан сўнг биринчиси узатгич ролини ўз зиммасига олади, иккинчиси эса приёмникка айланади. Маълумотлар кенг қамровли тўсиқларга чидамлиликни таъминловчи махсус FHSS алгоритмидан узатилади. Мазкур алгоритмга мувофиқ, Bluetooth сигнали частотаси сониясига 1600 марта ўзгаради. Ҳар бир уланиш учун частоталар орасидаги кетма-кетлик тасодифий ҳисобланади ва бу фақат ҳар 625 микросонияда синхрон равишда бир частотадан бошқасига ўтадиган узатгич ҳамда приёмникка маълум. Шундай экан, агар ёнингизда узатгич-приёмникларнинг бир неча жуфти ишлаётган бўлса, улар бир-бирига халақит бермайди. Бу алгоритм шунингдек узатилаётган маълумотлар ҳимоя тизимининг бир қисми ҳисобланади. 

Bluetooth'дан йўллашдан аввал маълумотлар махсус блокларга ажратилади. Приёмник процессори пакетларни қайта ишлайди, улардан узатилувчи файлни яратади ва уни қурилманинг доимий хотирасига жойлайди. 

Рақамли маълумотлар ва аудиосигнал узатишда кодлашнинг турли схемалари қўлланилади: аудиосигнал такрорланмайди, рақамли маълумотлар эса, маълумотлар пакети йўқотилган тақдирда такроран узатилади. 

Фото: hi-news.ru

Бугунги кунда Bluetooth'нинг долзарб версияси 5.0 спецификацияси ҳисобланади. У ўтган йилнинг июнида Лондонда намойиш қилинган бўлиб,  оширилган таъсир доираси (бино ичида 40 метргача ва кўчада 200 метргача) ҳамда 6,25 МБайт/с'ни ташкил қилувчи маълумот етказиш тезлиги билан ажралиб туради. Bluetooth 5.0 қатор мобил қурилмалар, хусусан iPhone 8 ва iPhone Х томонидан қўллаб-қувватланади. 

Мавзуга оид