Спорт | 21:50 / 29.12.2017
21763
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон чемпионатининг 2018 йилги мавсум регламенти тасдиқланди

Ўзбекистоннинг профессионал футбол клублари ўртасидаги 2018 йил учун футбол бўйича мусобақалар регламенти тасдиқланди.

ПФЛ сайти хабарига кўра, ундан ЎФФ ҳамда ПФЛ байроғи остида ўтадиган мусобақалар тузилиши, формати, қатнашувчи клубларга қўйиладиган талаблар ўрин олган.

Мана шу талаблар ҳақида Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директор Омон Ғофуров ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Суперлигада иштирок этадиган клублар эндиликда аёллар ва футзал жамоасига эга бўлиши шарт. Шунингдек, клублар қошида ўз академияси ҳам мавжуд бўлиши керак. Бундай талаблар ўз-ўзидан келиб чиққани йўқ. Биз ФИФА ҳамда ОФК регламентини яхшилаб ўрганиб чиқдик. 

Миллий чемпионатимиз формати 16та клубдан 12та клубга ўзгартирилди. Эндиликда Суперлига жамоалари икки босқичда, дастлаб икки даврадан иборат уй-сафар тизимида баҳс олиб боришади. Иккинчи босқичда эса, жамоалар ўз ўринларидан келиб чиқиб, 1-6 ўринлардаги жамоалар ҳамда 7-12-ўринлардаги жамоалар яна иккита гуруҳга бўлинадилар ва уй-сафар тизимида майдонга тушадилар.

Бунда «олтин очко» қоидаси амал қилади. Яъни 1-6 ўринларни эгаллаган жамоаларнинг 7-12 ўринлардаги жамоалар билан ўтказган учрашувларидаги барча натижалар чиқариб ташланади. 1-6 гача бўлган жамоалар ўртасидаги ўйинлар очколари сақлаб қолинади. Шунингдек, 7-12 ўринлардаги жамоалар очколари ҳам худди шундай тарзда ҳисобланади.

Про-лигада 1-ўринни эгаллаган жамоа Суперлигага тўғридан тўғри йўл олади. Суперлигада 12-ўринни олган жамоа Про-лигага тушиб кетади. Про-лигадаги 2 ва 3- ўрин эгалари Суперлиганинг 10 ва 11-ўринлардаги жамоалари билан ўтиш баҳсларида иштирок этишади.

Шунингдек, Суперлига клубларининг ёшлар жамоалари U-14, U-16, U-18 ёшгача футболчилар ўртасидаги мамлакат биринчилигида иштирок этади. ПРО-лига ёшлар жамоалари эса U-14 ва U-16 тоифаларида ўзаро баҳс юритишади» - деди Омон Ғофуров.

Мавзуга оид