Ўзбекистон | 13:43 / 30.12.2017
43881
3 дақиқада ўқилади

Бугунги “Ўтган кунлар”, бугунги қаҳрамонлар қани? – Президент

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 29 декабрь куни миллий кино санъати ва киноиндустрияни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлили ва бу борада мавжуд муаммоларни ҳал этиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. 

“Бугун сизлар билан гаплашишдан кўзланган энг катта мақсад – “Ўзбеккино” миллий агентлиги ва унинг тизимида ҳамма раҳбарлар янги бўлди. Агар одамлар, халқимиздан адолатли сўрасак, ҳозирги киноларнинг савияси бизнинг онгимизга, маънавиятимизга, маърифатимизга қандай таъсир кўрсатмоқда, деган саволга жавоб йўқ. Шуни билиб билмасликка олиб юравердик, бор нарсамизни йўқ қилдик. Ижодий аҳлимизга аҳамият бермай, уларни ўзимиздан узоқлаштирдик. Улар ўз устида мутлақо ишламади, шароит яратилмади, ривожланмадик, десак бу ҳақиқат. Мана, 2017 йил тугамоқда. Вақтимиз жуда зиқ бўлса ҳам келгуси йилни муҳокама қилиш керак. Янги раҳбарият тасаввур қиладими нима қилиш кераклигини, яна нима етмайди, нималарга биз эътибор беришимиз керак? Тарбия аҳамиятга эга бўлган киноларимиз, шоҳ асарларимиз бор. Хўш, ўшаларни ҳам бир пайтлар бизга ўхшаган одамлар яратган-ку?! 

Мана, бизнинг қароримиз билан катта-катта имконият очилди сизларга. Лекин, сизларнинг энг катта заиф жойларинг битта нарса – кадр йўқ. Маънавий йўналишларимиз иқтисодий йўналишлардан ўн қадам олдинда юриши керак. Ана шунда биз ҳозирда қилаётган катта-катта режаларимиз, дастурларимиз амалга ошади. Агарда биз шунча шароит яратилди, деб юраверсак, кадрлар тайёрлашни четга қўйиб қўйсак, уч-тўрт йилдан кейин ҳам шундай аҳвол бўлади. Кино соҳаси, “Ўзбеккино”нинг ривожланиши устувор йўналишларимиздан бири. Ёшларимизни тарбия қилиш нуқтаи назардан энг катта нарса – одамларимиз бир пайтлари “Ўтган кунлар” ёрдамида ғурур, ифтихор, маънавият озуқа олган. Бугунги “Ўтган кунлар”, бугунги қаҳрамонлар қани, деган масала мени жуда қийнайди”, - деди президент.

Мавзуга оид