Жаҳон | 15:26 / 30.12.2017
9239
2 дақиқада ўқилади

Москвада метро станцияларига кираверишда бетон блоклар ўрнатилмоқда  

Фото: РИА Новости

Москва метроси станцияларига кираверишда ва одамлар гавжум жойларда бетон блоклар ўрнатила бошланди. Шаҳарликлар буни 25 декабрда “Славянский бульвар” метроси станциясидаги пиёдалар ер ости ўтиш жойида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси билан боғлай бошладилар. Ўшанда автобуснинг ер ости ўтиш жойига кириб кетиши оқибатида 4 киши ҳалок бўлганди. Бироқ Москва раҳбарияти буни Янги йил таътиллари вақтида хавфсизликни таъминлаш билан тушунтирмоқда.

“Москва метросининг энг юкланган станциялари ва одамлар гавжум жойларда 30 декабргача 800 га яқин бетон блок ўрнатилади. Хавфсиз ҳудудларни ташкиллаштириш бўйича ишлар Москвада биринчи марта ўтказилмаяпти. Йирик байрам тадбирлари олдидан бунга катта аҳамият берилади”, дейилган Москванинг хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш департаментида.

Бундан ташқари, хавфсизлик масалалари билан шуғулланувчи барча хизматлар кучайтирилган тартибга ўтказилган. 

“Бу бизнинг ташаббус эмас, бироқ биз уни қўллаб-қувватлаймиз. Бу чоралар байрам олди ва байрам кунлари кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун кўриладиган хавфсизлик чораларидир. Биз Европада айнан байрамларда одамларнинг транспортда атайлаб босиб кетилишлари юз бераётганини кўрмоқдамиз ва бу ҳодисалар бизда юз беришини истамаймиз. Айтиш мумкинки, биз ўзгалар хатосида ўрганмоқдамиз”, деб изоҳ берди ушбу ҳолатга Росгвардия бошлиғи маслаҳатчиси Александр Хинштейн.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид