Жаҳон | 08:40 / 31.12.2017
7422
2 дақиқада ўқилади

Мисрнинг собиқ президентига қўшимча 3 йиллик қамоқ жазоси тайинланди

Фото: Мисрнинг собиқ президенти Муҳаммад Мурсий

Қоҳира суди Мисрнинг собиқ президенти Муҳаммад Мурсий ва яна 19 киши, жумладан собиқ депутатлар, журналистлар ва мамлакатда тақиқланган “Мусулмон биродарлар” ҳаракати фаолларини 3 йиллик қамоқ жазосига тортди.

Уларнинг барчаси судни ҳақорат қилишда айбдор деб топилдилар.

2017 йил 30 декабрда чиқарилган ҳукмга кўра, Мурсий шунингдек судьялардан бири ва мамлакат судьялар иттифоқига етказган маънавий зарар учун 1 млн Миср фунти (46 минг евро) тўлаб бериши керак. 

2015 йилдан бери давом этиб келаётган ушбу иш Мурсий ва бошқа айбланувчиларнинг суд номига билдирган айбловлари билан боғлиқ бўлган.

Мурсий 2012 йилда Ҳусни Муборак тузуми ағдарилгандан кейин мамлакатнинг демократик йўл билан сайланган илк президенти ҳисобланади.

“Мусулмон биродалар” билан алоқага эга бўлган Мурсий президент лавозимини бор-йўғи бир йил эгаллаган, шундан кейин ҳарбий исён натижасида четлатилган. Мурсий судланиб, унга 45 йиллик қамоқ ва ўлим жазоси чиқарилган, бироқ ўлим жазоси 2016 йилда бекор қилинган.

Мавзуга оид