Жаҳон | 13:00 / 02.01.2018
9183
1 дақиқада ўқилади

Эронда яна 9 киши намойишлар вақтида ҳалок бўлди

Фото: BBC

2 январга ўтар кечаси яна камида тўққиз киши Эронда давом этаётган намойишлар қурбонига айланган. Давлат телевидениесида айтилишича, Исфаҳондаги тартибсизликлар 9 кишини ҳаётдан олиб кетган.

Маълум қилинишича, Каҳдарижан шаҳридаги қурол омборхонасига ҳужумни бартараф этиш вақтида 6 киши ўлдирилган, яна икки ёш йигит Ҳумоюншаҳардаги тартибсизликлар вақтида ҳалок бўлган. Наджафободда эса инқилоб гвардияси хизматчиси ўлдирилган.

Шу тариқа, Эрондаги намойишларнинг олтинчи кунига келиб тартибсизликлар туфайли ҳалок бўлганларнинг жами сони 21 нафарни ташкил қилмоқда.

Эронни ўтган йил декабри охирида бошланган тартибсизликлар қамраб олган. Намойишчилар ҳукуматнинг ташқи сиёсати туфайли мамлакат ичкарисида иқтисодий ҳолат оғир аҳволга тушиб қолганидан норозилик билдиришмоқда.

Мамлакат президенти Ҳасан Руҳоний мамлакат фуқароларини хотиржамликка чақирди. Унинг фикрича, намойишларни четдан айрим кучлар рағбатлантириб турибди.

Мавзуга оид