Фан-техника | 23:37 / 03.01.2018
13437
2 дақиқада ўқилади

Earth-1: дунёдаги илк электрокар-трансформер

Фото: TRT World

Япониялик мутахассислар нафақат юқори малакага, балки бой фантазияга эгалар. Мисол учун, яқинда Four Link Systems компанияси муҳандислари илк электрокар-трансформер Earth-1’ни тақдим қилишди.

Автомобиль дизайни Gundam анимеси орқали таниқли бўлган рассом Кунио Окавара томондан яратилган, шу сабабли автомобиль кўриниши анимедаги улкан роботнинг калласига қиёсланган.

Фото: TRT World

Электрокар шаклини ўзгартирувчи каркасдан иборат. Автомобиль ихчам кўринишда катта манёврликка эга ва кам жой олади. Бироқ машина элементлари керилганда, машинанинг оғирлик маркази пастроққа силжийди, машинанинг ўзи узунроқ бўлади, ҳаракатчанлиги пасаяди, бироқ тезлиги ошади. Машинанинг бир кўринишдан иккинчи кўринишга “трансформацияси” салонда жойлашган махсус манипулятор ёрдамида амалга оширилади.

Фото: TRT World
Фото: TRT World

Ҳозир Earth-1 синовларнинг якуний босқичидан ўтмоқда, шундан кейин у оммавий равишда ишлаб чиқарилади. Машинанинг нархи ҳозирда 70 минг долларга баҳоланмоқда. Бундай турдаги машиналарни яратиш учун деталлар бозорда мавжуд бўлмагани сабабли муҳандислар уларни нолдан бошлаб яратишларига тўғри келган. Машина яратувчиларининг фикрича, улар яратган машина нафақат гавжум шаҳарларда яшовчилар учун, балки каршеринг агентликларига ҳам яхши вариант бўлади. Компания муҳандислари муваффақиятга эришишга яхши имкониятларга эгалар, чунки машинага кўплаб буюртмалар олинган. Буюртмачилардан бири халқаро аэропортлардан бири бўлиб, янги машиналар аэропорт ҳудуди бўйлаб юришда қўлланмоқчи.