Жаҳон | 00:50 / 04.01.2018
8283
3 дақиқада ўқилади

АҚШда илк марта жароҳатларни зарб тўлқинлари билан даволаш қурилмаси тасдиқланди

Фото: Engadget

Америка регулятори биринчи марта жароҳатларни даволаш учун зарб тўлқинларини қўллаш усулини тасдиқлади. Engadget шу ҳақида хабар берди.

Dermapace System қурилмасини ишлаб чиқарган Sanuwave компанияси бошқармадан рухсат олди. Ускуна акустик тўлқинларни имитация қилувчи энергия импульсларини ишлаб чиқаради. Жароҳатга механик таъсир ўтказиш натижасида тўқималарнинг тикланиш жараёни тезлашади. 

Компания рухсат олишдан аввал 336 нафар кўнгилли иштирокида бир неча клиник тадқиқотлар ўтказди. Беморларнинг бир қисмини анъанавий усулда даволаш билан бирга зарб-тўлқин аппарати имитацияси орқали сохта терапия ўтказилди. Синов остидаги беморларнинг иккинчи қисми ҳам анъанавий усуллар ёрдамида даволанди, шу билан бир қаторда Dermapace оригинал қурилмаси ёрдамида ҳам терапия ўтказилди. Тажриба 24 ҳафта давом этди. Биринчи гуруҳда жароҳат битиш даражаси 30 фоизни ташкил қилди, иккинчисида эса - 44 фоизни.

Sanuwave ишланмаси товонлардаги диабетик яраларни даволашга мўлжалланган. Секин битувчи яралар диабетдаги энг кўп учрайдиган асоратлардан биридир — қандли диабет ташхиси қўйилган беморларнинг 25 фоизга яқини ҳеч бўлмаганда бир марта шундай муаммога дуч келган. 

Қурилмани яраларни даволовчи бошқа усуллар билан бирга қўллаш мумкин. Таъкидлаш жоизки, Dermapace'дан фақат 22 ёшдан ошган беморлар фойдаланиши мумкин. Манбага кўра, уларда яралар камида 30 кунда битади. Маълум қилинишича, қурилма салбий таъсирларга ҳам эга бўлиши мумкин. Клиник синов қатнашчилари оғриқлар ва мушаклар увишиши, мигрень, безгак, кўнгил айниши ва ҳатто яралар инфекциясидан ҳам шикоят қилишган. 

Бироқ регулятор қурилмани паст ёки ўрта даражали хавфга эга тиббий қурилмалар тоифасига мансуб деб топган. Ишланма инновацион технологиялар учун махсус тузилган янги тизим бўйича баҳоланган. 

Умуман олганда, зарб-тўлқинли терапия мутлақ янгилик эмас. Ушбу усул баъзи мамлакатларда қўлланилади, АҚШда эса ундан жониворларда жарроҳлик операцияси ўтказилгандан кейин яралар битишини тезлаштиришда фойдаланишади.

Мавзуга оид