Жаҳон | 19:30 / 09.01.2018
17784
2 дақиқада ўқилади

«Малайлар». Эрон олий раҳбари баёнот берди 

Oятуллоҳ Али Хоманаий

Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаийнинг маълум қилишича, халқ ўз норозилигини намойишлар давомида билдириши мумкин, бироқ бундай чиқишларни зўравонлик ҳаракатлари билан адаштириш керак эмас.

Унинг сўзларига кўра, ҳодисалар таҳлили бир нуқтада кесишган, у шундан иборатки, халқнинг самимий ва қонуний талабларини турли зўравонлик ҳаракатларидан ажрата билиш лозим.

"Қайсидир инсон ҳуқуқлардан маҳрум этилса ва у норозилик билдирса, ёки қаердадир норозилар гуруҳи йиғилса – бу 100 ёхуд 500 киши бўладими – бир масала. Баъзилар бундан фойдаланиб, Қуръон, исломни ҳақорат қилса, байроқни топтаса, ёнғинлар уюштирса – бу умуман бошқа нарса", - дея маълум қилган Хоманаий. 

Хоманаий Кума халқи олдида чиқиш қилиб, Эрон атрофида сўнгги намойишларни келтириб чиқарган давлатлар "учбурчаги" шаклланганини айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, бу "учбурчак" бошида "АҚШ ва сионистлар" турибди, улар шундай режага тузганки, унга кўра намойишлар кичик шаҳарлардан аста-секин марказларга кўчиши лозим бўлган. Шунингдек у ерга, унинг сўзларига кўра, “Форс кўрфазининг бой давлатларидан бири” ҳам киради, у намойишларни молиялаштирган. Учинчи элемент эса, Хоманаийнинг билдиришича, “малайлар” бўлган.

Эрон олий раҳбарининг таъкидлашича, АҚШ ва Буюк Британиянинг Эронга қарши қаратилган ҳаракатлари муваффақиятсизликка юз тутди ва келажакда ҳам бу борада ўзгариш бўлмайди.

Эроннинг йирик шаҳарлари – Теҳрон, Машҳад, Исфахон ва Рештда 28 декабрдан оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Мамлакат президенти Ҳасан Руҳонийнинг маълум қилишича, намойишлар давлатдаги ички муаммолар туфайли, шунингдек бошқа мамлакатлар фитнаси билан ўтказилмоқда. ОАВ маълумотларига кўра, норозилик намойишлари вақтида камида 20 киши ҳалок бўлди. Теҳронда сўнгги уч кун ичида тахминан 450 киши қўлга олинди.

Мавзуга оид