Жамият | 23:00 / 11.01.2018
66150
6 дақиқада ўқилади

Боғча тарбиячиси қўпол муносабати учун ишдан ҳайдалди (видео)

Шу кунларда "Фейсбук" ижтимоий тармоғида боғча тарбиячисининг болага бўлган қўпол муносабати борасидаги видеолавҳа тарқалди.

Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати «Kun.uz»га маълум қилишича, вазирлик ушбу ҳодисага эътибор қаратди ва тегишли чоралар кўрди.

Вазирлик ва мактабгача таълим муассасалари Тошкент шаҳар бош бошқармаси томонидан бу ҳолатга дарҳол муносабат билдирилиб, унга аниқлик киритиш ва чора кўришни Мактабгача таълим вазири Агрепина Шин шахсан ўз назоратига олган.

«Мактабгача таълим вазири, унинг ўринбосарлари, вазирликнинг Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бошқармаси мутасаддилари, Тошкент шаҳар бош бошқармаси раҳбарияти, Учтепа туман мактабгача таълим муассасалари бўлими мутассадилари, Учтепа туманидаги 20-сонли болалар боғчаси мудираси ва тарбиячилари, шунингдек, тарбияланувчи ва унинг ота-онаси иштирокида тезкор йиғилиш бўлиб ўтди.

Аниқланишича, Садоқат Қурбоновна Раҳматуллаева 2017 йилнинг апрель ойида Учтепа туманидаги 20-мактабгача таълим муассасасига тарбиячи вазифасига ишга қабул қилинган. Маълумоти ўрта-махсус. Боғча мудираси ва боланинг ота-онаси билан бўлган суҳбатдан шу нарса маълум бўлдики, Раҳматуллаева фаолияти давомида ўз тарбияланувчиларига нисбатан қўпол муносабатда бўлган (ҳақоратли сўзлар билан сўкиш, жисмоний куч ишлатиш, таҳдид қилиш, масхара қилиш) ва бу борада ота-оналар томонидан бир неча бор шикоятлар ҳам келиб тушган. Боғча мудираси бир неча бор ота-оналар ва участка нозири иштирокида йиғилиш ўтказиб, баённома тузган бўлса-да, аксарият ота-оналар Раҳматуллаевани ўз ишида қолдиришни илтимос қилишган. Шу боис аниқ далил йўқлиги туфайли бу ҳолатларга барҳам бериш орқага сурилаверган. Ушбу гумонлар ва гап-сўзларга чек қўйиш мақсадида, боғча мудираси Н.Исаева ўз ташаббуси билан гуруҳларда видеокузатув камерасини ўрнатган. Шу боис С.Раҳматуллаеванинг кейинги баҳоналари кор бермайди.

Содир бўлган нохуш воқеанинг тафсилотларига тўхталадиган бўлсак, жорий йилнинг 8 январь куни тарбиячи Раҳматуллаева гуруҳ тарбияланувчиси М.А.ни (2011 йилда туғилган) жаҳл билан деворга итариб юборган ва бола зарбдан йиқилган. Садоқат Раҳматуллаева эса тарбиячининг ота-онасига қўнғироқ қилиб, «Югуриб юрган болангиз ўзидан-ўзи мувозанатини йўқотиб йиқилди», деб баҳона қилган.

Ота-она ушбу воқеага аниқлик киритиш мақсадида 2018 йилнинг 9 январь куни боғча мудирасига шикоят қилган. Боғча мудираси Нилуфар Исаева масалага аниқлик киритиш мақсадида видео кузатувдаги тасвирларни уларга кўрсатган.

Ғазаб отига минган ота-она ушбу ҳолатни қўл телефонларига ёзиб олишган ва мазкур тасвирлар ижтимоий тармоқларга тарқаб кетган.

Юқорида таъкидлангандек, аниқланган барча ҳолатлар юзасидан Мактабгача таълим вазири А.Шин бошчилигидаги комиссия томонидан муҳокама қилиниб, қуйидаги чоралар кўрилган: Тарбиячи С.Раҳматуллаева билан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 4-бандига биноан жорий йилнинг 10 январидан бекор қилинган.

Тарбияланувчи М.А.нинг ҳозирда умумий аҳволи қониқарли бўлишига қарамай, Мактабгача таълим вазири томонидан болани тиббий кўрикдан ўтказиш ва керакли муолажаларни бепул ташкил этиб бериш юзасидан МТМнинг Тошкент шаҳар бош бошқармасига кўрсатма берилди.

Учтепа туманидаги 20-сонли мактабгача таълим муассасаси мудираси Н.Исаева жамоа ўртасида шундай ҳолатни келтириб чиқаргани учун унга нисбатан хайфсан жазо чораси қўлланди», дейилади хабарномада.

Боғча мудираси хайфсан билан қутилиб қолганига изоҳ берилган.

«Н.Исаева 2016 йилнинг май ойида ушбу боғчага мудиралик лавозимига тайинланган. Қисқа муддат бўлишига қарамасдан боғчадаги шарт-шароитлар яхшиланишида бош-қош бўлган. Мазкур нохуш ҳолатнинг олдини олиш мақсадида, мудира Н.Исаева бир неча бор тарбиячи С.Раҳматуллаевани огоҳлантирган ва ишдан бўшаш тўғрисидаги аризани ёзишни талаб қилган. Аммо тарбиячининг «юқори» органларда фаолият кўрсатаётган қариндошлари мудира Н.Исаевга босим ўтказишган. Бу борада ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар ўз хулосаларини беради деган умиддамиз», дейилган хабарда.

«Мактабгача таълим вазирлиги ушбу ҳолатга бефарқ бўлмаган фуқароларимизга ўз миннатдорчилигини билдиради. Айнан жамоатчилик томонидан бонг урилган мазкур ҳолат бизнинг тезкор муносабатимизга сабаб бўлди.

Яна бир маълумот, тарбияланувчи М.А.нинг ота-онаси бу ҳолат юзасидан ички ишлар идораларига шикоят қилишган. Мактабгача таълим вазирлиги воқеалар ривожини кузатиб боради, ва С.Раҳматуллаевага ўхшаган ходимларнинг тизимда ишлашига йўл қўймайди.

Собиқ тарбиячи С.Раҳматуллаева уч фарзанднинг онаси бўла туриб, ўз касбига шу қадар садоқатсизлиги барчани таажублантириши табиий ҳол. Энг муҳими, ҳар бир тарбиячи, аввало, она ва аёл эканлигини ёдда тутиши лозим. Мазкур ҳолат оилада ҳам мактабгача таълим муассасида ҳам бўлиши мумкин эмас. Шундай экан, бу нохуш ҳолат бошқаларга ҳам ўрнак бўлишига умид қиламиз», дейилади Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати хабарида.

Мавзуга оид