Ўзбекистон | 20:20 / 12.01.2018
20786
5 дақиқада ўқилади

Видеоселекторда Ташқи ишлар вазирлигининг ўтган йилдаги фаолияти танқидий таҳлил қилинди

11 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари фаолияти таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, унда Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони вакиллари, ҳукумат аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, вилоятлар ҳокимлари, Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа вазирлик ҳамда идоралар раҳбар ходимлари иштирок этди.

Ўтган давр мобайнида чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш, хорижий давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш борасида сезиларли натижаларга эришилгани қайд этилди.

“Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида Марказий Осиё – бош устувор йўналиш” тамойили изчил ҳаётга татбиқ этилиши минтақада мутлақо янги сиёсий муҳит яратиш, ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик асосидаги алоқаларни мустаҳкамлаш имконини берди. Шу асосда сувдан оқилона фойдаланиш, чегара, транспорт қатновини қайта тиклаш ва кенгайтириш каби кўплаб нозик масалаларга ечим топилди.

Россия ва бошқа МДҲ мамлакатлари, Хитой, АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, Европа ва Осиёдаги бир қатор давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик сезиларли даражада мустаҳкамланди. БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ, ИҲТ ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар билан шериклик муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.

Халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда. Тошкент шаҳрида Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг офиси қайта иш бошлади. Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Осиё инфраструктура инвестициялари банки билан ҳамкорликни янгича асосда йўлга қўйилди.

2017 йилда 200дан ортиқ халқаро шартномалар, шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида қиймати қарийб 60 миллиард АҚШ долларига тенг келишув ва битимлар имзоланди.

Бундай салмоқли ишларда Ташқи ишлар вазирлиги ҳам муҳим ўрин тутгани таъкидланди.

Йиғилишда Ташқи ишлар вазирлиги, унинг муассасалари, мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарининг 2017 йилдаги фаолияти танқидий таҳлил қилиниб, 2018 йил ва яқин истиқболдаги устувор вазифалари белгилаб олинди.

Президент Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида Ташқи ишлар вазирлигининг барча йўналишлардаги фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш зарурлигини таъкидлади. Бунда, аввало, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни экспорт қилишни қўллаб-қувватлаш, мамлакатимиз саноати ва инфратузилмаларини модернизация қилиш учун хорижий инвестициялар, илғор технологиялар ҳамда илм-фан ютуқларини фаол жалб этиш, юртимизга сайёҳлар оқимини кенгайтириш бўйича тизимли иш бориш керак. Элчилар ва барча даражадаги дипломатлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг янги босқичида фаол қатнашишлари лозим.

Шавкат Мирзиёев хорижий давлатлардаги элчилар фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш ва оптималлаштириш, вазирлик ва унга қарашли муассасалар ташкилий-штат тузилмасини такомиллаштириш, соҳага замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш зарурлигига эътибор қаратди.

Президентнинг Давлат маслаҳатчиси О.Муродов бошчилигидаги Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари фаолиятини танқидий ўрганиш ҳамда тубдан такомиллаштириш бўйича комиссия Ташқи ишлар вазирлиги тизимидаги ҳар бир ходимнинг ишига холис баҳо бериши, мавжуд камчиликларни таҳлил қилиб, уларни бартараф этишга оид аниқ таклифлар киритиши лозим бўлади.

Ташқи ишлар вазирлиги тузилмасида ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, экспортни қўллаб-қувватлаш ва инвестициялар жалб этиш, туризмни ривожлантириш, ҳукуматлараро комиссиялар фаолиятини котибият сифатида мувофиқлаштириш, хориждаги ватандошларимиз ва фуқароларимиз билан ишлаш бўйича ихтисослашган бўлинмалар ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди. Йиғилишда бугун қўйилаётган вазифалар дипломатик хизматни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг самарали тизимини шакллантиришни талаб қилаётгани ҳам қайд этилди.

Мамлакатимизнинг хориждаги ҳар бир дипломатик муассасаси амалий фаолияти атрофлича кўриб чиқилди ва танқидий баҳоланди, яқин истиқболда ташқи сиёсий фаолият юритишнинг аниқ йўналишлари белгилаб берилди.

Мавзуга оид