Фан-техника | 18:18 / 13.01.2018
31085
2 дақиқада ўқилади

General Motors ҳеч ким кутмаган автомобилни тақдим этмоқчи

Фото: General Motors

Американинг энг йирик автомобиль корпорацияси General Motors ўзининг бутунлай ҳайдовчисиз автомобилини келаси йили чиқариши мумкин. Бу АҚШ транспорт департаменти корпорация томонидан тақдим этилган ва бундай автомобиль хавфсизлигини тасдиқловчи ҳужжатларни маъқуллайдиган бўлсагина юз беради. Таъкидлаб ўтиш жоиз, автомобилнинг ўзига хос жиҳати ҳайдовчи учун бошқарув тизими элементларининг умуман йўқлиги бўлади.

General Motors нафақат автономлик даражаси 4 бўладиган ҳайдовчисиз автомобили қандай кўринишга эга бўлишини кўрсатди, балки давлат тузилмасига умумий йўлларда Chevy Bolt электрмобилининг бутунлай симсиз версиясидан фойдаланиш бўйича мурожаат юборганини хабар берди. Агарда бу маъқулланса, автомобиль АҚШ йўлларида 2019 йилда пайдо бўлиши мумкин. Компанияга кўра, у «истеъмолчилар синфи учун биринчи транспорт воситаси бўлиб, аввалига умумий йўлларда хавфсиз ҳаракатланиш учун яратилган, шунингдек, ҳайдовчи иштирокини назарда тутмайди ҳамда руль бошқаруви, тепкилар тизимига эга эмас».

Таъкидланишича, Cruise AV General Motors Калифорнияда ҳозирги кунда синаб кўраётган бошқа моделлардан катта фарқ қилади. Унда бошқарув органлари ва ҳаттоки тугмалар йўқ. Бироқ, марказий консоль ўртасида жойлашган катта сенсорли дисплей бор, у инсонга керакли ҳаракатланиш йўналиши ва борадиган жойни танлаш имконини беради. Бу автомобилда сиз қаерда ўтирганингизга қарамай, ўзингизни 100 фоизга йўловчи сифатида ҳис қилишингиз мумкин. Автомобиль эшикларни ҳам мустақил равишда очиб, ёпади.

Engadget порталининг таъкидлашича, Cruise AV’га ўхшаш ҳайдовчиси автомобиллар барча федерал хавфсизлик стандартларига жавоб бермайди. Бироқ автомобиль ишлаб чиқарувчилари бундай техникани йўлларда ишлатишга имкон берувчи квотани олишга мурожаат юборишлари мумкин. 

Баъзи автомобиль ишлаб чиқарувчи ва транспорт компаниялари ўтган йили бирлашди ҳамда ҳукуматга белгиланган стандартлар ва қоидаларни ўзгартириш масаласи билан чиқишди.

Мавзуга оид