Ўзбекистон | 13:30 / 14.01.2018
33618
2 дақиқада ўқилади

АҚШ элчиси Шавкат Мирзиёевга таъриф берди

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен «Америка овози» телерадиоси мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга таъриф берди.

Мухбир Навбаҳор Имамова элчи Памела Спратлендан «АҚШ Марказий Осиёда интеграцияни тарғиб қилиб келгани, Ўзбекистон ҳукумати эса одатда қарши томон сифатида қаралгани, янги президент Шавкат Мирзиёев эса интеграцияга етакчилик қилаётгани кўриниб тургани», ҳақидаги фикрларга муносабатини сўраган. 

«Шундай, Шавкат Мирзиёев бу борада етакчилик қиляпти.

Президент Мирзиёев жуда очиқ одам, назаримда. Раҳбарликка келиши биланоқ бу кўзимга ташланди. Одамлар билан яқиндан очиқ мулоқот қилишни хоҳлайди, сизни қунт билан тинглайди. Гаплашаётганда сиз томон эгилади. Президент Трампнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Лиза Куртис билан учрашганида ҳам шундай мулоқот қилди.

Барча учрашувларда шуни кўраман. Давлат котиби ўринбосари Томас Шеннон ҳам 2016 йил келганида жуда очиқ гаплашди. Ғояларни олқишлайди. АҚШдан, Европадан, Жанубий Кореядан... Бу жуда яхши, назаримда. Кўп жиҳатдан ташқи дунёга ёпиқ турган давлатнинг ҳаммага очиқ эканини кўрсатмоқда.

Энди бу реал маънода нимани англатади, буни вақт кўрсатади, лекин «биз ҳамма билан ишлашга шаймиз» деб туришнинг ўзи ҳам катта ўзгариш», дея элчининг сўзларини келтирган ЎзА.

Элчи Шавкат Мирзиёевни яқиндан бирга ишлаш мумкин бўлган раҳбар сифатида кўришини тасдиқлаган.

«У билан очиқ гаплашса бўлади, деб ўйлаймиз. Давлатини янгича йўлдан олиб боришга тайёр раҳбар деб ҳисоблаймиз. Бу дегани Мирзиёев билан яқиндан ишлай оламиз», дея давом этган элчи.

Мавзуга оид