Ўзбекистон | 11:29 / 16.01.2018
6487
2 дақиқада ўқилади

Ходимларини ички туризмни ривожлантиришга жалб қилганлар учун солиқ бўйича енгилликлар берилади

Ходимларини Ўзбекистон бўйлаб ички туризмни ривожлантиришга жалб қилган иш берувчилар учун солиқ тўлаш шарти енгиллаштирилади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида Туризмни ривожлантириш қўмитаси раҳбари Азиз Абдуҳакимов  маълум қилди.

Фото: KUN.UZ

"Хорижлик сайёҳларни замонавий, беш юлдузли меҳмонхоналар эмас, балки шу юртнинг урф-одатлар, анъаналари акс этган миллий меҳмон уйлари кўпроқ қизиқтиради. Шу сабабли узоқ ҳудудлардаги, сайёҳлар оқими кам бўлган нуқталардаги ички туризмни ривожлантиришга катта эътибор каратиш лозим. Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган кадрлар, ишчиларни ҳам ички туризмни ривожлантиришга жалб қилиш керак. Мисол учун қайсидир компания ходими Нукус шаҳрига ёки Сурхондарёга борса, чекка ҳудудларнинг иқтисодиётини ривожлантиришга оз бўлса ҳам ўз ҳиссасини қўшган бўлади. Шунингдек, у юртимизнинг тарихий қадамжолари, янги масканларини ўзида кашф қилади. Фарзандлари, дўстлари, яқинларига саёҳати ҳақида сўзлаб беради.  Шу тариқа у ички туризмимиз ривожланишида бевосита кўмаклашади", деди у.

Қўмита раҳбари агротуризм ривожи ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. 

"Биз чекка ҳудудларда, тоғли туманларда завод, фабрикалар қура олмаймиз, бироқ у ерда экотуризм, агротуризмни ривожлантирсак бўлади", дея қўшимча қилди Азиз Абдуҳакимов.

Эндиликда иш берувчилар ҳамда ишчиларга имтиёз яратган ҳолда янги тизим жорий қилинади. Иш берувчилар қўл остидаги ишчиларини ички туризм ривожига жалб қилгани учун сарфлаган харажатларини ўзининг солиқ базасидан айириб ташлаш имкони мавжуд бўлади. Бу бўйича  Президентнинг фармони ва иккита қарори тайёрланган бўлиб, тез орада бу нормалар амалга оширилади.

Феруза Авазова
Тайёрлаган Феруза Авазова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид