Спорт | 18:46 / 17.01.2018
10101
2 дақиқада ўқилади

ПФЛ мухлисларни стадионга қайтариш бўйича янги чора-тадбирларни амалга оширади

Фото: the-uff.com

Ўзбекистон Профессионал футбол лигасида Мухлислар билан ишлаш ва спорт тадбирларини ўтказиш бўлими ташкил этилди, деб хабар беради ПФЛ сайти.

Мазкур бўлим ўз олдига футбол клубларининг мухлислар билан ишлаш фаолиятини такомиллаштириш, стадионларда мухлисларга яратиладиган шароитларни янада яхшилаш, мухлислар билан ишлашнинг янгича услубларини жорий этиш орқали, уларни стадионга қайтариш ҳамда футбол клублари мухлислари сафини янада кенгайтириш ишларини янги босқичга олиб чиқишни мақсад қилган.

Юқоридагиларни амалда тадбиқ қилиш мақсадида, Мухлислар билан ишлаш ва спорт тадбирларини ўтказиш бўлими вакиллари Республика бўйлаб футбол клублари мухлислари билан учрашишни режалаштирган.  

Шу муносабат билан, жорий йилнинг 17–20 январь кунлари Мухлислар билан ишлаш ва спорт тадбирларини ўтказиш бўлими ходимлари Фазлиддин Хожимуҳамедов ва Азиз Паттахов Фарғона ва Наманган вилоятларига ташриф буюриб, «Навбаҳор», «Нефтчи», «Цементчи» ва «Қўқон-1912» клублари мухлислари билан учрашади.  

Ташриф давомида Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси вакиллари мухлисларга ташкилот томонидан белгиланган вазифаларни етказади, ҳамда ишқибозларга яратилган шарт-шароитларни ўрганиб чиқади.

Ташриф якунида, футбол клублари томонидан мухлислар билан ишлашни такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Маъруфжон Асқаров
Тайёрлаган Маъруфжон Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид