Жамият | 16:10 / 18.01.2018
31556
2 дақиқада ўқилади

МХХ террорчилик ташкилоти сафига қўшилишни режалаштирган фуқароларни қўлга олди

Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари Ички ишлар вазирлиги ходимлари билан ҳамкорликда Сурия давлатидаги “Тавҳид ва жиҳод” террорчилик ташкилоти сафига бориб қўшилишни режалаштирган, Тошкент шаҳри Олмазор ва Юнусобод туманида истиқомат қилувчи 2 нафар Ўзбекистон фуқаросини қўлга олди.

Тергов ҳаракатларида аниқланишича, ушбу шахслар интернетдаги Facebook ижтимоий тармоғи орқали “Тавҳид ва жиҳод” ҳамда “Таҳриби толибон” диний-экстремистик ва террорчилик ташкилотларининг ғоявий раҳнамолари билан алоқа ўрнатган ҳолда Ўзбекистон фуқароларини жиҳод мақсадида ҳижрат қилишга даъват этиб келишган.

Ушбу ғаразли ниятдаги ҳаракатлари эвазига эса улардан моддий ёрдам олиб туришган. Шу билан бирга, интернет орқали Ўзбекистон Республикасининг амалдаги конституцион тузумига қарши қаратилган ва қўпорувчилик ғоялари билан йўғрилган материалларни тарғиб қилиб келишган. 

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (“Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш”), 244.1-моддаси (“Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш”) ҳамда 244.2-моддаси (“Диний-экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш”) билан жиноий иш қўзғатилган. Шунингдек, мазкур шахслар таъсирига тушган 23 нафар Ўзбекистон фуқаросига нисбатан ҳам суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда. 

Мавзуга оид