Ўзбекистон | 23:00 / 19.01.2018
74128
5 дақиқада ўқилади

Ёғ-мой маҳсулотлари нархи асоссиз ошишига қарши қаратилган президент қарори имзоланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёғ-мой тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди. 

Қарорда Соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш ва кенг турдаги ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқарилишини кенгайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, мазкур тармоқдаги мавжуд тизимли муаммоларга барҳам бериш бозорни сифатли, хавфсиз, арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш ва бутун мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг энг муҳим шарти ҳисобланиши қайд этилган.

Шу билан бирга, таъкидланишича, хом ашё базасининг чеклангани, жумладан муқобил ёғ олинадиган экинлардан етарлича фойдаланмаслик ёғ-мой корхоналарининг мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини тўлиқ ишга солишни таъминлаш ва бозорнинг сифатли ёғ-мой маҳсулотларига бўлган талабини қаноатлантириш имконини бермайди. 

Ёғ-мой корхоналарида замонавий технологияларнинг паст даражада жорий этилганлиги ишлаб чиқариш фаолиятини лозим даражада назорат қилиш ва ҳисобини юритишга тўсқинлик қилмоқда, хом ашё ва тайёр маҳсулотларни талон-торож қилиш ҳолатларига, шунингдек, бошқа суиистеъмолчиликларга олиб келмоқда. 

Хом ашё ресурслари ва тайёр ёғ-мой маҳсулотларини тақсимлашнинг самарасиз ва замонавий бозор принципларига жавоб бермайдиган механизми кўп сонли чайқовчилик бўғинлари ва бозорда сунъий тақчиллик юзага келишига ҳамда оқибатда ёғ-мой маҳсулотлари нархининг асоссиз ўсишига олиб келмоқда.

Ёғ-мой тармоғини замонавий бозор механизмларини кенг жорий этиш асосида жадал ривожлантиришни таъминлаш ва ёғ-мой саноатини бошқариш тизимини такомиллаштириш мақсадида, шунингдек, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси вазифаларига мувофиқ чоралар белгиланган.

Қарор орқали маълум қилинишича, «Ўзпахтасаноатэкспорт» ХКга тегишли бўлган бўлган «Ўзпахтаёғ» АЖ устав капиталидаги улуш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 ноябрдаги «Пахтачилик тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–3408-сон қарорига мувофиқ давлат мулкига номинал қиймат бўйича ўтказилган.

Ёғ-мой маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг ресурс базасини кенгайтириш, ёғ-мой корхоналаридаги асбоб-ускуналарни модернизация қилиш, уларни ишлаб чиқариш жараёнини назорат қилиш ва ҳисобини юритишнинг замонавий тизимлари билан жиҳозлашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси ёғ-мой тармоғини жадал ривожлантириш бўйича «йўл харитаси» иловага мувофиқ тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлигининг шрот ва шелухани сотиш бўйича «Озуқа ем таъминоти» МЧЖ корхоналари тугатилади.

Кейинчалик саноатда қайта ишлаш учун мўлжалланган экстрактли пахта ёғи биржа савдолари орқали фақат «Ўзпахтаёғ» АЖ корхоналарига сотилиши ҳақидаги тартибни белгилаш тўғрисидаги таклифларига розилик берилади.

2019 йил 1 январга қадар муддатга ўсимлик ёғини ишлаб чиқарувчилар импорт ёғ-мой хом ашёси асосида ишлаб чиқарилган ҳажмлар бўйича қўшилган қиймат солиғи тўлашдан озод қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги ва «Ўздонмаҳсулот» АЖ билан биргаликда икки ой муддатда омухта ем ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади. Унда омухта ем ишлаб чиқариш юзасидан амалдаги қувватларни инвентаризациядан ўтказиш, омухта ем ишлаб чиқариш учун бозордаги эҳтиёж ва мамлакатда мавжуд бўлган ресурс базасини ўрганиш, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик секторлари бўйича омухта ем тайёрлашнинг илмий асослантирилган рецептураларини ишлаб чиқиш, маккажўхори ва бошқа бошоқли дон экинларидан, шунингдек, ёғ-мой, ун маҳсулотлари, спирт ва пиво ишлаб чиқаришдаги чиқиндилардан омухта емнинг замонавий саноат ишлаб чиқаришини ташкил этишни назарда тутилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бир ой муддатда чигитни қайта ишловчи ёғ-мой корхоналарини чигитни юклаш, қабул қилиш, сақлаш ва қайта ишлаш жараёнини реал вақт режимида кузатиш, жумладан хом ашё, ярим тайёр ва тайёр маҳсулотларни ўлчаш ва ҳисобини юритиш имконини берувчи автоматлаштирилган тизимлар билан, шунингдек, чигит, пахта ёғи, шрот ва шелухани ташийдиган юк автомашиналарининг ҳаракатланишини реал вақт режимида мониторинг қилиб бориш учун уларни замонавий GPS трекерлар билан жиҳозлаш бўйича чоралар кўради.

«Ўзпахтаёғ» АЖ Тошкент шаҳар, Шота Руставели кўчаси, 8-уй манзили бўйича жойлаштирилади.

Мавзуга оид