Жаҳон | 11:57 / 19.01.2018
18666
2 дақиқада ўқилади

Россиядаги яна бир мактабга ҳужум қилинди. Ўсмирлар ўқувчиларга болта билан ташланишган

Фото: Байкал-Daily

Россиянинг Бурятия Республикаси пойтахти Улан-Удэ шаҳридаги Сосновий бор ҳарбий посёлкасида икки нафар ўсмир ўрта таълим мактабига ҳужум қилишди. Улардан бири, дастлабки маълумотга кўра, 9-синф ўқувчиси болта билан қуролланган бўлган ва ўқувчиларга жароҳат етказган. Шундан сўнг еттинчи синф кабинетида ёнғин бошланган – ҳужум қилган шахс у ерга «Молотов коктейли»ни улоқтирган.

ФВВ маълумотларига кўра, ёнғин майдони 15 квадрат метрни ташкил этган, уни бир неча дақиқа ичида ўчиришган. Мактабдан тахминан 500 киши хавфсиз жойга кўчирилди. Дарслар бекор қилинган.

Ҳужум қилганларнинг ҳаракатидан камида беш киши жабрланди: 13 ёшдаги тўрт нафар еттинчи синф ўқувчиси болта билан жароҳатланган бўлса, ўқитувчи бош мия жароҳатини олган. Оловдан эса ҳеч ким жабр кўрмаган. «Интерфакс» хабарига кўра, ҳужум қилганлар қизлардан бирининг бармоғини чопиб ташлашган.

Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотга қараганда, ҳужум қилганлардан бири ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган. РФ Тергов қўмитасининг Бурятия Республикаси бўйича бошқармаси жиноий иш қўзғатди. Гумонланувчи қўлга олинди, унинг эҳтимолий шериклари қидирилмоқда. Mash маълумотларига кўра, мактабга икки эмас, балки уч киши ҳужум қилган.

Бурятия ҳукуматининг изоҳида айтилишича, ҳужумда уч киши иштирок этган – улардан бири қўлга олинди, икки нафари полиция томонидан қидирилмоқда. Ҳукумат маълумотларига кўра, ўсмирлар мактабга маҳаллий вақт билан соат 9:35да (Тошкент вақти билан 5:35) киришган ва ниқоблар тақиб олишган. Воқеа жойида прокуратура, армия қўмондонлиги, Тергов қўмитаси иш олиб бормоқда. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Пермь шаҳридаги мактабга ҳужум қилингани, 8 ўқувчи ва бир ўқитувчи пичоқ билан жароҳатлангани хабар берилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид